Россия, Москва: Дўкон сотувчиси калтаклаган ўзбек аёл энди нима қилади?

Москва вилоятида яшовчи Ҳафиза Бўтаева озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш учун "Магнит" савдо дўконига кириб, сотувчи томонидан калтакланади.

39 ёшли ёшли муҳожиранинг айтишича, дўппосланишига сабаб сотувчининг шахсий адовати бўлган.

- Бир йил олдин 8 ёшли ўғлим шу дўкондан яроқлилик муддати ўтган йогуртни сотиб олиб, укасига берган. Натижада 1 ёшли боламнинг мазаси қочган. Мен дўконга чиқиб, бошлиғига арз қилгандим. Эшитишимча, сотувчининг бир ойлик иш ҳақини жарима тариқасида беришмаган. Шундан кейин катта ўғлим яна шу дўконга кирганида, сотувчи аёл ўғлимни қувиб солганди, - дея ҳикоя қилади Ҳафиза Бўтаева.

Аёлнинг айтишича, она-бола бир йил давомида бу дўконга киришмаган. 3 март куни уйига меҳмон келиб, шошилинчда киришга мажбур бўлган.

- Сотувчи қўлида асбоб билан маҳсулотларга нархларни ёпиштириб чиқаётган экан. Мени кўриб "яна нега кирдинг, гапга тушунмайсанми?", деб бақириб кетди. Тортишиб қолдик ва у қўлидаги аппарат билан бошимга юзим аралаш аямай ура кетди. Ҳушимни йўқотдим. Бироздан кейин ўзимга келиб полиция ва "Тез ёрдам" чақирдим. Тезда етиб келишди, - дейди муҳожира.

Россия, мигрантлар: Оилавий муҳожир бўлиш осонми?

Россия: 'Мигрантлар учун Қурбон Ҳайитининг ўзи бўлмайди...'

Россия: "Ўзбекистонлик мигрантлар оғир вазиятда қолишган"

Россия, Москва: "Мигрантлар қачонгача қўрқишади ва нима учун?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Аммо етиб келган Шелково шаҳар полиция маҳкамаси ходимлари ҳам, "Тез ёрдам" шифокорлари ҳам Ҳафизага ёрдам бермади.

Улар жабрланган аёлни машинага ўтказиб, дўконга кириб кетишади ва 40 дақиқалардан сўнг чиқиб, тоза қоғозга рус тилида "ўз қўлим билан ёздим", деган сўзларни ёздириб, имзо қўйдиришади.

- Мен ёзмоқчи эмасдим, аммо "ўзингни депортация қилиб, болаларингни "Болалар уйи"га топширамиз", дея таҳдид қилишгач, мажбур бўлдим, - дейди Ҳафиза Бўтаева.

Муҳожира аёлнинг аризасини ҳам қабул қилишмайди. Ҳафиза соғлиги ёмонлигига қарамай, Шелково шаҳар прокуратурасига шикоят билан боради. Прокурор аралашгач, полиция Ҳафиза Бўтаеванинг шикоят аризасини қабул қилишини билдиради.

4 март куни ариза ёзиш учун маҳкамага борганида эса, ҳужжатлари муддати ўтиб кетгани деган важи билан аёлни кун давомида қамаб қўйишади.

- "Эмизикли болам борлигини айтиб йиғладим, охири кечга яқин паспортларимни олиб қўйиб эртаси куни яна келишим шарти билан жавоб беришди. Эртаси куни бордим, мени судга олиб боришди. Мени ҳеч ким эшитгани йўқ, суд менга 5000 рубль жарима ва мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисидаги қарорини ўқиб эшиттирди", - дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

2 ойдирки, Ҳафиза Бўтаева адолат қарор топиши учун курашмоқда.

Унга "Гражданское содействие" муҳожирларга кўмак бериш жамоатчилик ҳайрия ташкилоти ёрдамга келди.

Муҳожира бепул ҳуқуқий ва тиббий ёрдамлар билан таъминланди.

Тез орада Ҳафиза Бўтаева билан боғлиқ маъмурий иш қайта кўриб чиқилади.

Бундан ташқари, Москва вилоят судида муҳожира аёлни уриб бош чаноғини ёрган сотувчига нисбатан ҳам жиноят иши кўрилади.

- Соғлигимни йўқотдим. Ёлғиз онаман, уй олай деб ишлаб болаларимни боқаётгандим. Болаларим ҳам икки ойки, қийналиб қолишди, - ўкинади Ҳафиза Бўтаева.

Юз берган зўравонлик ҳодисаси ортидан, Тожикистон Ташқи миграция агентлиги ўз фуқаролари бўлган жабрдийдани ҳимояси остига олган.

Мазкур идора ҳозир бутун жараённи назорат қилиб турганини айтади.

Агентликка кўра, Ҳафиза Бўтаева билан боғлиқ ҳар икки суд жараёнида ҳам вакиллари иштирок этишади.

Суҳбатдошимизга кўра, маҳкама жараёнлари ортидан ортга - ватани Тожикистонга қайтмоқчи ва ортиқ Россияда қолиш нияти йўқ.

Расмий рақамларда жорий пайтда Россияда бир миллиондан ортиқ тожикистонлик меҳнат муҳожирининг борлиги айтилади.

Улардан учдан бир қисмига яқинини хотин-қизлар ташкил қилишади.

Тожикистонлик мигрантларнинг Россияда асосан маиший, хизмат кўрсатиш ва қурилиш соҳаларида банд эканликлари айтилади.

Икки фарзанднинг онаси бўлган Ҳафиза Бўтаева Россияга бундан беш йил бурун турмуш ўртоғи билан бирга келади.

Уларни оилавий муҳожирликка эри укасининг банкдан олган қарзини тўлашда кўмак бериш эҳтиёжи мажбур қилади.

Аммо иккинчи фарзандига ҳомиладор экан, турмуш ўртоғи бундан икки йилча бурун Ҳафизани ташлаб кетади, бошқа аёлга уйланади.

Ҳафиза ўшандан буён Москва вилоятида икки фарзандини меҳнат муҳожирлиги орқасидан ёлғиз ўзи боқиб келаётган бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek