Ўзбекистон: Чиноз аҳли ахлат сувни ичяптими?
Тошкент вилоятининг Чиноз туманидаги Ёввош маҳалласи аҳли кўп йиллардан бери бадбўй ҳид ва касалликлар ичида яшаб келяпти.
Кўп қаватли биноларнинг тешилган канализация қувурларидан чиқадиган ахлат уларнинг ховлиларидан оқадиган ариқларга аралашиб кетмоқда ва томорқаю соғлиқларини заҳарламоқда. Мева ва сабзавотлар шу сув билан суғорилмоқда, чорва моллари ҳам шу сувдан озиқланмоқда.
Бу борада Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, Кун.уз мухбирлари лавҳалар тайёрлашди, аммо бирон натижа йўқ, дейди маҳалли аҳли.
Сув ва ҳавонинг заҳарланиши манзарасида маҳалла аҳли орасида турли касалликлар келиб чиқмоқда. Аёллар ва ёш болаларда яра тошиб кетиши, катталарда нафас йўллари ва жигар касалликлари аниқланган.
Бу касалликлар канализация сувига қанчалар боғлиқ экани бўйича тиббий тадқиқот ўтказилмаган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса маҳаллага йўллаган хатида Чиноздаги канализация тизими билан боғлиқ ночор аҳволни тан олган.
Маҳалла аҳлининг айтишича, Чиноз туманига 2017 йилдан бери ҳокимлик қилаётган Акмалхон Мадиев уларнинг илтимосларига қарамай, бирон марта вазият ўз кўзи билан келиб кўрмаган.
Би-би-си билан қисқа суҳбатда Чиноз ҳокими барча ишлар режадагидек олиб борилаётганини айтди, аммо алоқани тезда узиб қўйди.
Республика миқёсида маълум бўлиб улгурган, ҳамда вазирликлар огоҳ бўлган муаммони ечишга пул ажратилганми, ҳамда бу пуллар нималарга сарфлангани ҳақидаги саволларимиз очиқ қолди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek