Ўзбекистон: Уйи бузилган тадбиркор Тошкент шаҳар ҳокими билан нега учраша олмаяпти?
Тошкентда қурилаётган уч қаватли уйи оғзаки буйруқ билан бузилган тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев пойтахт ҳокими Ортиқхўжаев билан учраша олмаяпти. Тошкент шаҳар ҳокимияти Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 15 апрель куни фаоллар билан йиғилишга нима учун келмаганига изоҳ берди.
Изоҳда айтилишича, 12 апрель куни ёзилган мактуб, ҳокимият канцеляриясига 15 апрель куни эрталаб ташлаб кетилгани учун учрашувга ҳокимиятдан ҳеч ким бормаган.
"Учрашувга 12 апрелда ёзилган таклиф хати ҳокимлик канцеляриясига 15 апрель куни эрталаб ташлаб кетилган. Ҳокимият иш Регламентига кўра, кун давомида қабул қилиб олинган мурожаат ва таклифлар ҳамда бошқа хат-ҳужжатлар рўйхатга олиниб, тегишли масъуллар белгиланиб, ҳокимнинг котибиятига йўналтирилади. Йиғилган корреспонденция кун охирида тегишли топшириқ ва жавобларни олиш учун ҳокимга тақдим этилади. Шуни инобатга олган ҳолда учрашув бўйича таклифни 3-4 кун олдин жўнатиш мақсадга мувофиқ бўлар эди", дейилади унда.
15 апрелда ғарб дипломатик ваколатхоналари, фуқаролик жамияти вакиллари¸ тадбиркор ва журналистлар иштирокида ўтказилган тадбир ўтказилган эди.
Унда кейинги йилларда ўзбекистонликлар орасида энг кўп эътироз ва норозиликка сабаб бўлаëтган бузилиш ва қурилишлар жараëни муҳокама қилинган.
Тадбир ташаббусчилари учрашувга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева номига таклифнома ёзилганлигини, бироқ улар келмагаганини айтган эди.
Учрашувда ис газидан етти киши ҳалок бўлиши натижасида Тошкентда қурилаётган 3 қақатли уйи оғзаки буйруқ билан тунда бузиб ташланган тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев ҳам қатнашган.
5 апрель куни матбуот анжумани ўтказган ҳоким Жаҳонгир Ортиқхужаев Хўжаевни танимаслиги лекин у билан мулоқотга ҳозирлиги ва истаса журналистлар олдида, истаса якка ҳолда гаплашишга тайёрлигини билдирганди.
Бироқ орадан 2 ҳафтадан кўпроқ вақт ўтса ҳам учрашув содир бўлмаяпти.
Муҳаммадбобур Хўжаев Тошкент шаҳар ҳокимиятига бир неча маротаба қўнғироқ қилиб ҳоким билан учрашишга ҳаракат қилгани, бироқ бунинг уддасидан чиқа олмаётганини билдирди.
Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати эса тадбиркор ҳокимиятга қўнғироқ қилмаганини билдирди.
Хўжаев Би-би-сига 11 апрел куни Тошкент шаҳар ҳокимияти қабулхонасига қилган қўнғироқлари тарихи акс этган скриншотларни юборди.
Улардан тадбиркор ростдан ҳам ҳокимиятга тегишли 210 01 10 телефон рақами билан 3 дақиқа гаплашганини кўриш мумкин.
Ушбу маълумотларни эшитган Тошкент шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати "ким гаплашган ва нима бўлганининг тагига етишини" маълум қилди.
Тадбиркор Муҳаммадбобур Хўжаев ҳоким мулоқот қилишга тайёрлигини айтиб турган бир вақтга, унга нисбатан ҳокимият томонидан босим ва ёлғон хабарлар тарқатиш давом этаётганини айтмоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek