Ўзбекистон: Халқаро Ислом академияси рўмолни ўзбекона ўрашга рухсат берди

Академия қошидаги лицей, 2018 йилнинг сентябр ойи. Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media
Image caption Академия қошидаги лицей, 2018 йилнинг сентябр ойи.

2 апрелдан бошлаб халқаро Ислом академияси ва унинг қошидаги лицейда таҳсил олувчи муслималарга адрас рўмолни бўйин орқасидан ўраб келишга рухсат берилди. Академия ўз вебсайтидан рўмол муносабати ёзилган 7 та мақолани олиб ташлади.

"Бугун қизим лицейга борганида рўмолни ўзбекона қилиб, бўйин орқасидан ўраб кираверинглар, деб рухсат беришибди. Академияда ҳам шундай қилишибди. Бир кун олдин ҳам рўмолга умуман рухсат йўқ эди. Шанба куни академияга борганимда қизлар парик тақиб ўқишга кираётган эди", дейди талаба қизлардан бирининг отаси.

Рўмолни ўзбекона қилиб ўраш академиянинг расмий позициясими ёки раҳбариятдаги айрим шахсларнинг ташаббуси эканлиги ҳозирча аниқ эмас.

Бир неча Би-би-си манбасининг айтишича, 1 апрель куни академия ректори Шуҳрат Ёвқочев маъмуриятни тўплаб мажлис қилган.

Унда рўмол масаласи муҳокама қилинган, мажлисдан чиққан академия ва лицей масъуллари талабаларнинг олдига келиб адрас рўмолга рухсат берилгани айтган.

"Бугун ўқишимиз раҳбарияти кириб эртадан адрас матодан, орқадан ўраб келсанглар бўлади дейишди. Фақат адрасдан. Агар адрас матодан ўраб келишмаса ўқишга киргизишмасмуш", дейди академия қошидаги лицей талабаси.

Талабаларнинг айтишича, маъмурият рўмол ўрашга рухсатни ректор ва лицей директори ҳаракат қилиб эришганини таъкидлашган.

Халқаро Ислом академияси маъмурияти ушбу гапларни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Академияга яқин манбалар қизларга рўмолни орқадан ўраб келишга рухсат олдин ҳам суддан бир икки кун олдин берилганини айтади. Бироқ суд ўтиб бўлганидан сўнг яна олдинги тақиқ амал қилаверган.

Академия сайтидаги мақолалар ғойиб бўлди

Бундан ташқари Халқаро Ислом академияси расмий веб саҳифасидан олийгоҳнинг биринчи курс талабаси Луиза Мўминжонова ҳамда лицейда ўқийдиган яна бир қиз аризасига бўйича ўтказилган маҳкама натижаларига бағишлаб ёзилган мақолалар олиб ташланган.

Би-би-сига маълум бўлишича, 30 март куни академия проректори Баҳром Мамадиев ҳамда адвокат Абдувоҳид Яқубов ўртасида учрашув бўлиб ўтган.

Адвокат академия ушбу мақолаларда ўзига ва Луиза Мўминжоновага нисбатан "бўҳтон қилгани учун уларни вебсаҳифадан олиб ташлашни" сўраган. Ундан ташқари у академиядан расмий равишда кечирим сўрашни талаб қилган.

Луиза Мўминжонова Халқаро Ислом академиясига қарши Тошкент шаҳар судида ютқазганидан сўнг, академия сайти бу масалага бағишлаб 3 куннинг ичида 6 та мақола чиқарган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Screenshot
Image caption Академия ўчириб ташлаган мақоладан скриншот

Мақолаларда академияни судга берганлар, уларнинг тарафдорлари ҳамда бу масалани ёритган сайтлар қораланган.

Би-би-сига маълум бўлишича, талаба қизларнинг ҳуқуқини судда ҳимоя қилган адвокат Абдувоҳид Яқубов ушбу мақолаларда унга ва академия қарорига қарши чиққан талабаларга нисбатан бўҳтон қилинди, деб ҳисоблаб академияни яна маҳкамага тортмоқчи бўлган.

Жумладан, академия маъмурияти номидан ёзилган "Қонун устуворлиги - адолат мезони" номли баёнотда Абдувоҳид Яқубов судда ҳукуматни ўзгартириш йўлидан тўхтамаслиги айтгани ёзилади.

"Адвокат А.Якубов бу мавзуга доир яна бирон нималар ўйлаб топади. Буни ўзи ҳам суд залида бир неча маротаба баралла айтди. Агар бу судда академия ички тартиб қоидалари ва ректорнинг буйруғи ноқонуний, деб унинг даъвоси қондирилмаса халқаро майдонда мамлакат обрўси тўкилишини, республикада кўплаб норозилик намойишлари вужудга келишини, керак бўлса, қонунлар ва ҳукуматни ўзгартириш йўлида ҳаракатни тўхтатмаслигини эълон қилди", дейилади ҳозир ўчириб ташланган мақолада.

Бундан ташқари мақолаларда айтилишича, гўёки Абдувоҳид Яқубов судда академия ҳудудида рўмол ўрашни эмас, балки "ниқоб ўрашни" ҳимоя қилган.

Яқубов бу жумлаларни ўзи ва ҳимоясидаги қизларга нисбатан бўҳтон, деб ҳисоблаган.

Шунингдек, халқаро Ислом академияси 18 феврал куни чоп қилган "Ҳижобга иштиёқмандлик: танлаш эркинлиги ва қонун талаблари" номли баёнотини ҳам олиб ташлаган.

Луиза Мўминжонова ҳамда лицей талабаси академия ҳудудида рўмолга тақиқ бўйича Тошкент шаҳар суди қароридан норози бўлиб Олий судга шикоят қилган.

Бундан ташқари Абдувоҳид Яқубов 2018/2019 ўқув йили бошида бир гуруҳ қизларнинг рўмолини ечтириш учун қуёш тиғлари остида ушлаб турилгани юзасидан ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилган.

Бандан ташқари иккинчи куни талабалар 6 соат давомида бир хонадан чиқарилмасдан ушлаб турилгани ҳам айтилмоқда.

Адвокат академия маъмурияти шу йўл билан вояга етмаган шахсларни қийнаган, дея даъво қилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek