Тошкент ИИББ ксенон фараларга қарши курашни фаоллаштирди

машиналар Фото муаллифлик ҳуқуқи Toshkent IIBB

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси йўлларда бошқа ҳайдовчиларни чалғитувчи, ўзбошимчалик билан ўрнатилган ксенон ва светодиод лампочкаларига қарши курашни фаоллаштирди.

Бошқарма матбуот маркази тарқатган хабарда айтилишича, сўнгги 28-29 март кунлари пойтахтда ўзбошимчалик билан ксенон ва светодиод лампочкалари ўрнатиб олган 47 ҳайдовчига нисбатан баённома тузилган.

Йил бошидан буён бу кўрсатгич 352 тани ташкил қилган.

"Қонунлар шунчаки пайдо чиқарилмайди: ЙҲҚга киритилаётган ҳар бир ўзгариш йўл ҳаракати хавфсизлиги талаби ҳисобланиб (сиз ва бошқалар учун), улар ачинарли статистикага асосланган", дейилади хабарда.

Бошқарма матбуот маркази хабарида, бу каби лампочкаларни машиналарга ўрнатиш оқибатида қанча йўл траспорт ҳодисаси содир қилингани борасида статистика бермаган.

Мақолада ксенон лампочкалар ёрқин кўринса-да, керакли натижаларни бермаслиги айтилган.

"Йўлларнинг кўриниши фақатгина ламочкаларга эмас, балки фара мосламаларига, шу билан бирга, ундаги нур қайтарувчи элементларга ҳам боғлиқ. Ҳар бир заводда фара/фонарлар маълум лампочка турларидан келиб чиқиб ишлаб чиқарилади. Ксенон ва галоген нурларида фарқ бор, айнан шу сабабли бошқа турдаги лампочка танлаб фаралар сифатини пасайтириб қўйиш мумкин", дейилади мақолада.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ёрқинроқ нур сочувчи ксенон ва светодиод лампочкаларини ўрнатиш урфга кирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook

Ижтимоий тармоқлардаги ҳаваскор ҳайдовчилар ушбу фаралар қарама қарши йўлдан келаётган ҳайдовчининг кўриш қобилиятини тушириб юбориши ва ғашига тегиши мумкинлигидан шикоят қилишган.

"Қоидалар фақатгина ҳайдовчиларнинг хавфсизлигидан келиб чиқиб эмас, бошқа ҳайдовчиларга нисбатан юзага чиқиши мумкин бўлган хавфни деб ҳам ўйлаб чиқилган. Фара йўлни ёмон ёритиб, яқин атрофда ҳаракатланаётган ҳайдовчиларнинг кўзларини олиши мумкин, бу эса йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши эҳтимоли бор", дейилади Тошкент шаҳар ИИББ хабарида.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 127-моддасига айтилишича, тегишли рухсат олмай туриб транспорт воситаларига товуш чиқарувчи ва ёритувчи махсус қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек давлат рақам белгиларини кўриш имкониятини чеклайдиган, уларни англашга тўсқинлик қиладиган турли ашёлар ўрнатиш ва қоплама суртиш, ана шу қурилмаларни мусодара қилиб, фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek