Ўзбекистон: Тошкентда икки блогер нима учун ҳибсга олинди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Рустам Карим ва Тўлқин Астанов

Бундан икки кун аввал ғойиб бўлган икки блоггер тақдири ҳамон номаълум қолмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда бўлган Муҳайё Астанова ўз турмуш ўртоғи Тўлқин Астановнинг қаердалигини билмаслиги айтди.

"Панелний" номи билан билинган вақтинчалик ушлаб туриш ҳибсхонасига борганида унга Тўлқин Астановнинг айни ҳибсхонада эмаслиги айтилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабарномасида "43 ёшли муқаддам бир неча бор судланган (шулар қаторида фирибгарлик учун ҳам) Р.К. ва 47 ёшли А.Т.ларни Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ("Майда безорилик") ва 194-моддаларида ("Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик") кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топди", дея ёзилар экан, айни пайтда бу икки блоггернинг қаердалиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Муҳайё Астанованинг айтишича, 47 ёшли ва ўн нафар фарзанднинг отаси бўлган Тўлқин Астанов 8 апрел куни Ўзбекистон Мусулмонлар идорасига борган.

У билан бирга бошқа бир блогер, яқинда Европадан Тошкентга қайтган Рустам Карим ҳам бўлгани айтилади.

У ерда Идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур билан кўришган ва ўқув юртларида ҳижоб ўраш масаласи ҳақида самимий суҳбат қуришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IIBB

"Турмуш ўртоғим Идорага ўзлари бордиларми, таклиф қилишганмиди, билмадим. Аммо аминман, ўзларидан ўзлари бормайдилар.Суҳбат чиройли ўтган... Хўжайиним урушқоқ эмаслар табиатан...Ташқаридан ҳатто хурсанд бўлиб интернетда чиқишган. Уларга совғалар беришган. Аммо соат 11 яримдан кейин телефонлари ишламай қолди. Шундан кейин қидиришни бошладик, ариза ёздик. "Панелний" деган жойга бордик. У ерда ҳам хўжайинимни тополмадик. Ҳеч нарса беролмадик. Қайтдик. Қаердаликларини билмаймиз..."

Тўлқин Астанов ўтган йил 24 августда бир неча блоггерлар қаторида қамоққа ташланган эди.

10 кундан кейин озод этилган блоггерга ўша пайт Facebook га кирмаслик ҳақида айтилган.

Тўлқин Астановга ўшанда Шайхонтоҳур туман суди томонидан "майда безорилик" ва "милицияга бўйсинмаслик" айби билан 24 август тунда 10 суткага қамалган эди.

Қамоққа ташланган блогерларнинг биринчиси озодликка чиқди

Ўзбекистон ҳукумати Facebookка тўсиқ қўйганини рад этмоқда

"Ҳибслар Ўзбекистон қонунларига зид амалга оширилмоқда"

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабарномасида яна бу икки блоггер "...раис ўринбосари берган жавоблардан қониқмасдан, идора ходимларига қаратилган турли хил ҳақоратомус ўхшатишлар билан ўз талабларини изҳор этишда давом этишган. Ўзларининг ҳар бир ҳаракатларини улар мобиль телефонга ижтимоий тармоқларга тўғридан-тўғри ўзатиб видеога олишган. Ички ишлар ходимларининг жамоат тартибини бузишни тўхтатиш ва Ўзбекистон Мусулмонлар идораси ходимлари билан конструктив суҳбатга ўтиш тўғрисидаги қонуний талабларига икки нафар эркаклар қатъий рад жавобини беришган..."

"Биз умуман давлатимиз сиёсатига қарши эмасмиз, бизнинг бор ташвишимиз ўн нафар фарзандимизни оёққа турғизишдир. Бирор бир диний ташкилот аъзоси эмасмиз. Мен шифокорман. Давлат ишидаман. Биз фақат ғоя бермоқчи ва мавжуд қонунчилик юзасида ўз фикримизни билдирмоқчи эдик, холос. Икки марта миниинфарк ва мини инсульт бўлганлар...Ҳозир хавотирдаман".

Тўлқин Астанова иши бўйича ҳозир ҳимоячи ёлланган.

Айни пайтда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси сайти бўлмиш muslim.uz cайти ҳам бу ҳолат бўйича мақола чиқарган.

Унда Рустам Каримнинг жонли эфир давомидаги "одобсизлик" қилгани урғуланади. "2019 йил 8 апрель куни Каримов Рустамбек исмли фуқаро Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти қабулига кириш учун ҳамроҳи "Тўлқин" исмли шахс билан бирга Ўзбекистон мусулмонлари идорасига келади. Масъуллар Р.Каримовни "Фуқаролар қабулини қайд қилиш журнали"га ёзиб қўйишган ва бироз кутишини айтишган. Лекин у одобсиз хатти-ҳаракатлар қилиб, ходимларга ҳурматсизлик қилган. Шунингдек, ўзининг "Фейсбук" ижтимоий тармоғидаги (Rustam Karim) саҳифаси орқали Диний идора ва уламоларни обрўсизлантирадиган, ҳақоратомуз ва истеҳзоли сўзларга тўла онлайн (жонли) чиқишлар қилган", дейилади мақолада.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek