Қозоғистон Президенти Тошкентда, Туркистон ва Самарқанд ўртасида автобус қатнай бошлади

Тўқаев Тошкентда Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаев Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан Ўзбекистонга давлат ташрифини бошлади. Ташриф арафасида Қозоғистоннинг Туркистон ва Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳарлари орасида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Олий мартабали меҳмонни Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди, дея хабар бермоқда. president.uz сайти.

2017 йилнинг 16 сентябр куни Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келган Қозоғистоннинг биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевни халқаро аэропортда Шавкат Мирзиёев кутиб олган эди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон президентлари Ўзбекистонда Қозоғистон йилининг расмий очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.

Қасим-Жомарт Тўқаев ташриф арафасида ЎзАга берган суҳбатида икки давлат ўртасида товар айланмаси ўтган йили 50 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларни ташкил қилганини айтган.

Ўзбекистонда Қозоғистон йили эълон қилиниши муносабати билан Ўзбекистон ахборот агентлиги қозоқ тилидаги саҳифасини ишга туширганини маълум қилди.

"Бу элбоши Нурсултон Назарбоев ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев туфайли амалга ошди", деган Қасим-Жомарт Тўқаев Twitter да.

Қозоғистон президентининг Тошкентга сафари арафасида Қозоғистон жанубидаги Туркистон шаҳридан Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳарлари орасида автобус қатнови йўлга қўйилди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Туркистон вилоят ҳокимияти матбуот хизмати

Туркистон вилоят ҳокимияти матбуот хизматининг хабар беришича, ҳар куни 18:00 да Туркистон шаҳридан чиққан автобус, Чимкент, Гулистон ва Жиззах шаҳарлари орқали Самарқандга қатнайди.

Самарқанддан ҳам ҳар куни маҳаллий вақт билан соат 17:00 да Туркистонга қараб автобус йўлга чиқиши айтилмоқда.

Йўлкира 4 минг қозоқ тангаси (тахминан 10 АҚШ доллари) қилиб белгиланган.

Расмийлар, икки тархий шаҳар ўртасида автобус қатновининг очилиши сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилишини айтмоқда.

2018 йилнинг 10 декабр куни Туркистон ва Тошкент шаҳарлари ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилган эди.

Шунингдек, Чимкент ва Тошкент шаҳарлари ўртасида ҳам автобус мунтазам қатнаб турибди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek