Муносабат: Ўзбекистон, Марказий Осиё Россия пинжига кириб кетаяптими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Ўзбекистон, Марказий Осиё Россия билан масофа сақлаган ҳолда сиёсат олиб бориши керак.

Ўрта Осиё Хитой ва Россия ўртасидаги "разменная монета", бир-биридан тортиб олишга ҳаракат аллақачон бошланган.

Агар, туркий миллатлар бирлашишса, Россия, Америка ва Хитойининг ҳам керак бўлмайди.

Россия қудратли давлат, Марказий Осиёда ҳаммага ёрдам кучи...

Бу ўзбекистонликлар шу кунларда билдирган фикрлар бўлади.

Айни мавзунинг яна кун тартибига чиқиши, муҳокама мавзусига айланишига Қозоғистон янги президентининг куни-кеча Россияга қилган расмий ташрифи сабаб бўлган.

Қосим-Жўмарт Тўқаев 3 апрел куни ўзининг илк хорижий ташрифини Москва, Россиядан бошлаган.

Унинг бу қарори Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам эътиборидан четда қолмаган.

Путин Қозоғистон янги раҳбарининг бу ишидан ўзларининг қанчалик миннатдор эканликларини расман ва ошкора баён қилган. Бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтган.

Миннатдорчилик изҳороти Қозоғистон янги президентининг ҳозирлигида, Москвадаги музокаралар ортиданоқ янграган.

19 март куни мустақил Қозоғистоннинг узоқ йиллик биринчи президенти Нурсултон Назарбоев кутилмаганда ўз ваколатларини топширган.

20 март кунидан бошлаб Тўқаев Қозоғистон президенти вазифасини бажаришга киришганди.

Россияга илк хорижий расмий ташриф ва миннатдорчилик сўзлари Кремлнинг сўнгги йилларда кучайиб бораётган империалистик амбициялари манзарасида кузатилган.

Марказий Осиё ва ИШИД: Россия Ўзбекистонни қўрқита олмайди

Россия, Марказий Осиё ва ИШИД: Ислом Каримов ўлими Россия учун қулай сиёсий фурсатми?

Энди Марказий Осиё ва Россия учун 'таҳдид' бироз аридими?

Минтақавий экспертларнинг АҚШ билан геосиёсий рақобат манзарасида расмий Москва, президент Путин, айниқса, Марказий Осиё давлатларини қайта ўзининг сиёсий орбитасига тортиш ҳаракатида эканига оид баҳолари фонида рўй берган.

Устига устак, Қозоғистон собиқ президентининг хосан охирги йилларда шимолий қўшниси Россиядан имкон қадар масофа сақлаш, ўз ташқи сиёсатини Ғарб билан янада мувозанатлаштириш, янада қутблаштириш ҳаракатлари ортидан бўй кўрсатган.

Худди шу боис ҳам, сўнгги воқеълик аксарият таҳлилчилар диққат-эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Катта геосиёсат бўладими, кичик минтақавийси, буларнинг барчаси нимани англатишига оид саволлар ўртага отилган.

Бу хусусда ўз фикрларини билдирган, ўз қарашлари билан ўртоқлашган ўзбекистонликларнинг сонлари ҳам оз бўлмаган.

Биргина Би-би-си Ўзбек Хизматининг ижтимоий мулоқот тармоқларидаги аккаунтларида улар қолдирган комментарийларнинг сони ўтган уч куннинг ўзида бир неча ўнга етган.

Муносабат

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

- Ўрта Осиё Хитой билан Россия ўртасидаги "разменная монета", бир-биридан тортиб олишга ҳаракат аллақачон бошланган, ким кўп ўзига қарам қилиб олишга, молия, савдо томондан боғлаб олиш кўпроқ кетяпти. Лекин Россиянинг "влияниеси" камайиб боряпти, - деб ёзган mr_umaroff.

- Яқин йилларда Путин СССРни тиклайман, деб қолса ажабланмайман, - деган farhodtajibayev.

shakhrukhdjurayev нинг ёзишича, "Markaziy Osiyoning biron bir davlatiga nimadir bo'lsa yoki kerak bo'lsa, Amerikaga chopib bormaydi-ku yoki so'ramaydi-ku. Albatta bu to'g'ri qaror va buni bo'rttirish shart emas, chunki Rossiya qudratli davlat, hammaga yordam kuchi Markaziy Osiyoda.

murodbek0220 га кўра, "Ro'ssiya avtoritar rejimdagi va bosqinchi davlat, iloji boricha bu davlat bilan iqtisodiyot va tashqi siyosatni uzoqroq ushlash kerak".

- Россия, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон - бу давлатлар қўшни ва муносабатлари қардош халқлар, оралари ҳеч қачон бузилмасин. Дўстлик абадий бўлсин!!!, деб ёзган temur6768

abbos1547, "Ўрта Осиё давлатлари авваламбор бирлашиши керак. Россия билан масофа сақлаган ҳолда сиёсат олиб бориши керак", деган фикрда.

khabibullo_kosimov ҳам худди шу каби қарашлари билан ўртоқлашган.

- O'rta Osiyo davlatlari birlashishi kerak xuddi Xitoy kabi, Rossiya Xitoyga hozirgi kunda hech qanday bosim qilolmaydi, aksincha Rossiya va Xitoy O'rta Osiyoning tarqoq davlatlarini xohlagandek boshqaryapti, bu narsaga tarix isbot, Rossiya imperyasi tarqoq O'rta Osiyoni osonlik bilan bosib olgan, degan u.

rbakhtiyarovich эса, "Jaaa yaqin bo'libam ketish kerakmas, jaa uzoqlashibam. Amerika bilanam, Xitoy bilanam, Rossiya bilanam masofa ushlab turish kerak. Bilmadimu, negadir, Markaziy Osiyo davlatlari ko'proq Rossiyaning pinjiga kiradi, "Haaa", desa, o'sha yoqqa chopib", деб ёзибди.

carszver_2019 га кўра, "Хитой хавфли давлат, ер майдони кам, аҳолиси эса ҳаддан зиёд кўп, уларга ишониб бўлмайди, озгина"повод" берилса, ўз юртингда ўзингни қарам қилади улар. Россия эса ҳозирги кунга келиб фақат ҳамкорлик ва дўстликни мустаҳкам ҳолда ушлаб туриш билан овора, чунки Марказий Осиёни қўлдан бой берса, жуда катта йўқотиш бўлади улар учун".

- Rossiya bu bizning qardosh davlat desa ham boʻladi, biz Rossiya davlati bilan hamisha aka-ukalardek iliq munosabatdamiz, chunki bugungi kunda butun dunyo boʻyicha tinchlikni yoqlab, bizni doimo "podderjka" qilib kelayotgan eng qadrdon doʻstimiz, desam mubolagʻa boʻlmaydi... Agar, qandaydur noqobil soʻzlar bilan fikr bildirgan boʻlsam, umid qilaman, bu ojiz xatoyimni afv etgaysizlar, дебди bahrom_sadriyev.

murod1398, "O'rta Osiyo allaqachon Rossiya ta'sir doirasida, bu davlatdan uzoqroq bo'lgan yaxshi, uning o'rniga, G'arb bilan yaqinlashsak, o'zimizga yaxshi bo'lardi", деган фикрда.

abbos_8777, "Agar, Turkiy Millatlar birlaşsa, Rossiyasi, Amerikasi, Xitoy ham kerak emas", дейди.

firdavs841 эса, "Bizning o'zbeklar shu yerda ishlab, to'ylar qilib, uylar qurmoqda, bbc, ming yozganlaring bilan ne foyda", деб фикр қолдирибди.

Расмий Тошкент ва расмий Москва

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Ўзбекистоннинг 2016 йил 14 декабр куни расман қудратга келган амалдаги президенти Шавкат Мирзиёев ўзининг хорижга дастлабки икки давлат ташрифини бир ойнинг ичида икки қўшни минтақа мамлакати - Туркманистон ва Қозоғистонга амалга оширган.

Бу воқеълик ҳам ўшанда кўплаб сиёсий таҳлилчиларнинг эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Сафарлар расмий Кремлнинг Ўзбекистон янги раҳбарининг илк давлат ташрифи айнан ўзларига, яъни Россияга бўлажагига оид ишончли ва ошкора баёнотлари манзарасида амалга оширилган.

Ўзбекистон янги президенти сифатида расман қасамёд келтириши ортидан кечган қарийб уч ой вақт давомида эса, Шавкат Мирзиёев илк давлат ташрифининг айнан қай бир мамлакатга амалга ошиши саволи очиқ қолган.

Бу сўнгги пайтларда, ҳатто, таҳлилчилар қолиб, аксарият минтақа нашрларининг диққат-эътиборларини ўзига тортган асосий мавзулардан бирига айланган, вакилларининг чиқишлари ва ёки баёнотларига таяниб, бу давлатлар сифатида Россиядан ташқари яна Туркманистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳам тилга олинган.

Мавжуд воқеълик, бошқа томондан, Ўзбекистоннинг Россиядан тортиб минтақа давлатлари билан осон кечмаган ва бўлмаган ташқи сиёсатига яна бир бор далолат қилмай қолмаганди.

Россиялик таҳлилчилар буни "Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёв даври ташқи сиёсатини ифодаловчи яхшигина белги бўлиши"га йўйишган.

Аммо ўшанда минтақавий таҳлилчилар бундан жуда узун, узоқ ва жиддий геосиёсий хулоса чиқаришга ҳали эрта эканини таъкидлашганди.

Омиллар

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Марҳум президенти Ислом Каримов бошқаруви билан кечган чорак асрдан кўпроқ вақт давомида эса, мустақил Ўзбекистон Туркманистон билан бирга, айрим таҳлилчилар наздларида, ҳануз "катта оға" сифатида баҳо топиб келувчи Россиянинг таъсиридан холи ташқи сиёсат юритиш, расмий Кремлдан муайян масофа сақлашга ҳаракат қилаётган саноқли собиқ Шўро давлатларидан иккиси бўлишади.

Ўзбекистоннинг Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти истисно, Россия етакчи ўрин тутувчи ҳарбий-сиёсий блоклар ва иқтисодий иттифоқлардаги иштироки ҳам, йилларки, таҳлилчилар наздларида алоҳида эътибор топиб келган мавзулардан бири бўлган.

Яъни, Туркманистон каби нейтрал давлат эмаса-да, Ўзбекистон бу каби ташкилотларга умуман бош қўшмаган ва ёки уларга аъзолиги ҳеч қачон давомий бўлмаган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, эга бўлган иқтисодий потенциаллари, вақтида Россиянинг ҳарбий ҳозирлигидан халос бўлишгани ва Россияга бевосита чегарадош эмасликлари икковлонга бу каби имкониятни берган.

Россиянинг таъсиридан бу каби холи эканликлари эса, ҳам Ўзбекистон ва ҳам Туркманистонга нисбатан мустақил ташқи ва ички сиёсат олиб боришларига асос берган.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг бундан қарийб уч йил бурунги кутилмаган вафоти бундан буёғига расмий Тошкентнинг Россия билан муносабатларида илиш кузатилишига оид янги башоратларга замин яратган.

Унинг дафн маросимида иштирок этиш учун аввалига Россия Бош вазири, кейин Ўзбекистон марҳум президентининг руҳига ўз ҳурматларини бажо келтириш мақсадида президенти Владимир Путин Самарқандга ташриф буюришган, ўша пайтда мамлакат муваққат президенти бўлган Шавкат Мирзиёев билан учрашиб, мулоқотлар ҳам олиб боришган.

Бунинг ортидан, айнан Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни 4 декабрь кунги муддатидан илгари ўтказилган Ўзбекистон президент сайловидаги ғалабаси билан қутлаган ва ўзларига сафар қилиш учун таклиф қилган биринчи хорижий давлат раҳбари бўлган.

Россия томони расмий Тошкентнинг бу таклифни хушнудлик билан қабул қилганлигини баён қилган.

Минтақавий экспертлар Ўзбекистон янги президентининг Россия раҳбари билан яхши алоқаларга эга асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов билан қудачилик ришталарини ҳам назарда тутиб, эндиликда расмий Тошкентнинг ташқи сиёсатида россияпараст оҳанглар кучайишини башорат қилишган.

Расмий баёнот

Фото муаллифлик ҳуқуқи kremlin.ru

Аммо буларнинг барчаси Шавкат Мирзиёев ҳали Ўзбекистон муваққат президенти экан, ташқи сиёсатда марҳум Ислом Каримов "концепциясига содиқ қолишлари"ни баён қилган бир манзарада кузатилган.

Устига устак, Ўзбекистон муваққат президенти бундан буёғига ҳам ўзларининг кўпқутбли сиёсат олиб боришларига ишора қилганди.

Аксарият сиёсий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, жорий пайтда сонлари расман икки миллионга яқин экани ва ҳар йили ортга миллиардлаб доллар пул жўнатиб туришлари айтилувчи меҳнат муҳожирлари Ўзбекистонни Россияга боғлаб турган ягона омил бўлади.

Аммо айни муаммо, сўзсиз, ўзининг расман ечимини топишини алоҳида таъкидларкан, Россия ўзининг бу каби четдан келган меҳнат муҳожирларига эҳтиёжи қанчалик катта эканини назарда тутиб, айни омил ҳам расмий Кремль учун Ўзбекистонга босим ўтказиш воситаси бўла олмаслиги фикрида бўлган таҳлилчилар оз эмас.

Бошқа томондан, айрим сиёсий таҳлилчиларга кўра, бу масалада Россияга Афғонистондан келувчи таҳдид, яъни минтақавий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар ва Хитой билан бирга ўзи етакчи ўрин тутувчи Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам иш бермайди.

Уларнинг айтишларича, бу ташкилот асосан Хитой учун ўз иқтисодий, савдо-сотиқ, транспорт лойиҳаларини амалга ошириш, Россия учун эса, Хитойнинг мавқеини заифлаштириб, ўзининг геосиёсий мавқеини кучайтириш мақсадида керак.

Афғонистон масаласида расмий Тошкент аввалбошдан уларнинг ички ишларига аралашмаслиги, афғон можароси тинч йўл билан ечим топиши тарафдори эканини таъкидлаб келади ва таҳлилчилар ўз баҳоларида Ўзбекистоннинг айни шу мавқеига алоҳида урғу беришади.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, геосиёсий масалаларда, Россиянинг минтақавий, постсовет ҳудудидаги лойиҳаларига келганда, Шавкат Мирзиёев даврида ҳам Каримовнинг сиёсати давом этиши мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek