Ўзбекистон ниҳоят дунё давлатлари ичида биринчи бўлди

Носоғлом овқатланиш ҳар йили 11 миллион инсоннинг умрига зомин бўлмоқда. Яқинда ўтказилган йирик тадқиқот ана шундай хулосага келган. Нотўғри овқатланишдан вафот этаётган миллатлар рўйхатида эса Ўзбекистон биринчи ўринни эгаллаган.

Тадқиқотда Ўзбекистонда йилига ҳар 100 минг кишидан 892 нафари айнан нотўғри овқатланиш туфайли келиб чиққан хасталиклар оқибатида оламдан кўз юмиши айтилади.

Алоқадор мавзулар:

Нон ва палов ейиши зарарлими?

Паловни иситиб еб бўлмайдими?

Зулқарнайн тўйида қилинган қатламани ўрганинг

Шунингдек, қандай маҳсулот таркибида бўлмасин, одамлар ўлимига энг кўп сабаб бўлаётган модда - бу туз экани ҳам таъкидланган.

Қуйида энг кўп ўлимга олиб келувчи овқатланиш тартиби келтирилган:

•Ҳаддан зиёд ортиқ туз - уч миллион ўлим

•Жуда кам бошоқли донлар - уч миллион ўлим

•Жуда кам мева - икки миллион ўлим

Кам миқдорда ёнғоқ, дон, сабзавот ва денгиз маҳсулотлари истеъмол қилиш ҳам кишининг ўлимига сабаб бўлувчи энг йирик омил экани қайд этиб ўтилган.

Одамлар нега ўлмоқда?

Image caption Ўлдирса ҳам ош ўлдирсин мақоли бежизга айтилмаган, шекилли.

Овқатланиш тартиби билан боғлиқ 11 миллион ўлим ҳолатларининг 10 миллиони юрак-қон томир касалликлари туфайли юзага келади ва бу ҳолат, олимларга кўра, тузнинг нега бунчалик жиддий муаммо эканини изоҳлайди. Туз қон босимини ошириб, юрак хуружи хавфини орттиради.

Бошоқли донлар, мева ва сабзавотлар, аксинча, юрак-қон томир касалликлари эҳтимоли пасайтиради.

Шакар ва гўшт ҳам зарарми?

Сўнгги йилларда гўшт ва шакарнинг инсон саломатлиги учун зарари борасида юзага чиққан баҳслар тинмай келаётир.

«Кўрсатиб ўтилгандек, гўшт ва шакар ҳам саломатликка зарар етказиши мумкин, аммо уларнинг муаммоси аҳамияти бошоқли донлар, мева, ёнғоқ, ва сабзавотларнинг кам истеъмол қилинаётгани олдида анча кичикдир,» тушунтиради Вашингтон Университетидан профессор Кристофер Мюррей Би-би-сига.

Шу билан бирга тадқиқотда дунёда кўп истеъмол қилинадиган ширин ичимликларнинг ҳам хавотирли даражада зарарли экани аниқланган.

Қаерда аҳвол яхши?

Image caption Ўзбекистонда оқ нон кўп ейилади. Бу эса зарарли.

Ўртаер денгизи бўйида жойлашган давлатлар, айниқса, Франция, Испания ва Исроилда нотўғри овқатланиш туфайли содир бўладиган ўлимлар сони энг қуйи даражада экани айтилади.

Жанубий, Жанубий-Шарқий ва Марказий Осиёда эса аҳвол аксинча. Масалан, Исроилда носоғлом овқатланиш ортидан юзага келаётган ўлим ҳолатлари ҳар 100 минг кишига 89 тани ташкил қилса, рўйхат пешқадами бўлмиш Ўзбекистонда бу рақам 892 га тенг.

Хитой миллий таомларининг ажралмас қисми бўлмиш соя ва шўр соуслардаги тузнинг юқори миқдори ҳам олимларни ташвишга солмоқда. Хитой кўп туз истеъмоли туфайли вафот этаётган одамлар сони бўйича биринчи бўлган.

«Япония мисоли жуда қизиқарли. Японлар бундан 30-40 йил муқаддам худди хитойликлар каби кўп туз истеъмол қилар эди. Туз муаммоси ҳали ҳам мавжуд, аммо японияликлар ундан кескин воз кеча олганлар. Бундан ташқари улар мева ва сабзавотлар каби юрак касалликларидан ҳимоя қилувчи бошқа кўплаб маҳсулотларни ҳам истеъмол қиладилар,» дейди профессор Мюррей.

Нима қилмоқ лозим?

Image caption Мавсум пайти Ўзбекистонда мева-сабзавот арзонлаб кетади.

Профессор Мюррей шундай маслаҳат беради: «Вазнингиз қанча бўлмасин, парҳезга риоя қилиш доимо муҳим.»

«Одамлар бошоқли донлар, мева, ёнғоқ ва сабзавотларни имкон қадар кўпроқ истеъмол қилиш, кундалик озиқланишдаги туз миқдорини камайтиришга интилиши лозим.»

Бироқ бундай овқатланиш тартибига ўтишга пул муаммоси халал бериши мумкин.

Қашшоқ мамлакатларда кундалик мева ва сабзавот ейиш учун оила даромадининг ўртача 52 фоизини сарфлашга тўғри келиниши тахмин қилинади.

Шу сабабдан тадқиқотчилар соғлом озиқ-овқат маҳсулотларининг нархини тушириш лозим, демоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek