Дунё ва Ўзбекистон: Собиқ парламент депутатига нега ватанига киритилмагани сабаби айтилмади

Насрулло Саййид

Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолиф сиёсатчи Насрулло Саййид нима учун ватанига қўйилмагани сабабини билмайди.

2019 йил 20 апрелида Истанбулдан Тошкентга учиб борган Насрулло Саййид аэропортда бир неча соат ушлаб турилган, Ўзбекистонга киритилмаганининг қонуний сабаблари унинг ўзига маълум қилинмасдан Туркияга қайтариб юборилган.

Тарихий Мустақиллик декларациясини қабул қилган ва мамлакат Мустақиллигини эълон қилган Ўзбекистон парламентининг аъзоси, мухолифатдаги "Эрк" Демократик партиясининг Бухоро вилоят бўлими раҳбари Насрулло Саййид 2005 йилги Андижон ҳодисаларидан кейин ватанни тарк этишга мажбур бўлган.

Бунга таниқли таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг 2005 йилги Андижон қирғинига бағишлаб айтган қўшиғини тинглаган, деган айблов билан Насрулло Саййиднинг устидан жиноят иши очилгани, айни айблов билан Бухоро вилоятида бир неча инсонни қамашгани сабаб бўлган.

Сиёсатчи Канадада бошпана топган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи OFFICIAL PAPER
Image caption Насрулло Саййиднинг Ўзбекистонга кириши рад этилган рус тилидаги қоғозда рад этиш сабаби тушунтирилмаган.

Насрулло Сайид бирор бир жиноят содир этмагани, ўзига нисбатан қўзғатилган жиноят иш мантиқсизлик экани ҳақида Ўзбекистон парламенти, масъул вазирлик ва идораларига кўплаб маротаба мурожаат қилган.

Фаол Канадада яшаётган бўлса-да, у мамлакатнинг фуқаролигини олмаган.

Аммо Насрулло Саййидга Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум этилганини хабар қилишган ва Канада паспорти билан Ватанига бора олиши мумкинлигини айтишган.

Шундан кейингина Канада фуқаролигини олиб, сайёҳ сифатида Ўзбекистонга борган Насрулло Саййидни Тошкент аэропортида ушлаб туришган.

У Ўзбекистонга киритилиши сабаби тушунтирилмаган ва рус тилида ёзилган, Чегара назорати зобитининг имзоси бор, аммо "Ўзбекистон Ҳаво йўллари" ширкати вакилининг имзоси қўйилмаган қоғоз билан Туркияга қайтариб юборилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ