Алан Дункан: Мирзиёев Ўзбекистони эркин мамлакатга айланмоқда

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дункан айтишича, Ўзбекистон ҳам иқтисоди ва ҳам жамияти эркин мамлакатга айланмоқда.

Сэр Дунканнинг Тошкентдаги Амир Темур хиёбонидаги видео мурожаати Британиянинг Ўзбекистондаги элчилигининг Твиттердаги саҳифаси @UKinUzbekistan да эълон қилинди.

16 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дунканни қабул қилди.

Меҳмонни самимий қутлаган давлат раҳбари кейинги йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британия ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар жадал ривожланиб бораётганини катта мамнуният билан қайд этган.

Бу ҳақда Президентнинг расмий сайти president.uz хабар бермоқда.

Британ сиёсатчиси: Мирзиёев Горбачёвга ўхшайди

Ўз навбатиида Алан Дункан кўрсатилган меҳмондўстлик учун Мирзиёевга самимий миннатдорлик билдириб, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэйнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz
Image caption Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Алан Дункан

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг маълум қилишича, бугунги кунда икки давлат ўртасида сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқалар фаол давом эттирилмоқда.

Савдо-иқтисодиёт, инвестиция, инновация ва банк-молия соҳаларидаги ҳамкорлик кенгаймоқда. 2018 йил якунларига кўра ўзаро савдо ҳажмида кейинги 10 йилдаги энг юқори ўсиш кўрсаткичи қайд этилган.

Шу йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳрида Буюк Британиянинг етакчи компаниялари иштирокида Савдо ва саноат бўйича Ўзбекистон-Британия кенгашининг навбатдаги йиғилиши самарали ўтгани айтилмоқда.

Ўзбекистон туризмни ривожлантириш мақсадида март ойидан бошлаб Британия фуқароларига бир томонлама виза тартибини бекор қилди.

Президент Мирзиёев билан учрашув чоғида икки томонлама амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, Британиянинг тўғридан-тўғри инвестицияларини, илғор тажриба ва технологияларини жалб қилган ҳолда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишнинг масалалари муҳокама қилинган.

Шунингдек, Афғонистондаги вазиятни тез фурсатда тинч йўл билан ҳал этиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Британия йирик бизнес вакиллари Ўзбекистон билан савдо алоқаларини жонлантиришга 2010 йилда ҳали Ислом Каримов Ўзбекистонга Президент бўлиб турган вақтида ҳаракат қилган эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи President.uz

Ўшанда Ўзбекистон билан ўзаро савдо алоқаларини кучайтириш учун британиялик йирик бизнес ҳайъати Тошкентда бўлиб қайтганди.

Ҳайъатнинг сафари Британия ҳукумати ўз ташқи сиёсатида савдо соҳасидаги ҳамкорликка асосий эътибор қаратаётган бир паллада кузатилган.

Тошкентда "Британия ҳафталиги" деб номланган тадбирлар - Ўзбекистонга шу пайтгача ташриф буюрган йирик бизнес ҳайъати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган.

Британия Қироллиги оиласи вакили ўзбекистонлик ва британиялик бизнес вакилларига мурожаат қилиб, икки мамлакат ўртасидаги бизнес алоқаларини янги босқичга кўтаришга чақирганди.

2017 йилнинг февраль ойида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Кристофер Аллан Ўзбекистон ҳукумати ўзининг "оддий халқ билан муносабатларида жиддий ўзгаришлар қилгани"ни айтган.

У Шавкат Мирзиёев ҳукуматининг ислоҳотлар режасини "иддаоли" деб атаган.

Тошкентда журналистларга гапирган Британиянинг юқори мартабали дипломатига кўра, ўзбек ҳукуматининг виртуал қабулхона ва бошқа мулоқот механизмларини ишга тушириши "кўплаб ижобий натижалар"га сабаб бўлмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ