Россия, Ўзбекистон: Путин суратини чизган мигрант ватанга қайтгач қамалди

Шаҳбоз Усмонов Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC Uzbek

Самарқандлик Шаҳбоз Усмонов 3 йил Волгоград шаҳрида ишлаган. Унинг тақдири Россиядаги кўплаб меҳнат муҳожирларидан анчагина фарқли кечди.

У "Реннесанс" турк қурилиш фирмасига оддий ишчи бўлиб ишга жойлашган, аммо тез орада "қора иш" унга ёқмай, раҳбариятга "яхшироқ иш бериши"ни сўраб мурожаат қилади.

- Шунча жанжал қилиб Россияга келганимга яраша тузук ишда ишлай, уйдагиларимга бориб нима қилдинг деса, нима дейман? Ўзи қишлоқда кетмон-белкуракдан безор бўлиб келганман, менга бошқа иш беринг деб тўғрисини айтдим, - дейди Шаҳбоз.

Бирор бир махсус маълумотга эга бўлмаган муҳожирнинг бу журъати иш берувчига маъқул келиб, уни геодезистга шогирдликка беради.

Шаҳбознинг айтишича, бир ҳафта ичида янги касби билан бирга турк тилини ҳам ўзлаштирган. Ишдан бўш вақтларида эса суратлар чизарди. 3 йил давомида ишлаб топган пулларига оиласи шароитини яхшилади, ўзининг тўйига пул йиғиб уйланди.

Ҳаммаси яхши кетаётгандек эди. Аммо у 2016 йилда уйга бориб, Россияга қайта олмай қолди. Унга кўра, Интернетда кўрган айрим видеолавҳалари сабабли Шаҳбозга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

- Интернетда 2 та сурат ва 4 та қисқа видеолавҳа кўрган эканман. Видеоларни йиғса, жами 2 дақиқа ҳам чиқмайди. Диний-экстремистик йўналиш, дейишди. Уларда одамга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш тасвирлари борлиги учун кўргандим. Хуллас, ўзимни ҳимоя қила олмадим, адвокатлар ёрдам бермади. Аппеляцияга ёздим ҳам, натижа бўлмади. 2 йилга яқин "ўтириб" чиқдим, - дейди Шаҳбоз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Шаҳбоз Усмонов

"Менга ёрдам беришни рад этганларнинг ҳаммасига раҳмат! Айнан улар сабаб мен ўзим уддаладим!" деб ёзганди Шаҳбоз муҳожирлик пайтларида Фейсбукдаги саҳифасига. Ватанга қайтгач бошига тушган кўргуликлар ҳам унинг иродасини янада чиниқтирганини айтади.

Россияда ишлаб юрган кезларида Шаҳбоз жигар касаллиги билан оғриган.

- Тергов жараёнида кўп қон йўқотдим. Қон қуйишди. Шу сабаб бўлдими, касаллик бироз чекинди, - дейди у.

Шаҳбоз Усмонов ҳозирда 30 ёшда. У Пастдарғомнинг чекка бир қишлоғида каттагина оиласи билан яшайди. Ҳалигача суратлар чизади, аммо уйдагилари унинг қизиқишларига эътибор қилишмайди.

- Қамоқдалигимда кўп расмлар чизиб уйга юборгандим, сақлаб қўйишмабди, - дейди Шаҳбоз.

Собиқ мигрант судланганлиги сабабли Россияга қайтиб ишлаш орзуси энди ушалмас бўлиб қолган. "Бу ерда эса иш йўқ, ойликлар оз. Интернетга кириб чизган расмларимни жойлай десам, мегабайт олиш ҳам қиммат", дейди Шаҳбоз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ