Дунё, янгиликлар: Саудия Арабистонида маҳбуслар хочга тортиш билан қатл қилинадими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Саудиялик маҳбус қатлдан сўнг хочга тортилди

Давлат матбуоти тарқатган хабарга кўра, Саудия Арабистонида ўлимга ҳукм этилган бир маҳбус қатл этилиб, сўнг хочга тортилган. У терроризмда айбланиб, сешанба куни қатл этилган 37 шахснинг бири бўлган.

Матбуотда юз кўрган расмий баёнотда бу шахсларнинг «террорчи экстремист ғояларни ўзлаштириш, террорчи гуруҳлар тузиш»да айблангани ва «жамиятнинг тинчлик-хавфсизлиги»га таҳдид солгани маълум қилинган.

Саудия Арабистонида қатллар, одатда, бошни танадан жудо этиш орқали амалга оширилади. Хочга тортиш амали эса ўта оғир жиноятларда айбланганларга нисбатан қўлланилади. Бироқ маҳбус майитини бундай таҳқирлаш жуда кам кузатилади.

Саудия ҳукумати қатллар бўйича расмий рақамларни ошкор қилмасада, Амнестй Интернатионал ташкилотининг тахмин қилишича, қироллик 2018 йилда 149, бу йилнинг ўзида эса 104 та қатлни амалга оширган.

Дунё, янгиликлар: Назарбоев президентликни қизига қолдирмасликка қарор қилдими?

Дунё, янгиликлар: Ҳажвчи президент Собиқ Иттифоқ давлатларига - Бунинг имкони бор!

Дунё янгиликлари: Шри Ланка портлашлари; Украина сайлови: Зеленский ютадими ё Порошенко?

Шимолий Корея раҳбари илк бор Россияга келди

Фото муаллифлик ҳуқуқи ALEKSANDR SAFONOV/TASS

Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин президент Путин билан илк бор учрашиш мақсадида Россияга келди. Мамлакат матбуоти «севимли раҳбар»нинг ўз зирҳли поездига кузатиб қўйилаётгани тасвирланган суратларни тарқатган.

Уни чегарадаги Хасан станциясида ҳукумат ва маҳаллий даражадаги россиялик мулозимлар кутиб олган. Қисқа учрашувдан сўнг жаноб Ким Владивосток шаҳри томон йўл тушган.

Россия матбуоти хабарларига кўра, Владимир Путин бугун Владивостокка учиб келади. Икки раҳбарнинг илк учрашуви шу ердаги Узоқ Шарқ Федерал Университети ётоқхонасида ўтиши кутилмоқда.

Экспертлар АҚШ билан музокараларнинг муваффақиятсизликка учраши ортидан жаноб Ким ўзига янги қўлловчи давлат излаётганини айтади. Кремль сўзчиси Дмитрий Песков бугунги учрашувда икки томонлама муносабатларни ривожлантириш, Корея яриморолини ядро қуролидан ҳоли этиш ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама этилишини маълум қилган.

Шри Ланка худкушлари ҳақида нималар маълум?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Мамлакат Бош вазири Ранил Викремесингҳга кўра, якшанба куни юз берган портлашлар ортида Исломий Давлат турган бўлиши мумкин. Шри Ланка полицияси ўзини портлатган тўққиз худкушдан саккизтасининг шахси аниқланганини маълум қилган.

Исломий Давлат портлашларга масъулиятни ўз бўйнига олган, аммо буни исботлайдиган бирор далил келтирмаган. Бугун қонли ҳужумлар қурбонларининг сони 359 нафарга етган.

Бугун бўлиб ўтган матбуот конференциясида мудофаа вазири ўринбосари Руван Вижевердене худкушларнинг шахси ҳақида кўпроқ маълумот берган. Унга кўра, террорчиларнинг аксарияти яхши таълим кўрган ва ўрта ёки юқори ўрта табақага мансуб оилалардан чиққан. Жаноб Вижевердене улар ва оилаларининг ўзига тўқ бўлганини таъкидлаган.

Айни вақтда Шри Ланка хавфсизлик хизматлари худкушлар ва Исломий Давлат ўртасида воситачалик қилган маҳаллий шахсларни аниқлашга уринмоқда. Аввалроқ, ҳукумат портлашларда National Thowheed Jamath маҳаллий радикал исломий гуруҳини айблаб чиққан эди.

Шунингдек, мамлакат Бош вазири ушбу террорчилик хуружи март ойида Янги Зеландиянинг Крайсчўрч шаҳарчасидаги икки масжидга уюштирилган ҳужумга жавоб бўлиши ҳам мумкинлигига ишора қилган.

Миррихда илк бор зилзила кузатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи NASA/JPL

НАСАнинг InSight зонди илк бор Марс юзасида сейсмик фаолликни қайд этган. Бу инсоният томонидан Ер ва Ойдан бошқа фазовий жисмда аниқланган илк зилзиладир.

InSight зондининг сенсорлари 6 апрел куни заиф силкинишни пайқаган. Олимларнинг айтишича, бу силкинишга сайёранинг ички қисмидаги ҳаракатлар ёки метеорит зарбаси сабаб бўлган бўлиши мумкин.

НАСАнинг ушбу зонди ўтган йилнинг ноябрь ойида «қизил сайёра»га келиб қўнган эди. Унинг вазифаси Марснинг ички қисми ҳақида маълумот тўплашдан иборат. У яна икки йил давомида Марсни ўрганиш билан машғул бўлади.

Олимлар InSight ёрдамида Ер ва Марс босиб ўтган эврилишнинг турли босқичлари тўғрисида янгидан-янги маълумотларни қўлга киритишдан умид қилмоқдалар.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek