Ўзбекистон: Тошкент ҳокими Ортиқхўжаевга Британия газетаси туҳмат қилганми?

Ҳоким Ортиқхўжаев ва Президент Мирзиёев Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident.uz

Британиянинг The Guardian нашри Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2 апрел куни нашр вебсайтида эълон қилинган «Огоҳлантиришсиз кўчага қувилганлар: Тошкентдаги тўсатдан бузилишлар одамлар ғазабига сабаб бўлмоқда» номли мақола бўйича жавоб мактубини эълон қилди.

Мактубда жаноб Ортиқхўжаев журналист Марк Беннетс қаламига мансуб мақолани ҳайрат ва ранжиш туйғуси билан ўқиганини маълум қилган.

Жаноб Беннетс ўз мақоласида халқ орасида Тошкент шаҳри марказидаги қиммат ерларни сотиб юбориб, мўмай даромад кўриш илинжидаги расмийлар одамларни ўз уйидан ҳайдаб чиқармоқда қабилида гап-сўзлар юрганини тилга олган.

Тошкент ҳокими уни мақташларини истайдими?

Ортиқхўжаев шубҳали инвесторларни рад этмади

Муаллифнинг иддаосига кўра, баҳсли шаҳарсозлик режасининг бир қисми бўлган тўсатдан буз-бузлар оқибатида, камида, 10,000 нафар тошкентлик ўз уйидан чиқиб кетишга мажбур бўлган. Яна 30,000 инсоннинг уйлари бузилиш хавфи остида қолмоқда.

Жаноб Ортиқхўжаев журналист келтирган ушбу рақамлар бирор асосга эга эканини савол остига олган ва мақолада Тошкент шаҳар ҳокимлигига иддаолар юзасидан муносабат билдириш имкони берилмаганидан арз қилган.

Бундан ташқари мақола муаллифи уйи бузилган одамлар учун арзимаган миқдордаги товон пули таклиф қилинаётгани, эвазга берилган уйларнинг, аксар ҳолларда, сифатсиз бўлиб чиқаётгани тўғрисида ҳам эслаб ўтган.

Аммо жаноб Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, пойтахтдаги ҳеч бир уй бирор сабабсиз бузилмайди. Авария ҳолатига келиб қолган уйлар юзасидангина шундай қарор олиш мумкин.

Image caption Тошкент ўзгармоқда: Ҳамма хурсандми?

«Кўп ҳолларда, бундай мавзелардаги инфратузилма тўлиқ қайта реконструкцияга муҳтождир; баъзида сув таъминоти ва канализация тизими умуман мавжуд бўлмаган ҳолатлар ҳам учрамоқда,» деб ёзади шаҳар ҳокими ўз мактубида.

Шунингдек, жаноб Ортиқхўжаев Ўзбекистонда мавжуд қонунчиликка биноан уй эгаларини хабардор қилмасдан ва товон бўйича келишувга эришмасдан туриб, биноларни бузиш ишларини амалга ошириб бўлмаслигини ҳам билдирган.

Ҳокимнинг айтишича, товон бўйича келишув турли кўринишда бўлиши мумкин: бузилган уй эвазига янги турар жой тақдим қилиш, уйнинг бозордаги қийматига тенг тўлиқ товон пули бериш ёки иккала усулни биргаликда қўллаш.

Жаноб Ортиқхўжаевнинг Guardian нашрига жавоб мактуби ҳажман кичик ва мазмунан умумий бўлиб, унда асл мақоладаги қатор фикрларга нисбатан муносабат билдирилмаган.

Жумладан, жаноб Беннетс Тошкентдаги буз-бузларнинг айрим қисми сиёсий сабабларга боғлиқ ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзади. Муаллиф келтирган бир ҳолатда тасвирланишича, ўтган йилнинг октябр ойида президент Мирзиёевнинг Ҳиндистонга илк ташрифи арафасида кечки соат 9 да бузувчилар гуруҳи пойтахтдаги маҳаллалардан бирига келиб, одамларнинг зудлик билан кўч-кўронини йиғиштиришини талаб қилган.

Жаноб Беннетс бу ҳолатни президент Мирзиёевнинг, аввалроқ, Ҳиндистон элчихонаси учун каттароқ ер ажратиш борасида берган ваъдаси ва ташрифи олдидан шу ваъдани бажариш орқали расмий Деҳлини хушнуд этиш нияти билан боғлайди.

Муаллифга кўра, орадан беш ой ўтса ҳамки, элчихона қурилиши бошланмаган, ер билан битта қилинган турар-жойлар ўрни ахлатхонага айланганча қолмоқда. Собиқ уй эгалари эса Тошкент бўйлаб сарсонгарчиликда яшашга мажбур бўлмоқда.

Қўшимча равишда, жаноб Беннетс Tashkent City лойиҳаси доирасида кўплаб тарихий маҳалларнинг бузиб ташлангани, Самарқанд каби сайёҳлар кўп борувчи шаҳарларда ЮНEСКО рўйхатига киритилган биноларга зарар етказилаётгани, булар ўз навбатида, туризмни ривожлантириш истагида бўлган ва инвесторлар йўлига кўз тикаётган Ўзбекистоннинг халқаро имижига жиддий путур етказишини ҳам эслаб ўтган.

Жаноб Ортиқхўжаев Марк Беннетс мақоласига муносабат билдира туриб, шаҳар ҳокимлиги пойтахтликлар ҳаётини яхшилаш ва уй-жой фонди сифати ҳамда хавфсизлигини оширишга интилаётгани, уйи бузилган барча фуқароларнинг яхшиланган турар-жой билан таъминлангани ва ҳеч қандай қонуннинг бузилмаганини урғулаган.

Мактуби якунида пойтахт ҳокими Guardian нашрини Тошкентга қайта ташриф буюриб, бу «кўркам шаҳар» ҳақида янада кўпроқ билиш учун мувофиқ расмийлар билан учрашишни таклиф қилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek