Мирзиёев: Ўзбекистон Исломдан кейинги тарихини қайта ёзади

Президент Шавкат Мирзиёев ёшларнинг исломий таълимдан узоқ қолганини "фожиа" деб атаган.

Бу ҳақда у 6 апрель куни Термиздаги "Султон Саодат" мажмуасини зиёрат қилиш чоғида гапирган.

"Очиқ айтсак, одамларни тарбиясига Ислом-нурлигини сингдиролмадик. Фожиамиз мана шу ерда", - деган Президент.

Шавкат Мирзиёев: Ислом ва Каримов ўртасида

Мирзиёев: "Биз Ислом динини ўрганишга шароит яратмадик"

Мирзиёев ал-Хоразмий ҳақида Би-би-си лавҳасини тилга олди

Унинг айтишича, ўтмишда Исломий цивилизация марказларидан бўлган Ўзбекистон охирги ўн йилликларда Ислом меъросини ўрганишда дунёдан орқада қолиб кетди.

"Араб тилини ҳам ўргатолмадик", - дея таассуф изҳор қилган Президент Сурхондарёга сафари чоғида.

Унинг айтишича, Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилганини илмий асослаб бериш учун ҳам ёшларга араб тили, Қуръон ва исломий меъросни ўргатиш керак бўлади.

"Ҳар йили ўнтагина мўмин-мусулмонни тарбия қилолсак, тасаввур қилинглар, муҳит қандай ўзгаради", деб айтган Шавкат Мирзиёев.

Тарих қайта ёзилади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Ислом тарихини қайта тиклаш, Ислом минтақага ёйилишни бошлаган VIII асрдан бошлаб тарихни қайтадан ёзиб чиқишни таклиф қилган.

"Энди вақт-соати келди, саккиз юзинчи йилдан бошлаб мана шу тарихни тикласак-да, одамларга ана шу илмий асосларни етказсак, бу ҳам маърифат бўлади", -деб айтган Президент.

Султон Саодат - саййидлар сулоласи мақбараси ҳисобланади.

Мажмуа оилавий мақбаралар ва маросим хоналаридан иборат.

Мирзиёев мажмуага ташрифи чоғида у ерда Пайғамбар авлодлари ётганини алоҳида таъкидлаган.

Янги сиёсат, эски муаммолар

Шавкат Мирзиёев бундан аввал ҳам исломий меъросни ўрганишнинг муҳимлиги ҳақида гапирган.

2017 йил сентябрида БМТ минбаридан қилган нутқида Имом Бухорийни эслагани учун Туркия раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғондан алоҳида мақтов эшитганди.

Мирзиёевнинг ҳокимиятга келиши ортидан ҳукуматнинг Ислом ва мусулмонлар борасидаги сиёсати юмшаган.

Минглаб диндорлар қора рўйхатлардан чиқарилган, янги масжидлар қуришга рухсат этилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Luiza Mominjonova
Image caption Ўтган ҳафта Тошкентдаги Ислом академияси талабаларнинг 'ўзбекона' рўмол ўрашига рухсат берган

Мамлакат бўйлаб Қуръон мусобақалари ташкил этилган ва масжидлар қошида расмий Қуръон курслари очишга рухсат берилган.

АҚШ, БМТ ва ғарбдаги инсон ҳақлари ташкилотлари Мирзиёевнинг бу борадаги қадамларини эътироф этган.

Айни пайтда масжидларда азонни овоз кучайтиргич орқали чақириш ва исломий қиёфат билан боғлиқ чекловлар буткул олиб ташланганича йўқ.

Шунингдек, диний таълим ёшига қўйилган чекловлар ҳам норозиликларга сабаб бўлган.

Ўтган ҳафта Тошкентдаги Ислом академияси ва унинг қошидаги лицейда таҳсил олувчи муслималарга адрас рўмолни бўйин орқасидан ўраб келишга рухсат берилгани хабар қилинган.

Академиянинг икки талабаси маъмуриятнинг ҳижоб ўрашга қўйган тақиқи юзасидан судга мурожаат қилган, суд уларнинг даъвосини рад этганди.

Ислом академияси кейинроқ рўмол эмас, ниқоб ўрашга қаршилигини айтган.

Ўзбекистоннинг виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида 1998 йилда қабул қилинган қонуни конституциявий ҳуқуқларини чеклаши йиллар давомида танқид қилиб келинган.

Ўтган йили инсон ҳуқуқлари бўйича ҳукуматнинг бош музокарачиси Акмал Саидов қонунда муаммолар борлигини биринчи марта тан олган ва ўзгартишлар киритилиши, жумладан, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш осонлаштирилишини айтган.

Айни пайтда инсон ҳақлари ташкилотларига кўра, минглаб диндорлар ҳануз қамоқхоналарда қолаётир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek