Ўзбекистон: Россия пропагандаси кучаймоқдами?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия Президенти Владимир Путин Фото муаллифлик ҳуқуқи KREMLIN.RU

Россия оммавий ахборот воситалари Ўзбекистонга таҳдидлар ҳақида икки хабар тарқатди.

Бирида жанубда ўн минг қуролли жангари тўплангани ҳақида гапирилса, иккинчисида Ғарб Мирзиёев ҳукуматига қарши мухолифатни кучлантираётганидан огоҳлантириш янграйди.

Бу хавфлар ҳақидаги хабарлар нақадар асосли ва хавотирли?

Лондонда истиқомат қиладиган асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов фикрича, Кремль Марказий Осиё мамлакатларининг мустақил ташқи сиёсатини оғриқли қабул қилади.

Алишер Илҳомов: Бир томондан олиб қараганда, мамлакатнинг барча ҳудудини бирор бир гуруҳ тўлалигича ўзининг назоратига ололмаётгани учун Афғонистондаги вазият чиндан ҳам беқарорлигича қолмоқда. Лекин охирги пайтда музокаралар жараёни кучайгани кузатилди. Кўп йўналишли музокаралар Америка Қўшма Штатлари ва Толибон ўртасида ҳам бормоқда. Бунда Ўзбекистон ҳам дипломатик миссия бажармоқда: Толибон ва Кобулдаги ҳукумат расмийлари билан учрашувлар ўтказмоқда. Бу жараёнда Россия ҳам фаол иштирок этаяпти. Россия ҳам, ўзларининг баёнотига кўра, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш мақсадида Толибон билан музокаралар ўтказаяпти. Менга Россиянинг бу музокараларга қўшилиш истаги тинчлик ўрнатишдан кўра кўпроқ, Толибон билан мулоқот ўрнатиш бўйича АҚШ билан рақобатга киришиш, ўзини муҳим ўйинчи қилиб кўрсатишга ўхшаб кўринади. Мен Россиянинг "жанубий сарҳадлардаги вазият барқарорлашишидан манфаатдормиз" деган баёнотига шубҳа билан қарайман. Аксинча, ҳозир Кремль вазият таранглашишидан ва Марказий Осиё мамлакатларининг раҳбарларини чўчитиб қўйишдан манфаатдор, деб ўйлайман. Ҳозир Афғонистондан таҳдид мавжуд бўлса-да, Марказий Осиё мамлакатлари ва уларнинг суверенитетига асосий таҳдидни мен Кремлнинг бугунги сиёсатида кўраман. Бу нарса ўзининг исботини Украинадаги, Грузия ва Молдовадаги ҳодисаларда топган. Президент Путин бошчилигидаги Россия раҳбарияти Совет замонини қаттиқ қўмсайдилар ва Марказий Осиёдаги мамлакатлар ўзининг мустақил ташқи сиёсатини намойиш этишини оғриқли қабул қиладилар. Бу мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон ҳам мустақил ташқи сиёсат юритишига йўл қўймаслик учун мамлакатлар ҳукуматларини қўрқувга солиш билан уларга босим ўтказишга ҳаракат қилаяптилар. Шунинг учун, таҳдид кўпроқ кимдан - Кремлданми ёки Афғонистонданми, деган саволга жавоб бериш мушкул. Шундай бўлиши мумкинки, жанубда вазият беқарорлашади, деган қўрқитиш билан ўзи ўша конфликт келиб чиқишига сабабчи бўлиши мумкин.

Би-би-си: Россиялик генералнинг жанубий чегаралардаги вазият хавотирли экани борасидаги баёноти "Ғарб Мирзиёевга қарши мухолифатни жипслаштираяпти" деган мақола эълон қилинган вақтга тўғри келди. Ўзбекистонга тааллуқли бу икки "хавотир" бир вақтда янграётгани тасодифми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи vesti.uz

Алишер Илҳомов: Кремль Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб мамлакатлари, шу жумладан, АҚШ билан яқинлашишига йўл қўймаслик учун ҳар қандай имкониятни ишга солишга тайёр. Маълумки, ҳозир Россиянинг АҚШ билан муносабатлари анча таранг. Бу Тошкент билан Вашингтон, Тошкент билан Брюссел алоқалари яқинлашишига тўсқинлик қилиш, босим ўтказиш мақсадидаги навбатдаги уринишдир. Таъсир ўтказиш учун "юмшоқ куч"дан ҳам фойдаланмоқдалар, агар лозим топсалар, ҳарбий кучни қўллашдан ҳам тоймайдилар. Бу нарсани Тошкентда ҳам, минтақанинг бошқа пойтахтларида ҳам жуда яхши англайдилар. Кремль тез-тез ишга солиб турган "юмшоқ куч" деб аталадиган куч кўзланган натижани бермаса, янада радикал амалларга қўл уриши мумкинлигини Марказий Осиё раҳбарлари ҳам яхши биладилар. Ва ушбу "ўйин қоидаларини қабул қилиб ўйнашга" розилик билдирганлар. Ўзбекистонга тўғридан-тўғри ҳеч қандай хавф туғдирмайдиган конкрет ҳодиса ҳақида шундай мазмунда мақола эълон қилиш ҳам Кремль манфаатларига хизмат қилади. Муҳаммад Солиҳ Мирзиёев ҳукуматига ҳеч қандай таҳдид солаётгани йўқ. Аммо кремлпарастлар буни ҳукуматни Муҳаммад Солиҳга қарши қўйиб фойдаланмоқчи бўлдилар: "қаранг, сизнинг ички ишларингизга Ғарб аралашаяпти" деган мазмунда. Менинг билишимча, Муҳаммад Солиҳ Ғарб ҳукуматларида катта қўллаб-қувватловга эга эмас. Аммо мақола муаллифлари учун ўзларининг ёзаётганлари нақадар ҳақиқат ёки ёлғонлигининг аҳамияти йўқ. Улар учун энг муҳими, Ўзбекистон ҳукуматини яна бир бор қўрқитиб қўйиш ва унга босим ўтказишдир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ