Ўзбекистон: Каримов даврида қийноққа тутилган имомни зудлик билан озод қилиш сўралди

Собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов Фото муаллифлик ҳуқуқи Surat Ikromov
Image caption Собиқ имом Руҳиддин Фахриддинов ва ҳуқуқ ҳимоячиси Сурат Икромов

Ўзбекистон ҳукуматидан қаттиқ тартибдаги жазони ижро этиш колониясидан манзил колонияга кўчирилган собиқ имом Руҳиддин Фахриддиновни зудлик билан озодликка чиқариш сўралди. Фахриддиновни бориб кўрган ҳуқуқбон Сурат Икромов унинг соғлиғи ва кайфияти яхши эканлигини айтмоқда.

2006 йилда конституцион тузумга тажовуз, терроризм каби оғир жиноятларда айбдор деб топилган Тошкентдаги "Хўжа Нуриддин" масжиди собиқ имом-хатиби 17 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.

"Фахриддинов Чирчиқ шаҳрида жойлашган қаттиқ тартибдаги № 64/6 жазони ижро этиш колониясида жазо ўтаётган эди. Уч кун олдин Зангиота туманида жойлашган 42-манзил колониясига ўтказилибди. Бориб учрашиб келдим. Соғлиғи ва кайфияти яхши эди. Бундан олдин бўлган қаттиқ режимли колонияда диндор маҳкумларга нисбатан муносабат яхши томонга ўзгарганини айтди. Энди собиқ имомни озодлик чиқариш учун йўлларини излаяпмиз. Ҳукуматдан қонунга хилоф равишда озодликдан маҳрум қилинган Руҳиддин Фахриддиновни зудлик билан озодликка чиқаришни сўраймиз", - дейди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи раҳбари Сурат Икромов.

Ўзбекистондаги ҳуқуқ ҳимоячилари собиқ имомга нисбатан айблар сохталаштирилгани ва улар Фахриддиновни қийнаш орқали олинганини айтишади.

1967 йилда туғилган Руҳиддин Фахриддинов 2006 йил январида МХХ ходимлари томонидан қўлга олиниб, Ўзбекистон ИИВ органларига топширилган.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи хабарномаларида айтилишича, тергов давомида Руҳиддин Фахриддиновга нисбатан қийноқлар қўлланилган. Бироқ Фахриддинов "сохта айбловнома"га иқрор бўлиб қўл қўйиб бермаган.

"Сўнг таҳдидлар бошланди, бу ҳам қўл келмади. Шундан сўнг тергов ярамас ишга қўл урди - тергов ўтказилаётган пайтда Руҳиддиннинг 6 ёшли қизи ўз уйидан узоқ бўлмаган жойда қандайдир Қаландаров томонидан зўрланиб таҳқирланди. Қаландаров 9 йилга қамалди ва айнан шу ҳодиса айбланувчининг қилмаган айбларига "қисман" иқрор бўлишига мажбур қилди", дейилади гуруҳ чиқарган хабарномада.

Хабарномада айтилишича, имом-хатиб Руҳиддин Фахриддиновнинг суди бошланишидан уч кун олдин судда раислик қилувчи судья Жамшид Сайдалиев адвокат Рустам Тўлагановга ҳимояси остидаги мижози билан кўришишга рухсат бермаган.

"Бу ҳам етмагандек, у адвокатни суд залига ҳам киритгани йўқ. Суд жараёни асоссиз равишда ёпиқ тартибда ўтди, жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди биноси автомат билан қуролланган милиция ва МХХ ходимларининг наряди томонидан қуршаб олинди. Судланувчининг қариндошлари, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилар суд залига киритилмади".

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилар ташаббус гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирига, Ўзбекистон Республикаси Олий суд раисига мурожаат қилди.

Ташкилот таниқли уламо, имом-хатиб Руҳиддин Фахриддиновни тезда озод қилиш масаласини кўриб чиқишни сўраган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek