“Ўзбекнефтегаз” таклифи Президент Мирзиёев қарорига қаршими?

Президент Шавкат Мирзиёев иссиқхонада етиштирилган помидорларни кўздан кечирмоқда. Фото муаллифлик ҳуқуқи .

"Ўзбекнефтегаз" 2020 йил 1 январидан ғишт заводлари, оҳак, цемент ишлаб чиқариш корхоналари ва иссиқхоналарни табиий газдан узиш таклифи билан чиқди.

Аксар экспертлар фикрича, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни арзон хомашёдан маҳрум этишга ҳали бир неча йил бор, унинг ўрнига Ўзбекистон ички эҳтиёжини Туркманистон табиий гази билан қондириш йўлларини кўргани дуруст.

"Ўзбекнефтегаз" ташаббускори экани айтилаётган Вазирлар Маҳкамасининг қарори Regulation.gov.uz расмий веб-саҳифасида муҳокамага қўйилди.

Қарор лойиҳасининг 13 апрелгача муҳокама этилиши хабар қилинди.

"Иқтисодиёт соҳалари ва ижтимоий йўналишларда ёқилғининг муқобил турларидан фойдаланишни кенгайтиришнинг қўшимча чора-тадбирлари" деб номланган қарорнинг номи муҳокамага рус тилида қўйилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Regulation.gov.uz
Image caption Қарор лойиҳаси 13 апрелгача муҳокамага қўйилган.

Қарор лойиҳасида айтилишича, "...сарфланаётган ёқилғи-энергетика ресурсларини ва қайта тикланувчи манбаларни саноат ишлаб чиқаришга жалб этиш диверсификациялаш даражаси жаҳон тенденциясига жавоб бермайди ва бирламчи ёқилғи турларидан фойдаланишда табиий газнинг улуши юқорилигича қолмоқда. Жойларда ғишт ва цемент ишлаб чиқариш заводлари, оҳак ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда иссиқхона хўжаликларини муқобил ёқилғи турларига мослаштириш ишлари етарлик даражада ташкил этилмаган. Таҳлиллардан кўринадики, муқобил ёқилғи турларига ўтказиш бўйича топшириқларнинг бажарилишида қолоқликлар кузатилмоқда, жумладан, ғишт ишлаб чиқарувчи заводларнинг 33 фоизи, оҳак ишлаб чиқариш корхоналарининг 0,5 фоизи кўмир ёқилғисига мослаштирилган холос".

Қарор лойиҳасида 2020 йилнинг 1 январигача табиий газдан муқобил ёқилғи турларига ўтказилиши кўзда тутилган тўрт соҳадаги корхоналарнинг рўйхатини тузиб чиқиш таклиф этилган. Булар пишиқ ғишт тайёрлайдиган, оҳак ва цемент ишлаб чиқарадиган корхоналар ҳамда иссиқхона хўжаликлари.

Аксар тадбиркорлар ва деҳқонларнинг фикрича, "Ўзбекнефтегаз"нинг янги таклифи энди оёққа туришга интилаётган маҳаллий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни бошлаган бизнесларга, Ўзбекистоннинг полиз ва сабзавот маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда кўпайтиришга қарор қилган иссиқхона эгалари бўлган деҳқонларга қарши зарбадир.

Хусусан, Regulation.gov.uz сайтидаги муҳокамада бу таклифнинг Ўзбекистон Президентининг мамлакатда боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш қарорига зид экани эслатилган, ҳукуматнинг бундай қарори тасдиқланса, Ўзбекистонда қурилиш материаллари ва уй-жой нархлари кўтарилиши эслатилган.

Хусусан, муҳокамада SODIKOV ILXOMJON RAXIMJONOVICH таклифга шундай муносабат билдирган:

Агар бу қонун қабул қилинадиган бўлса:

1. Қурилиш материалларининг ўзи шундоқ хам баланд бўлган нархлари яна хам кўтарилади.

2. Кўп миқдорда кўмир ёқилиши натижасида экологияга зарар етказилади, саноат худудлари яқинидаги ахоли саломатлиги ёмонлашиши мумкин.

3. Кўмирга нисбатан талаб ортиши ва ўзимизнинг кўмирни сифати юқори эмаслиги оқибатида кўмир импорти ортади. Четга валюта чиқиши кўпаяди.

4. Кўмирдан фойдаланиш учун қозонхонани қайта мослаштириш кичик корхоналар учун анча қиммат, тан нарх ортиб кетиши натижасида кичик корхоналар ёпилиши рақобат мухитини ёмонлашишига олиб келиши мумкин.

Лутфуллаев Мухиддин (Мухторхон): Табиий газдан фойдаланиш такикланиши лозим булган сохаларда кумир ишлатиш бошланса экологияга жуда катта зиён етказилади.

Табиий газ исроф булаётган холатлардан бири бу, газ етказиш тармокларининг, ГРПларнинг ута абгор холатда эканлиги хисобланади. Шунинг учун бу холатга эътибор каратиш керак.

Райгазлардаги коррупцияга қарши кескин чоралар куриш керак.

SALIYEV ALISHER ZAFAROVICH: Ўзи шундоқ ҳам қурилиш материаллари кун сайин нархи ошиб боряпти, коробка уйларни 40-50 минг доллардан сотишяпти. Бу қарор тасдиқланса уйлар яна камида 20 фоизга ошади. Ахолини уй-жой билан таъминлаш, хусусан арзон уй-жой билан таъминлаш Давлат дастурига умуман зид-ку бу лойиҳа.

RAVSHANOV OYBEK XAYRULLOYEVICH: "Ўзбекнефтгаз" ("Ўзбекўмир") АЖ томонидан жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган мазкур ҳукумат қарори лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги "ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА БОҒДОРЧИЛИК ВА ИССИҚХОНА ХЎЖАЛИГИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА" ги ПҚ-4246-сон қарорига зид ҳисобланади. Ўйлайманки, бу салбий ҳолатни Вазирлар Маҳкамасининг мутасадди ходимлари инобатга олади. Ўз навбатида, ушбу лойиҳага, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳам ўзининг салбий муносабатини билдирса керак.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ