Ўзбекистон: газ йўқ, кўмир йўқ, таппи эса ўта зарарли? Ёқаверасизми?

Image caption Таппидан Ўзбекистон қишлоқларида кенг фойдаланилади

Куз келиб кунлар совий бошлагач ҳар биримиз яшаш жойимизнинг иссиқлигини таъминлаш ҳақида қайғура бошлаймиз. Агар уйингиз қишлоқ жойларда жойлашган бўлса, демак бу фикр сизни қишин-ёзин тарк этмайди. Пули бор одам ўтин олади, кўмир олади. Пули йўқлар ёки етарлича кўмир, ўтин сотиб олишга етмаганлар нима қилади? Ҳа, балли, таппи ёқади.

Ўзбекистон табиий газ заҳираларига эгалиги бўйича дунёда 14-ўринда туради. «Ўзбекнефтегаз» миллий холдинг компанияси табиий газ қазиб олиш бўйича дунёда 11-ўринни эгаллаб, йилига 60-70 миллиард куб метр табиий газ қазиб олади. Ўзбек газининг асосий қисми чет элга экпорт қилинади. Экспортдан келадиган маблағ эса юртимиздаги қурилиш, бунёдкорлик ишларига сарфланади. Ҳар ҳолда шундай деб яхши гумонда бўламиз.

Лекин мана шунча маблағ мамлакат аҳолишининг қиш бўйи совқотиб, қўлбола иситиш мосламалари ишлатишига, бунинг оқибатида эса ис гази каби турли хавфли газлардан заҳарланиб ҳалок бўлиш даражасига боришига арзирмикан? Ушбу мақолада аслида газ заҳирамиз ёки кўмир ёқиш ҳақида эмас, айнан таппи ҳақида ёзишни мақсад қилган эдик.

Таппини фақат биз ёқамизми?

Бундай олиб қарасангиз, қорамол гўнги қишлоқ хўжалигида деҳқоннинг дастёри ҳисобланади. У билан ерга ишлов бериш, тупроқ унумдорлигини ошириш мумкин. Қуритилган қорамол гўнгидан эса биоёқилғи сифатида фойдаланиш мумкин. Таппидан фақатгина Ўзбекистонда фойдаланишмайди. Осиё, Африкадаги кўплаб давлатларда таппи қишлоқ аҳолисининг энг асосий ёқилғиси ҳисобланади. Жумладан, Афғонистон, Бангладеш, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Непал, Покистон, Қирғизистон, Тожикистон, Монголияда ёз бўйи қуёшда қуритилган қорамол гўнги қишлоқ аҳолиси кенг ишлатадиган ёқилғи тури ҳисобланади. Африка давлатларининг ҳам аксарияти бундай таппилардан кенг фойдаланади.

Таппининг қандай фойдали жиҳатлари бор?

Ҳайвон гўнгини таппи қилиб ундан биоёқилғи сифатида фойдаланилар экан, маҳаллий аҳоли унинг қуйидаги фойдали жиҳатлари борлигини айтади:

  • Бошқа алтернатив ёқилғи турларидан жуда ҳам арзон;
  • Самарали ёқилғи тури;
  • Маҳаллий ўрмон ресурсларининг тезликда кесилишини олдини олишда ёрдам беради;
  • Осонгина қўлга киритилади, ҳатто уйда қорамол боқилмаган тақдирда ҳам қишлоқ йўлларида кунда бироз сайр қилиш орқали анчагина таппи йиғиш мумкин;
  • Сотиб олинганда ҳам жуда арзонга тушади ёки бошқа товар билан алмашиниши мумкин;
  • Бошқа ёқилғи турларига қараганда атроф-муҳитни камроқ ифлослантиради;
  • Таппи ёрдамида ҳайвон гўнгидан осон халос бўлиш мумкин;
  • Энг муҳими доимий ва қайта тикланувчи энергия.

Таппининг зарари бўлиши мумкинми?

Мана шу ердан мақоламизнинг бироз дилни хира қиладиган қисми бошланади. Буюк Британиялик ва ҳиндистонлик тадқиқотчилар айнан таппи борасида илмий тадқиқот ўтказишди. Унинг инсон организмига таъсири қай даражада эканлигига баҳо бериш тадқиқотнинг асосий мақсади этиб белгиланди.

Ўтказилган текширишларнинг кўрсатишича, вентиляцияси йўқ хона ичида ёқилган таппи ўзидан жуда фаол юқори оксидловчи хусусиятга эга майда заррачаларни ажратади. Нафас йўллари билан одам ичига тушган бундай майда заррачалар нафас йўли касалликларини келтириб чиқариши, сурункали астма, бронхитни юзага келтириши мумкин.

Тадқиқот натижалари илмий жамоатчилик орасида жуда ҳам нуфузли бўлган "Particle and Fibre Toxicology" (импакт фактор - 6,105) журналида чоп этилди.

Таппининг зарарлари фақат мана шу билан якунланмайди. Совуқ тушганда биринчи ёрдамчимиз бўлган таппи бизнинг саломатлигимизни секин-асталик билан емириб борувчи яна бир қатор зарарли моддаларни чиқариши билан кишининг ақлини шошириб қўяди.

Жумладан, таппи ёнганида ўзидан ҳавога полициклик ароматик углеводородлар гуруҳига кирувчи моддаларни ажратиб чиқаради. Булар ҳавони ва атроф-муҳитни бузувчи органик ифлослантирувчилар ҳисобланиб, полициклик ароматик углеводордларнинг киши саломатлигига қандай таъсир қилишини мутахассислар жуда яхши билишади.

Улар қаторидаги диоксин ва хлорофенол каби моддалар киши ДНКсига кучли таъсир этувчи канцероген (саратон келтириб чиқарувчи) хусусиятга эга ҳисоблади. ДНК таъсир қилувчи ҳар бир нарса мутация келтириб чиқаради. Бу секин-асталик билан турли хилдаги нуқсонлар билан туғилиш эҳтимоллигини ошириб юборади.

Таппи ёқилган хонада бўлган кишилар организмида жуда секин асталик билан турли касалликларнинг юзага келишига сабаб бўлади. Масалан, диоксиннинг 0,5 микрограмм/кг миқдордаги даражаси айрим организмлар учун ҳалокатли ҳисобланади. Хлорофенол эса бундай таъсирни 600 миллиграмм/кг бўлганда юзага келтиради. Ушбу моддаларнинг мунтазам киши организмига таъсир этиб бориши, одам қонида эритроцитларнинг емирилишига ва иммун тизимининг сусайишига олиб келади.

Қишлоқ жойлардаги болалар ва аёллар орасидаги камқонлик, иммунитетининг пастлиги бежиз эмасдир, ҳарҳолда.

Таппи ёқилган ҳаводаги мишяк миқдорининг ортиши ҳам санаш мумкин бўлган хавфлардан бири десак адашмаймиз. Нормал ҳолатда бир куб метр ҳаво таркибидаги мишяк миқдори 0,4-30 нанограммгача бўлиши белгилаб қўйилган. Ушбу миқдорда мишяк одам организмига хавфли таъсир кўрсатмайди. Лекин ёпиқ, вентиляцияси йўқ хоналарда ёқилган таппи натижасида хона ҳавосининг ҳар 1 куб метридаги мишяк миқдори 250-420 нанограммгача ортгани аниқланган.

Олимларнинг таъкидлашларича бундай хонада нафас олган киши организмига 25% ҳолатда мишяк ютилади. Бундан ташқари хона ҳавосидаги ушбу мишяк хонадаги сув, озиқ-овқат маҳсулотлари юзасига қўниб киши организмига тушади. Бундай ҳаводан нафас олувчи кичилар йўтал, сурункали бронхит ва бошқа нафас йўллари касалликлари юзага келиши кузатилади.

Таппининг шунча зарари бўлса нега одамлар ундан бемалол фойдаланиб ётибди?

Мақолани ўқиган ҳар бир кишида юқоридаги савол туғилган бўлса ажаб эмас. Бир қарашда ҳеч ким таппига эътироз билдирмагандек туюлади, лекин аслида ҳам шундаймикан? Қишлоқларда яшовчи маҳаллий аҳолиси таппидан кенг фойдаланадиган Ҳиндистон, Бангладешдаги кўплаб нодавлат ташкилотлар қишлоқ аҳолиси саломатлигига таъсир кўрсатувчи омиллар орасида мана шу таппи ёқиш ҳам борлигини таъкидлаб доимий равишда аҳолига унинг зарарлари ҳақида айтиб, ундан фойдаланмаслик ҳақида бонг уриб келади.

Лекин бошқа алтернатив ёқилғиси бўлмаган маҳаллий аҳолининг мана шундай таппи ёқишдан бошқа иложи қолмагандан кейин бундай чақириқларни одатда эътиборсиз қолдиради. Ростдан ҳам овқат пишириш учун ўт ёқишга ҳеч вақоинг бўлмаганидан кейин, қишда уйингни иситиш учун на газ, на ўтин ва на кўмиринг бўлмаса, минг зарар бўлса ҳам тирик қолиш учун таппи ёқаверасан-да!

Мақола ёзиш давомида Фейсбукдаги фаол гуруҳларнинг бирида «Таппининг зарарлари ҳақида нималарни биласиз?» кўринишида савол билан мурожаат қилиб, шу мавзуда мақола ёзилаётгани ҳақида пост қилдирдим. Пост муҳокамасига киришиб кетган юртдошларимизнинг қолдираётган изоҳларидан уларнинг кўпчилиги таппининг зарарли томонлари борлигини, киши саломатлигига салбий таъсир қилувчи хусусияти мавжудлиги ҳақида етарлича маълумотга эга эмаслиги кўринади.

Лекин улар орасида бошқа ёқадиган нарсамиз бўлмаса, бизга ҳам ҳавас эмас таппи ёқиш қабилидаги изоҳлар ҳам бор.

"Кейинги йил таппи ёқишдан ўласан дейишса ҳам ёқавераман. Чунки ёқадиган бошқа нарсам йўқ" деган изоҳни ўқиганимдан кейин, одамларга нақадар қийин эканлигини яна бир бор ҳис қиламан. Баъзи изоҳ қолдирувчилар эса ўтган йилда қишда кўмир ёқишга мўлжалланган қўлбола печкалардан ис гази чиқиши туфайли ҳукуматнинг ушбу печкаларни ишлатишни чеклашига шаъма қилиб саволга ҳазилона «Илтимос, шу мақолангизни ёзмай қўяқолинг. Агар, мақолангиз бирор-бир «КАТТАКОН»нинг қулоғига етса таппини қонун билан тақиқлаб қўйишмасин» деб муносабат билдиради.

Аслида бу мақолани аҳолига мана сиз ёқаётган таппи қандай зарарлар келтириб чиқарар экан, таппи ёқманг деган мақсадда ёзмадим. Бу мақола аҳолиси таппи ёқишга мажбур бўлаётган ҳудудларнинг раҳбарлари учун ёзилди. Мамлакатнинг бирламчи бойлиги бу фуқароларининг саломатлиги бўладиган бўлса, бу ишга албатта жиддий ёндашиш лозим. Вақт ўтиб борган сари юзага келадиган муаммолар катталашиб бораверади. Катта йиртиққа эса катта ямоқ лозим бўлади. Бу ҳар биримизга қимматга тушади. Мана шуни унутмасак, аҳоли саломатлигига, бирламчи эҳтиёжларига эътибор қаратсак, ўйлайманки ҳеч қачон ютқизмаймиз.

Ток ё таппи: Ўзбекистон - энг орқада

Эрта қиш: Таппи нархи 3 мингга чиқди

Бир оила қишдан чиқиши учун 500 доллар керак

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek