Ўзбекистон: Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров халқаро ҳимояга муҳтожми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи GENPROC.GOV.RU
Image caption Амнистия баёнотида айтилишича, Қодиров ва яна 12 киши устидан маҳкаманинг ёпиқ ўтаётгани қийноқ даъволарининг асосли эканига далолат қилади

Лондонда жойлашган Халқаро Амнистия (Аmnesty International) ташкилотининг ўтган ҳафта собиқ бош прокурор Рашитжон Қодировнинг қийноққа солингани юзасидан тарқатган баёноти ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари орасида турлича муносабатларга сабаб бўлган.

Улардан айримлари, масалан, мустақил фаол ва журналист Малоҳат Эшонқулова бу хабарларнинг тўғрилигини савол остига олган.

8 апрель куни тарқатган баёнотида нуфузли ташкилот 67 яшар Рашитжон Қодировнинг қийноқларга солинаётгани юзасидан тезкор акция бошлаганини айтган.

Ўзбекистон: Мирзиёев коррупцияга қарши қандай курашмоқчи?

Собиқ бош прокурор иши бўйича 21 киши қамоққа олинди

Қўлга олинган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодировни қандай жазо кутмоқда?

Халқаро Амнистия жамоатчиликни Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийларига Рашитжон Қодировни қийноқлардан ҳимоя қилишни сўраб, мактуб ёзишга чақирган.

Амнистия баёнотида айтилишича, Қодиров ва яна 12 шахс устидан жорий йилнинг 7 январь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судида бошланган маҳкама ёпиқ ўтмоқда.

Ташкилотга кўра, собиқ бош прокурор жисмоний қийноқлар, уйқу бермаслик, ўлим таҳдидлари ва яқинларига нисбатан таҳдидларга юз тутган ва ўзи ҳамда бошқаларга қарши гувоҳлик беришга мажбурланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy
Image caption Денис Кривошеевга кўра, Рашитжон Қодиров устидан маҳкама адолат ва инсон ҳақлари масаласидир

Ўзбекистон бош прокуратураси қийноқ даъволарини рад этган.

Бош прокуратура баёнотида Рашитжон Қодировнинг "соғлиғи унинг қамоқда қолишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслиги, баданида ҳеч қандай жароҳат бўлмаганлиги» айтилади.

Рашитжон Қодиров ўзи бош прокурор бўлган 2000-2015 йиллар давомида Ўзбекистон Жиноят кодексининг "Товламачилик" (165-моддаси), "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш" (205-модда) ва "Пора олиш" (210-модда) моддаларида кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланади.

У билан бирга маҳкамага тортилган шахслар ҳақида маълумот йўқ.

Бош прокуратура маҳкама ишининг ёпиқлигини процессуал талаблар билан тушунтирган.

Би-би-си Халқаро Амнистия вакили Денис Кривошеевни суҳбатга тортиб, Рашитжон Қодировнинг қийноққа солингани ҳақидаги даъволар қанчалик асосли экани ҳақида сўради.

Денис Кривошеев: Мен ўзингизга маълум сабабларга кўра, манбаларимизни очиқлай олмайман. Албатта, биз қийноқларнинг тўғридан-тўғри гувоҳи бўлмаганмиз. Ўзимизга келган маълумотларни текшириб, бошқа манбаларга солиштириш асносида қийноқлар содир бўлган, деган хулосага келдик. Маълумотларимиз ишончли, манбаларимиз ишончли. Чунки биз аввал бунга ўхшаш ҳолатларда қийноқларнинг қўлланганини биламиз. Устига, Рашитжон Қодиров ва бошқалар устидан маҳкаманинг ёпиқ ўтаётгани ҳам қийноқ қўллангани эҳтимолини янада кучайтирадиган ҳолат. Айблар жиддий, адолат нафақат қарор топиши, балки қарор топганини халқ кўриши керак, шундай экан, нима учун суд ёпиқ ўтмоқда? Бош прокуратура бизнинг баёнотимизга жавобан, қийноқ қўлланмагани шифокорларнинг хулосаси билан тасдиқланганини айтди. Аммо қани ўша хулосанинг нусҳаси? Нега ҳужжат кўрсатишмайди? Мен бу хулосани ким бергани ва қанчалик ишончли эканини билишни хоҳлайман. Бизда бош прокуратуранинг ҳаракатлари юзасидан саволлар бор. Аммо жавобни ўша идоранинг ўзидан эшитяпмиз. Бу мустақил текширув эмас. Мустақил текширув ўтказилмагунча бизнинг қийноқ иддаолари юзасидан хавотирларимиз сақланиб қолаверади.

Би-би-си: Сизнинг ўзингизда қийноқ қўлланганини тасдиқловчи биронта ҳужжат нусҳаси ёки сурат ё-да қандайдир бошқа далил борми?

Денис Кривошеев: Агар мен бу саволга жавоб берсам, манбаларимизга жуда яқин бориб қоламан. Яна айтаман - маълумот ишонли, манбаларимиз ишончли. Аммо албатта, бу тўғридан-тўғри олинган бир маълумот эмас. Мен учун асосий хавотир бу даъволар юзасидан мустақил ва холис текширувнинг йўқлиги. Бу каби теуширув ўтказилмагунча, мен ўзимдаги маълумотни ишончли деб ҳисоблашда давом этаман.

Би-би-си: Сиз бу маълумотни мустақил манбалардан ҳам тасдиқлаганмисиз?

Денис Кривошеев:Бизнинг манбамиз расмий эмас. Яъни бизда расмий маълумотга қарши қўядиган норасмий манба бор. Бу каби вазиятда мустақил манбани қаердан топасиз? Айниқса, суд жараёни ёпиқ бўлса. Бу ишда ҳар бир тўғридан-тўғридан манбанинг тўғридан-тўғри манфаати ҳам бор. Сизнинг саволингизга тўғридан тўғри жавоб - "йўқ" бўлади. Аммо ишнинг атрофидаги вазият бизнинг бу маълумотни жуда ҳам ишончли деб ҳисоблашимизга етарли асос беради. Бунинг акси ишончли, шубҳа қолдирмайдиган бир тарзда исботланмас экан, қийноқ қўлланган, деб ишонишда давом этамиз. Аммо албатта, биз расмийларга бунинг аксини исботлашга ҳақ берамиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Amnesty International
Image caption Халқаро Амнистия жамоатчиликни Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийларига Рашитжон Қодировни қийноқлардан ҳимоя қилишни сўраб, мактуб ёзишга чақирган.

Би-би-си: Сизнинг манбаларингиз фақатгина Қодировнинг яқинлари ё-да оиласидан иборат эмаслигини айта оласизми?

Денис Кривошеев: Мен манбаларимиз ҳақида гапирганда ниҳоятда эҳтиёт бўлишга мажбурман. Бунинг учун етарли сабабларимиз бор. Шунинг учун ҳам бу саволингизга жавоб беролмайман. Жавоб берсам, у ёки бу шаклда манбаларимизнинг доирасини торайтирган бўламан.

Би-би-си: Сизнинг баёнотингиз ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан турлича қаршиланди. Улардан баъзилари Рашитжон Қодиров бу каби ҳамдардликка лойиқ эмас, деган фикрни ҳам айтишмоқда. Сиз бунга нима дейсиз?

Денис Кривошеев: Менинг жавобим оддий - у (Рашитжон Қодиров-таҳр.) ҳамдардликка лойиқ эмас. Аммо адолатга лойиқ. Адолат ҳар бир инсоннинг тамал ҳуқуқидир. Жумладан, собиқ бош прокурорнинг ҳам. Унинг адолатли маҳкамага бўлган ҳуқуқи зинҳор поймол этилмаслиги лозим. Унга қарши далиллар қонуний йўллар билан қўлга киритилиши ва адолатли маҳкамада кўриб чиқилиши керак. Қийноққа ўрин бўлмаслиги лозим. Шундай бўлгани тақдирда, биз маҳкаманинг ҳар қандай ҳукмини қабул қиламиз. Аммо қийноқ иддаолари ишнинг тўғри йўлда кетмаётганини кўрсатмоқда. Ёпиқ маҳкама тўғри йўл эмас. Бу бир ҳамдардлик масаласи эмас. Бу адолат ва инсон ҳақлари масаласидир.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek