Ўзбекистон: Каримов қизини ўзининг ўрнига тайёрлаган

Ярим расмий Xabar.uz сайти номи тилга олинмаган экспертларга иқтибосан, Гулнора Каримова бошчилигидаги жиноий гуруҳ ўзлаштирган бойликлар 15 миллиард доллар экани ҳақида ёзди.

Марҳум президентнинг қизига бағишланган туркум мақолаларда Ислом Каримов "жиноятчининг отаси" деб аталган.

Мақолада шунингдек, биринчи марта Каримов қизини ўзининг ўрнига тайёрлагани айтилади.

Имон Каримова: Онам Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган шартларни бузмади (янгиланди)

Ўзбекистон, Бош прокуратура: Гулнора Каримова жазонинг қолган қисмини умумий тартибли колонияда ўтайди

Шавкат Мирзиёев: 'Устозидан ўзган шогирд'

Унда Каримованинг жиноят ишига доир янги тафсилотлар йўқ, аммо мақола ҳозирга қадар Ўзбекистон матбуотида энг кучли аксил-Каримов оҳангидаги чиқиш экани билан аҳамиятли.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Xabar.uz

"Бутун мамлакатни узоқ йиллар тинч идора қилаётган Ислом Каримов учун битта қулоқсиз қизини йўлга солиш қийин вазифага айланиб қолди... Албатта, Биринчи президент қизини қанчалик қийин бўлмасин, ортиқ очиқда тута олмас эди....Ниҳоят, чорасиз қизини суд ҳукмига топширишга мажбур бўлди. Бироқ суд чоғида у ўмарган миллиардлаб доллар маблағларнинг тақдирига аниқлик киритилмади, уларни давлат хазинасига қайтариш бўйича суд ҳукмида банд бормиди-йўқмиди, буни ҳам ҳеч ким билмайди... Ҳукмрон оила учун уй қамоғи — энг маъқул вариант эди. Бу қали Гулнорани ташқи хавфдан яхшигина ҳимоя қилиш ҳам мумкин эди. Шу сабабли миллий қонунчилигимизга ўзгартириш киритилди: уй қамоғи институти пайдо бўлди. Аммо элнинг пешона тери ва қадоқ қўлларининг меҳнати эвазига келган бу маблағлар, албатта, халқ бюджетига қайтарилиши энг адолатли қарор бўлар эди. Бу пулларга қанча уйлар, йўллар, кўприклар, мактаблар қурилиши мумкин эди".

Xabar.uz туркум мақолалар ҳукумат ёки ундаги бирон расмийнинг буюртмаси эканини рад этмоқда.

Таҳририятнинг Би-би-сига айтишича, мақолалар "ҳашар йўли билан ёзилган" ва бир нави журналистик суриштирув натижасидир.

Мирзиёев ва Гулнора

Муаллифи кўрсатилмаган мақолада ёзилишича, Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳурматидан Гулноранинг "барча гуноҳларидан кечиб юборишга" тайёр эди.

Аммо Гулноранинг бойликларни қайтаришни истамагани бунга тўсқинлик қилган.

Унда ёзилишича, Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар Ислом Каримов ҳақида бирон марта "ҳақоратли ёки камситувчи сўз" ишлатмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи IslomKarimovfondi
Image caption Мақолада айтилишича, Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳурматидан Гулноранинг "барча гуноҳларидан кечиб юборишга" тайёр эди

Аммо бу Каримовнинг олижаноблигиданмас, балки Мирзиёевнинг инсоний фазилатлари туфайлидир.

"Президент Шавкат Мирзиёев Биринчи Президент Ислом Каримов даврида ноҳақ қамалган, бурни қонаган, ноқонуний ишларнинг қурбони бўлган, диний эътиқоди учун ҳибсга олинган неча минглаб инсонлар кутган адолатни қайтарди, шу боис ҳам беқиёс сиёсатчи сифатида халқаро ҳамжамиятнинг эътирофига муносиб кўрилмоқда".

"Меросхўр операцияси"

Мақолада биринчи марта Ислом Каримов тўнғич қизи Гулнорани ўзининг эҳтимолий меросхўри сифатида кўргани айтилади.

"2005 йил апрелда Каримов ўз қизига ёш сиёсий элитани шакллантириш учун Сиёсий тадқиқотлар марказини очиб берди. Бу бўлажак сиёсатчи арбоб учун ўзига хос «ақл маркази» бўлиши лозим эди".

"Каримовнинг ҳақиқатан ҳам катта қизи Гулнорадан умиди жуда катта эди. Унга навбатдаги президент бўлиши учун барча ресурслар, имконият ва воситаларни тақдим этарди. Хавфсизлик хизматининг қатъий назоратида бўлган телеканалларда туну кун унинг турли лойиҳаларига жой ажратилар, барча чиқишларига «яшил чироқ» ёқиб қўйилган эди. Янги-янги ташаббусларини амалга ошириши учун розилик берилганди".

Вақт ўтиб, Гулнора ўзини худди буюк сиёсатчи каби тута бошлади. Қўшимчасига ўзини барча нарса мумкин бўлган «Ўзбекистон қироличаси», деб эълон қилди. Нени истаса қилаверди".

Аммо кутилмаганда ғарбда бошланган терговлар 2013 йилда Гулнора Каримованинг карьерасига нуқта қўйган.

У отасининг ишончини нафақат оқлай олмаган, балки унинг "ғазабини қўзитган".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Мақола муаллифларига кўра, Каримов қизини ўзининг ўрнига тайёрлаган

Мақолада ёзилишича, Ислом Каримовнинг ўз қизини қамоққа ташлашдан ўзга чораси қолмаганди...

Истеъфо бериши мумкинмиди?..

Мақола муаллифлари ана шундай риторик саволни ҳам қўйишган.

"Каримов нима учун эрка қизининг кирдикорларидан халқаро ҳамжамият бонг урмагунича бехабар бўлган? Нега оиласи атрофида бўлаётган, биринчи навбатда ўзи билиши керак бўлган воқеалар ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумотга эга бўлмасдан ғафлатда қолди? Ниҳоят, ўз оиласи аъзосига нисбатан шунча кўп жиноятлар фош қилинганидан кейин истеъфога кетиши мумкин эмасмиди? Бу оғир саволларга ким жавоб беради, ахир?"...

Мақола муаллифларига кўра, бугунги кунда Гулноранинг "сиёсий истиқболи нолга тенг".

"Гулноранинг сиёсий истиқболи нолга тенг. Мавжуд салоҳият ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбек тилида сўзлашишни ўзига ор биладиган, ярим-яланғоч юришни замонавийлик ва либераллик белгиси деб фахрланадиган, маънавияти саёз, бировнинг фикрига тоқат қила олмайдиган Гулнора каби «сиёсатчи»ларга халқнинг кўзи учиб тургани йўқ".

Муаллифлар Гулнора Каримова миллиардлаб пулларни ўғирларкан, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари қаерга қараганди, деган саволни қўйишмаган.

'Жарбдийда' элита

Муаллифларга кўра, ҳукуматдагиларнинг "Гулноранинг қилмишларини ўз гарданига олишдан бошқа чораси қолмаганди".

Мақолада "узоқ йиллар бунинг азиятини чеккан арбоблар бугун Ўзбекистон сиёсий элитаси орасида ҳам борлиги" айтилган, аммо уларнинг кимлиги айтилмаган.

Гулнора Каримова Ўзбекистон телекоммуникация бозорида фаолият юритган Ғарб ширкатларидан юз миллионлаб доллар пора олганликда айбланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Official
Image caption Швециялик адвокатлар Бош вазир Арипов Гулнора иши бўйича "муҳим гувоҳ" эканини айтишган

Ўтган йили Швецияда кечган маҳкамада адвокатлар Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Телекоммуникация вазири ва ҳозирги бош вазир Абдулла Ариповнинг порахўрлик иши бўйича муҳим гувоҳ эканини айтишган.

Ярим расмий

Xabar.uz сайти Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг расмий нашри саналган "Хабар" газетасининг онлайн версияси.

Аммо Xabar.uz таҳририятининг Би-би-сига айтишича, вазирликнинг сайтга алоқаси йўқ.

Таҳририят Гулнора Каримова ҳақидаги туркум мақолаларга ҳам АТК вазирлиги ё-да бошқа бир ҳукумат идорасининг алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Ўтган ҳафта Гулнора Каримованинг швейцариялик адвокати Грегуар Манжа унинг Зангиотадаги 21-сонли аёллар колониясида сақланаётганини айтган.

Ўтган ой Бош прокуратура Гулнора Каримова уй қамоғи шартларини бузгани важидан ҳақиқий қамоқхонага юборилганини айтган эди.

Унинг 2017 йил 18 декабрдаги ҳукм билан 10 йилга қамалгани ва кейинроқ бу муддат 5 йилга туширилгани айтилган.

Лондондаги фарзандлари Гулнора Каримова уй қамоғи шартларини бузгани ҳақидаги расмий айбларни рад этишган.

Қизи Имон Каримованинг Би-би-сига айтишича, онаси Ўзбекистон ҳукумати билан келишув шартларини бузмаган.

20 яшар Имонга кўра, бу шартлар орасида ҳозир ҳукуматда бўлган айрим шахсларнинг номларини зикр этмаслик ҳам бўлган.

Аммо бу даъволарни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг имкони йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek