Ўзбекистон - Лондон: Ўзбек эмасман, ўзбекча билмайман, аммо...

Ўзбек эмасман, ўзбекча билмайман, аммо мазза қилдим. Ҳайратда қолдим. Бу мен учун кутилмаган бўлди. Жуда чиройли, ниҳоятда ҳаяжонли эди...

Британиялик томошабинлардан бири ўзбекистонлик ёш ижодкорлар томонидан Англияда қўйилган "Гамлет" спектаклига ана шундай баҳо берди.

Буюк инглиз драматурги Вильям Шекспир қаламига мансуб ўлмас асар бу гал британиялик таниқли режиссёр Жон Такер томонидан саҳналаштирилган.

Ўзбек Гамлет Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Ўзбекистон давлат Санъат ва маданият институти ва Лондондаги етакчи Rose Bruford College of Theatre & Performance театр олийгоҳининг ҳамкорликдаги уч йиллик меҳнати маҳсули бўлади.

Бунақаси ҳам Ўзбекистон ва ҳам Британия тарихида бўлмаган.

Томонларга кўра, бундан кейин ҳам биргаликда янги ижодий лойиҳалар устида ишлаш, театр ва драма соҳасида ўз ҳамкорликларини давом этдириш истагидалар.

Ўзбек Гамлетни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида ҳам намойиш этишга улгурган ёш ижодкорлар эса, ҳозир Тошкентда.

Мазкур спектакль тақдимоти Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазири ўринбосарининг Ўзбекистонга амалий ташрифи арафасида кузатилган.

Алан Дункан Тошкентда экан, шахсан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган.

Президент Мирзиёев сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

Тошкентда журналистларга гапирган Британиянинг юқори мартабали дипломатига кўра, ўзбек ҳукуматининг виртуал қабулхона ва бошқа мулоқот механизмларини ишга тушириши "кўплаб ижобий натижалар"га сабаб бўлмоқда.

Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбек Гамлетни бевосита томоша қилиб, мана бу видеолавҳани тайёрлаган. (Мухбирлар: Феруза Раҳмон ва Бахтиёр Имомов).

Ўзбекистон, Лондон, Бунёд: Ё ҳаёт ё мамот

Гамлет Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

Ўзбекистон ва Англия тарихида илк бор бир инглиз театри ўзбекистонлик ёш ижодкорлар ижросидаги "Гамлет" спектаклига мезбонлик қилди.

Англиядаги мазкур намойиш Халқаро театр симпозиуми доирасида бўлиб ўтди.

Мазкур спектакль устига устак Ўзбекистон ва Британия томонининг ўзаро ижодий ҳамкорлигининг маҳсули бўлади.

Uzbek Hamlet ёки Ўзбек Гамлетини яратиш ғояси 2015 йилда пайдо бўлади.

Бу ишга Ўзбекистондаги Британия Кенгаши, Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институти ҳамда Англиянинг етакчи Rose Bruford College of Theatre & Performance халқаро театр олийгоҳи бош қўшишади.

Бир неча ойдан бир неча йилга чўзилган ижодий ишлар гоҳ Ўзбекистон, гоҳ Британиянинг ўзида кечади.

Орадан уч йил ўтиб, гоҳида бевосита, гоҳида билвосита ҳамкорлик орқали ибтидосидан интиҳосига қадар, таъбир жоиз, инглиз театри мезонларида яратилган ўзбекона талқиндаги "Гамлет" спектакли дунёга келади.

Академик ўқув программаси доирасидаги бу спектални яратиш жараёнида бошдан-оёқ Буюк британиялик таниқли режиссёр Жон Такер бош-қошлик қилади.

Асрларки, жаҳон драматургиясининг энг забардаст ва ўлмас асарларидан бири сифатида эътироф этилган "Гамлет"даги барча ролларни эса, ўзбекистонлик талабалар ижро этишади.

Гамлет бўладими ёки Офелия, пьесадаги энг оғир роллар ижроси ҳам, ҳатто, биринчи курс бўлмайдими, Ўзбекистон Давлат Санъат ва маданият институтининг талабаларига ишониб топширилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

Ўзбек қизи Шотландия саҳнасини қандай забт этди?

"Қуръонга тақлид"да шаккоклик йўқ, аксинча, уни кўкларга кўтарганмиз"

"Ҳар бир она образини яратганимда, уруш йилларидаги оналар кўз олдимдан лента бўлиб ўтади"

Эътироф

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

Мазкур қўшма ижодий лойиҳага бош қўшган ҳар уч томоннинг бирдек ва ошкора эътироф этишларича, биргаликда яратган меҳнатлари маҳсулларидан кўнгиллари тўқ.

Уларнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатларида айтишларича, шогирдларининг ижросидан бошлари осмонга етган ва ғурурдалар.

Янги спектакль намойишига ҳам Rose Bruford College of Theatre & Performance олийгоҳининг театрларидан бири мезбонлик қилган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати бу намойишни яқиндан томоша қилиш жараёнида у ерга йиғилган томошабинларни ҳам суҳбатга тутишга муваффақ бўлди.

Инглиз томошабинларидан бирининг айтишича, ҳатто, ўзбек тилида эканига қарамай, ижрочиларнинг маҳоратидан спектаклни тўлиғича тушуниб етган.

Ўзбекистонлик ёш ижодкорлар қанчалик залворли бўлмасин, "Гамлет"нинг бор мазмун-моҳиятини ўз ижролари билан ифодалаб бера олишди, дейди у.

"Гамлет" буюк инглиз драматурги Вильям Шекспир қаламига мансуб.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

Яратилганига тўрт асрдан ортиқроқ вақт бўлган бу пьеса ҳақли равишда жаҳон драматургиясининг бебаҳо ва бетакрор намуналаридан бири саналади.

Бадиий жиҳатдан танқидларга тутилиб келинса-да, асар фалсафаси, асрларки, жаҳоннинг энг етук, олд ва сара файласуфларининг эътиборини ўзига тортиб келган.

Ўлмас пьеса орада кечган вақт давомида бутун дунё бўйлаб минглаб марта саҳналаштирилган.

Гоҳ турк, гоҳ армани, гоҳ ўзбек, гоҳ рус ва гоҳ япон Гамлет бўлиб, "Ё ҳаёт ё мамот", дея театр саҳналарини зил титратишган.

Бу ролни ҳар бир давр ва ҳар бир замоннинг энг етук ва энг сара ижодкорлари ижро этишган.

Rose Bruford College of Theatre & Performance бутун Европадаги энг пешқадам театр олийгоҳларидан бири саналади.

Олийгоҳ бутун дунё бўйлаб ўз тармоқларига эга, ўзининг назариёт ва амалиётни қанчалик омухта олиб бора олиши билан бутун жаҳонга танилган.

Ўзбекистон ва "Гамлет"

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Гамлет" Ўзбекистонда ҳали 1935 йилда саҳналаштирилиб, тилга тушади.

Ўз даврининг энг забардаст ижодкорлари, дея эътироф этилувчи Аброр Ҳидоятов ва Сора Эшонтўраевалар юлдузлик қилган спектакль Ўзбек театри тарихидаги энг зўрларидан бири сифатида тан олинган.

Бу спектаклни бир марта томоша қилиш учун одамлар бутун Ўзбекистондан пойтахт Тошкентга оқиб келишгани, унга чипта олиш учун навбатлар ҳафталарга чўзилгани айтилади.

"Гамлет"нинг бундан кейинги талқини Ўзбекистонда 2009 йилда "Илҳом" театри томонидан яратилади.

Ижодкорларининг ўзига хос ёндашуви асосида яратилган бу спектакль ҳам театр танқидчиларининг ижобий баҳоларига сабаб бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

2015 йилда эса, пойтахт Тошкент айнан Шекспирнинг ўзи томонидан асос солинган "Глобус" театри ижодкорлари ижросидаги "Гамлет" спектаклини бевосита томоша қилишга муваффақ бўлади.

Томонларнинг ижодий ҳамкорликларига ҳам худди ана шу воқеълик туртки беради.

Аммо, шунда ҳам, бугун Лондонда намойиши бўлиб ўтган Ўзбек Гамлети айнан Британия томони билан ҳамкорликда, инглиз ва Шекспир театри тили мезонларида яратилгани билан улардан фарқ қилади.

Томонларга кўра, бундан кейин ҳам биргаликда янги ижодий лойиҳалар устида ишлаш, театр ва драма соҳасида ўз ҳамкорликларини давом этдириш истагидалар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

Пьеса худди шу куннинг ўзида бошқа бир катта тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида ҳам ўйналди.

Илк премьераси Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтининг ўзида бўлиб ўтган спектакль бунгача мамлакатнинг ўзи бўйлаб ҳам саёҳат қилишга улгурган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Britishcouncil/courtesy

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek