Россия-Ўзбекистон: Қизига даво излаб мигрант бўлган она ва умидвор фарзанд ҳикояси (видео)

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCuzbek
Image caption Ойдин

Москванинг хилватроқ кўчаларининг бирида орзулари ойдин Ойдин яшайди. У билан бирга опаси сабаб бўлиб 15 ёшида Москвага келиб қолган укаси ва шу фарзандларини оёққа қўйиш учун кундузи ошпазлик, тунда эса фаррошлик қилаётган ёлғизгина онаси ҳам бор.

Албатта бу - ижара уй, рус отахон ногирон невараси билан дори дармонига пул ортириш учун уйининг чордоғини ўзбекистонликларга ижарага берган. Чордоқнинг бир хонасида ўзбек оила, иккинчи хонасида бизнинг қаҳрамонларимиз билан яшайди.

Қашқадарёлик Хуршида Шодмонованинг Россияга ишлашга келганига 3 йилдан ошган. У мусофирликка қадар мактабда география фанидан дарс берарди.

- Шу қизим соғлигини тиклаши учун ишимни, жамоамни, уйимни ташлаб келдим. У ёнғоқ териш учун дарахтга чиқиб йиқилганида 12 ёшда эди. Шундан буён 5 марта операция бўлди. Ўқитувчилик маоши билан қизимни оёққа турғаза олмаслигимни тушуниб, Москвага келиб ишлашга мажбур бўлдим. Бу ерда шифокорларга учрадим, Ойдинойнинг юриб кетишига имкони борлигини билиб, фарзандларимни ҳам олиб келдим, - дейди Хуршида опа.

Умид

Ойдиной Вахобова 24 га кираяпти. Касаллик сабаб оёқлари ўсмай қолган, ташқи томондан сезувчанликни ҳам йўқотган. Аммо ички қисмида ҳали асаб толаларининг таъсирчанлиги бор.

Ўзбекистондалигимизда ҳар операциядан кейин йиринглаб кетади. Шина қўйилади, олинади. Йиринглайди. Тозаланади, боғланади, фойдаси бўлмагач, яна операция. Йиллаб тўшакка михланиб ётдим. Оғриқлар ичида яшадим. Йиринг тўпланиб ёрилиб ҳам кетарди. Охири 2015 йилдаги операцияда ичкарида тугун қилинган узун ип қолиб кетганлигини билишди. Бундан олдин ҳам ип қолиб кетиб қайта операция пайти олишганди, аммо у оддий ип, тугун эмасди, - ҳикоя қилади Ойдиной.

Хуршида опа Москвадаги шифокорлар Ойдиной вақтида тўғри даволанганида унинг юриб кетиш эҳтимоли жуда катта бўлганлигини айтишганини билдирди. Ойдинойнинг ўзи эса ногиронликни ҳанузгача қабул қила олмаяпти, касалликка таслим бўлгиси йўқ. У юришни истайди, юришга ҳаракат қилаяпти. Ҳар куни ижара уйидаги машқ ускуналарида шуғулланади, мустақил машқлар қилади.

Ҳаёт

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK
Image caption Машқ

Ойдиной отаси ҳам борлигини айтади. У қизини даволатиш учун Россияда ишлаб пул топаман, деб уйдан чиқиб кетган экан. Аммо Красноярск шаҳрига етиб бориб иш бошлайдию, аста-секин оиласи билан алоқани узади. Шундан буён оиланинг ҳамма юки ёлғиз онасининг зиммасига тушган. Ойдиной эса қўлидан келганича ёрдам беради: овқат қилади, озроқ бўлса-да, тикувчилик қўлидан келади.

Мирзиёев Россиядаги мигрантларни қадрлай бошладими?

Мирзиёев мигрантлар учун нима қилиб берсин?

Москвадаги ўзбек аёл: Россия демографиясини кўтарайлик!

Унга Москвадаги шифокорлар юриб кетиш умидини берган. Бироқ бу операция учун 2 млн рубл тўлаш лозим. Она-бола ижтимоий тармоқлар орқали бу маблағнинг чорак қисмини йиғишга муваффақ бўлишди, аммо қолганига имкон топмай қийналишаяпти.

- Жуда кўп қийналдик. Худодан сўраяпманки, қизим оёққа турсин. Мендан кейин бировнинг қўлига қараб қолгулик қилмасин. Унинг келажагидан ташвишдаман, - дейди Хуршида Шодмонова.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek