Ўзбекистон: Ташқи қарз ўсмоқда, инвестициядан дарак йўқ. Ҳозирча...

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident Matbuot Xizmati
Image caption Мирзиёев имзолаган ўн миллиардлаб доллар кредитлар ҳали Ўзбекистонга етиб келмаган

Марказий Банкка кўра, Ўзбекистоннинг соф ташқи қарздорлиги 2019 йил 1 январь ҳолатига 17,3 млрд. долларни ташкил қилган.

Регуляторнинг қайд этишича, бу 2017 йилга нисбатан икки баробар ёки 2,1 млрд АҚШ долларига кўп.

30 март куни эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, ўтган бир йил ичида мамлакат ташқи қарзи 9,5% га ёки 1,5 млрд. долларга ошган.

"Инвестиция киритайлик!" Нега инвесторлар кам келяпти?

Ўзбекистон: Tashkent cityнинг британиялик "ғалати" инвестори

"Ғарб сармоядорлари Ўзбекистонда Россия бизнеси устиворлигидан хавотирдалар"

Марказий Банкка кўра, ташқи қарзнинг ўсиши "давлат ривожланиш дастурларини молиялаштириш учун жалб қилинаётган янги қарздорликлар билан тушунтирилиши мумкин".

Ислоҳотлар учун олинаётган қарзлар

Регуляторнинг билдиришича, Ўзбекистон ислоҳотлар учун ташқаридан кредитларни фаол жалб этаркан, ташқи қарз ўсиш суръати жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилади.

Айни пайтда ташқи қарз тузилмаси ўзгарган - хусусий компанияларнинг ташқи қарзлари қарийб 1 миллиардга камайиб, $7,2 млрд долларни ташкил этган.

Ҳисоботга кўра, ташқи хусусий қарзнинг асоси қисми нефтегаз, энергетика соҳасига тўғри келади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ўзбекистон ислоҳотлар учун ташқаридан кредитларни фаол жалб этаркан, ташқи қарз ўсишда давом этади

Ўтган йили хусусий сектор 866,1 миллион доллар қарз олган, унинг катта қисми (588 миллион доллар) банкларга тўғри келади.

Нефтегаз соҳаси 76, тўқимачилик саноати эса 57 миллион доллар кредит олган.

Ташқи қарзнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги (48,6 миллиард доллар) улуши 35,6% га етган.

Ташқи қарзларнинг катта қисмини (88 фоиз) узоқ (10 йилдан кўп) ва ўрта (5 йилдан 10 йилгача) муддатга олинган қарзлар ташкил қилади

Инвестициялар камайди

Марказий банк ҳисоботида айтилишича, ўтган йили мамлакатга 624 млн доллар тўғридан-тўғри соф инвестиция келган.

Бу рақам 2017 йилга нисбатан 3 мартага камдир.

2018 йилдаги хорижий инвестицияларнинг ялпи ҳажми эса 1,8 млрд. долларни ташкил қилган.

Бу ҳам 2017 йилга нисбатан қарийб 1,5 баробарга (2,6 млрд. долл.) кам.

Марказий банкка кўра, бу тушиш асосан нефтегаз секторига инвестицияларнинг камайиши эвазига юз берган.

Регулятор инвестициялар оқимининг камайишини инвестиция репатрацияси ҳажмининг ошиши билан тушунтирмоқда.

Аммо таҳлилчиларга кўра, бу ҳукумат қабул қилаётган кўп сонли қарорларга қарамасдан, мамлакатда сармоя муҳитининг ҳануз яхшиланмаганини кўрсатади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek