Ўзбек қизлари ва хорижлик куёв: Хўрланган, зўрланган, ёрдамга муҳтож

Ўзбек қизлари ва хорижлик куёв: Хўрланган, зўрланган, ёрдамга муҳтож

Бу каби ҳолатга биргина жабрдийда ўзбек қизларининг сўнгги пайтларда сони ортиб бораётган ошкора иқрор ва мурожаатларининг ўзигина далолат қилмайди.

Шу ой бошида асли андижонлик Шодиёна Давлатованинг ўзи тушиб борган Хитойдаги аҳволидан қилган шикояти бу масалага ҳатто Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг эътибор қаратишига сабаб бўлган.

Вазирлик оммавий-ахборот воситаларида пайдо бўлган мазкур материаллар юзасидан расман изоҳ беришгача борган.

Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси маълумотларига таяниб, ҳатто, Хитойда худди шундай ҳолатга тушган ўнлаб фуқаролари борлигини ҳам расман эътироф этган.

Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси томонидан уларнинг шахсини аниқлаш ва консуллик ёрдами кўрсатиш бўйича тегишли ишлар ташкиллаштирилганини маълум қилган.

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, бунақаси мамлакат мустақиллиги тарихида деярли кузатилмаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DEA / M. BORCHI

Воқеаларнинг бу каби ривожи манзарасида шу кунларда пойтахт Тошкентдан бошқа бир хабар ҳам олинган.

Унда эндиликда Ўзбекистонда хорижликларга турмушга чиққан аёлларнинг рўйхати тузилиши ҳақида айтилган.

Маълум қилинишича, йиғилганлар айни қарордан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг 22 апрел кунги матбуот анжумани чоғида огоҳ этилишган.

Бу ҳақда қатор ўзбекзабон интернет нашрлари хабар беришган.

Сиз қўшни давлатдан уйланиш учун 50 000 доллар қалин тўлашга рози бўлармидингиз?

Ўзбекистонлик ўзбек қизига ошиқ афғон йигитининг боши нега қотган?

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси: чорак миллион аёл четга чиқиб кетган

Рўйхат

Фото муаллифлик ҳуқуқи oneworld picture

Мазкур хабар тафсилотларидан аён бўлишича, рўйхат бу каби келинлар билан боғланиш ва уларнинг турмуш шароитларини ўрганиш мақсадини кўзда тутган.

Хитой фуқароси билан қонуний никоҳда бўлган Шодиёна, "илтимос қиламан, менга ёрдам беринглар. Мана шу ҳолатларни кўринглар. Улар мени ваҳшийларча қийнашади", - дейди, жумладан, "Озодлик" радиосининг видеолавҳасида.

Мобил телефонида олингани экани кўрилган видеосида шу сўзларни айтаркан, асли андижонлик бу ёш жувон эрининг Хитойдаги уйида қандай аҳволда тутиб турилгани тасвирлари билан ҳам бўлишади.

"Қийнашади, эшикларни қулфлаб олсам, синдиришади. Илтимос сизлардан, менга ёрдам беринглар", - дейди Шодиёна яна энг сўнггида ҳам.

Ўзбек қизлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи JOHANNES EISELE

"Озодлик" радиосининг худди шу видеолавҳасида Хитойдаги эри ва унинг оила аъзолари томонидан азобга тутилаётганини айтган яна бир ўзбекистонлик қиз ҳам ўзининг аҳволидан шикоят қилади.

Уларнинг ҳар иккиси ҳам ортга қайтишда ўзларига кўмак беришларини сўрашади.

Хориждаги ўзбек келинларининг мазкур видеолавҳада тасвирлангани қадар аҳволда тутиб турилишгани ёки умргўзаронлик қилишаётганига оид тафсилотлар шу пайтгача матбуотда бу қадар очиқ ифода топмаган.

Худди шу манзарада Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўзининг билдиришномасида Хитойга қонунан оила қуриб борган яна бир фуқароларининг аҳволига ҳам батафсил тўхталган.

Вазирлик Пекиндаги элчихоналари Хитойнинг тегишли ҳукумат органлари билан биргаликда бу борада тегишли чоралар кўраётганини таъкидлаб ўтган.

"Озодлик" видеолавҳасида Шодиёна сўнгги икки ойда ёрдам сўраган Хитойдаги учинчи ўзбек келини экани алоҳида қайд этилади.

Маҳаллий кузатувчилар кузатувлари қолган Марказий Осиё давлатлари қаторида Ўзбекистонда ҳам мамлакат мустақиллиги ортидан бу каби никоҳлар сони ортиб бораётганига далолат қилади.

Улар бу каби давлатлар сифатида асосан Туркия, Жанубий Корея, Россия ва (айниқса, сўнгги йилларда - таҳр.) Хитойни ҳам тилга олишади.

Одатда, бу каби никоҳлар воситачи фирмалар воситасида қурилиши айтилади.

Уларнинг орасида кам таъминланган оилаларнинг қизлари баробарида ўзига тўқларининг борлиги ҳам кузатилади.

"Шу пайтгача Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлимлари, элчихоналарида кўпроқ паспорт, виза каби ҳужжатларни расмийлаштиришга эътибор қаратилган. Яъни, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, четда юрган фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналиши яхши ривожланмаган. Улардан айни йўналишни кўпроқ ривожлантириб, юристлар сонини кўпайтириб, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар бор бўлган давлатларда шунга кўпроқ эътибор беришларини сўраб қолган бўлардик", - дейди Москвадан юрист Ботиржон Шермуҳаммад.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek