Ўзбекистон ва Тошкент: Палов ўлдирмайди

Ўзбекистон: Палов ўлдирмайди - палов организм учун жуда фойдали ҳисобланади.

Биласизми ёки йўқ, у азал-азалдан парҳез таом саналади, - дейди Тошкентдан Ўзбекистон Ошпазлар Уюшмаси Бош технологи.

Толибжон Умаралиевнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, дунёда, барибир, ўзбек паловининг мазаси ва қувватига етадигани йўқ.

Суҳбатдошимизнинг ҳозирда марҳум ўзбекистонлик таниқли олим, академик Карим Маҳмудовга иқтибосан айтишича, паловнинг юздан ортиқ хили мавжуд.

Аммо уларнинг ҳеч бири бир-бирига ўхшамайди ва бетакрордир.

Мутахассис сифатида мен шуни айтишим керакки, палов парҳез таом ҳисобланади, чунки асосан буғда пиширилади, дейди Толибжон Умаралиев.

"Тўғри, биринчи қовуриш жараёнлари кетади. Ундан кейин қайнатилади. Ана шу қайнаш жараёнида паловнинг зирвагига масаллиқлар таркибидаги барча озуқавий моддалар ўтади. Қолаверса, охирида гуруч кўп ҳолларда ивитиб солинади".

Бош технологга кўра, "Мана шунинг учун ҳам палов организм учун жуда фойдали ҳисобланади".

Паловнинг таркибида оқсил, углевод ва ёғ моддаларига бой маҳсулот-масаллиқлар бўлади.

Шу боис ҳам, жуда катта қувватга эга таом ва уни истеъмол қилган одам доим ўзини бақувват, соғлом ҳис қилади.

Видеолавҳамизни бир томоша қилиб, суҳбатимизга қулоқ тутишни сиз ҳам унутманг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek