Ўзбекистон-Жанубий Корея: Тошкент ва Сеул уч карра стратегик шерикка айланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Prezident.uz

Икки давлат раҳбарлари Тошкентдаги музокаралар сўнггида алоҳида стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларацияни имзолаган.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматининг иқтибос келтиришича, Президент Мун Чжэ Ин Мирзиёев бошлаган ислоҳотларни олқишлаган.

"Шавкат Мирзиёев ҳамма соҳалардаги - сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий ҳаётга доир ислоҳотлари билан Ўзбекистонни янги тараққиёт босқичи сари етакламоқда. Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтардик ", - деб айтган Ўзбекистонга тўрт кунлик давлат ташрифи билан келган Мун Чжэ Ин.

Бу Мун Чжэ Иннинг Марказий Осиёга илк ташрифи, аммо Президент Мирзиёев билан иккинчи учрашувидир.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Мирзиёевнинг Ж.Кореяда: 3 та факт

Икки раҳбар 2017 йил ноябрида Президент Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи чоғида учрашган.

Жанубий Корея президентининг минтақага ташрифи Туркманистондан бошланган ва Қозоғистонда ниҳоясига етади.

Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон Жанубий Кореянинг Янги Шимол Сиёсатида муҳим шериклар ҳисобланади.

Сеулнинг ушбу сиёсати Россия ва Хитой дохил минтақа давлатлари билан иқтисодий ва дипломатик алоқаларни ривожлантиришни назарда тутади.

Мун шанба куни Самарқандга йўл олишдан аввал Ўзбекистон парламентида чиқиши кутилмоқда.

Учинчи декларация

Тошкент ва Сеул бундан аввал икки марта стратегик шериклик ҳақидаги ҳужжатларни имзолаган.

Уларнинг иккитаси марҳум президент Ислом Каримов даврида имзоланганди.

Булар Стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма декларация (2006) ҳамда 2014 йилда қабул қилинган Стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларациядир.

Мирзиёевнинг 2017 йил ноябрида Сеулга ташрифи чоғида ўзаро ҳамкорликка доир 60 дан ортиқ ҳужжат имзоланган.

Жумладан, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳукуматлараро меморандум имзоланган.

Унга мувофиқ, Жанубий Корея Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланишида кўмак беради.

Шавкат Мирзиёев жанубий кореялик ишблармонларнинг Ўзбекистондаги сармояларини ўз ҳимоясига олишини айтган.

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва тижорий шерикларидан бири ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek