Қозоғистон: Автобус ҳалокатида 11 киши нобуд бўлди, 3 нафари ўзбекистонлик

Сурат манбаси, Tengrinews.kz
Қозоғистоннинг Жамбил вилояти Қўрдай тумани ҳудудида рўй берган автобус ҳалокати натижасида 11 киши нобуд бўлган. 29 киши шифохонада қолмоқда. Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига кўра, 3 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлган.
Вазирлик хабарида айтилишича, яна 12 нафар ўзбекистонлик жабрланган.
Хабарда ҳалок бўлганлар ва жабрланганларнинг рўйхати келтирилган.
Ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари:
Абдухаликов У. 1993 йилда туғилган.
Калмуратов А. 1988 йилда туғилган.
Ермекбаева Д. 1972 йилда туғилган.
Жабрланган Ўзбекистон фуқаролари:
Олжабаев А. 1994 йилда туғилган.
Хайтбаев О. 1985 йилда туғилган.
Абдусатиров З. 1999 йилда туғилган.
Жуманиязов М. 1996 йилда туғилган.
Ахметова Р. 1994 йилда туғилган.
Мативджанов О. 1985 йилда туғилган.
Сейтмурат Д. 1987 йилда туғилган.
Ҳайдаров С. 1994 йилда туғилган.
Ильясов М. 1974 йилда туғилган.
Исмиддинов А. 1997 йилда туғилган.
Мамбетов Н 1971 йилда туғилган.
Жапаров Ш. 1984 йилда туғилган.
Муқумжонов С. 1999 йилда туғилган.
Tengrinews.kz сайтининг Қозоғистон ИИВ матбуот хизматига таяниб ёзишича, йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганларнинг 7 нафари Қозоғистон, 3 нафари Ўзбекистон фуқароси, яна бир кишининг шахси аниқланмаган.
"Жабрланган ҳолда шифохонага ётқизилганлар орасида эса Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор», дейилган хабарда.
Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг хабар беришича, ҳодиса 20 апрель маҳаллий вақт билан тонгги 5 да рўй берган.
Қўрдай туманидан ўтган Олма ота - Тошкент автойўлининг 181-чақирим масофасида кетиб бораётган "Тойота камри" машинаси юк машинаси билан тўқнашган.
Унинг орқасидан келаётган автобус бу машиналарга тўқнашишдан қочишга уринган. Натижада йўлдан чиқиб кетиб, ағдарилган.
Ҳодиса жойида 8 нафар одам ҳалок бўлган. Уч киши шифохонада жони узилган.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Президентига ҳамдардлик билдирган.
"Қўрдайдаги трассада рўй берган йирик ЙТҲ оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Шунингдек, кўплаб кишилар жароҳатланган. Уларнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Ўзбекистон Президентига телеграмма йўлладим. Йўлларимиздаги вазият хавотирли, бу ҳақда ИИВдаги йиғилишда ҳам гапиргандим. Ҳукуматга кечиктириб бўлмас чораларни кўриш ҳақида топшириқ бердим!", деган Қозоғистон Президенти.
Қозоғистон йўлларида Россияга отланган ёки қайтиб келаётган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг ҳалок бўлиши рўй бериб туради.
2018 йилнинг 18 январ куни Қозоғистонннинг Ақтўбе вилоятидаги Ирғиз тумани орқали ўтувчи Чикент-Самара йўналишида 55 ўзбекистонлик ва 3 қозоғистонлик ҳайдовчиси бўлган Сетра русумли автобус ёниб кетганди.
Натижада ҳожиса жойида 52 киши ҳалок бўлган, 5 киши жон сақлаб қолганди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek