Ўзбекистон Россия таҳдидини яхши билади, Тошкент Москвадан масофа сақлайди

Ўзбекистон Россия таҳдидини яхши билади, Москвадан масофа сақлайди.

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Покистон ва Туркия билан ҳамкорликда Ўзбекистонда бошланган қўшма ҳарбий машғулотлар худди шу нарсага ҳам далолат қилади. Бу каби машқлар Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Беш кунлик ҳарбий машғулотлар 22 апрел куни бошланган ва Жиззахдаги "Фориш" ҳарбий полигонида бўлиб ўтмоқда.

"Ҳамдўстлик қалқони - 2019" биргина Ўзбекистон тарихида Туркия ва Покистон иштирокидаги биринчи қўшма ҳарбий машғулот экани билангина минтақавий экспертларнинг эътиборларини ўзига тортмаган.

Бу - Ўзбекистон янги президенти Шавкат Мирзиёев қудратга келган икки йилдан сал ортиқроқ вақт ичида ўтказаётган кўплаб қўшма ҳарбий мақшларнинг навбатдагиси бўлади.

Яъни, Ўзбекистон айни шу давр оралиғида бунга ўхшаш машғулотларга зўр берган, бунгача Франция, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳарбийлари билан бирга машқ қилиш, тажриба алмашишга улгурган.

Устига устак, расмий Тошкент ҳарбий-сиёсий тактикасидаги бу каби янгиланиш, ўзгаришлар Ўзбекистоннинг Афғонистонга оид тинчлик музокараларида муҳим ўрин тутиш, рақиб томонлар ўртасида воситачилик қилиш ҳаракатлари манзарасида кузатилган.

Ўзбекистон, Тошкент ва Мирзиёев: Ўзбек жангарилари ортга қайтишадими?

Ўзбекистон ва Яқин Шарқ: ИШИД сўнгги қишлоғи олинди. Ўзбеклар қаерга кетди?

Ўзбекистон - Россия: Ўзбекистон фуқаролари таҳдидми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи VCG

Бошқа томондан, кетма-кет қўшма ҳарбий машғулотлар минтақадаги икки қудратли геосиёсий ўйинчи - Россия ва АҚШ ўртасида танглик кучайган, икковлон орасидаги алоқаларга жиддий дарз етган бир манзарада амалга ошган.

Бунга қўшимча, Хитойнинг минтақадаги ўрни ва манфаатларини ҳам назарда тутган экспертларнинг шу каби ҳолатларида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг, таъбир жоиз, қанчалик "Сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган" сиёсат олиб боришга қодир бўлишлари саволи фонида бўй кўрсатган.

Минтақадан олинган хабарларга кўра, Ўзбекистон, Покистон ва Туркия ҳарбийлари "Фориш"да айнан жаҳон ва минтақада кескин ўзгариб бораётган ҳарбий-сиёсий вазият, миллий ва глобал хавфсизлик соҳасида рўй бериши мумкин бўлган хатар ҳамда таҳдидларга қарши курашишнинг энг маъқул усул ва услубларини қўллаш борасида ўзаро тажриба алмашишади.

Ўзбекистон, неча ўн йилдирки, дунёнинг энг қайноқ саноқли нуқталаридан бири бўлиб қолаётган Афғонистонга бевосита чегарадош минтақа давлатларидан бири бўлади.

Афғонистон, бундан ташқари, Сурия ва Ироқ қаторида жаҳоннинг ўзбек жангарилиги муаммоси ҳануз ўз кучини йўқотмаган учта давлатидан биттаси саналади.

Асл илдизлари Ўзбекистонга бориб тақалувчи Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва улар сафларидан ажралиб чиққан "Исломий Жиҳод Иттифоқи" сўнгги йигирма йилдан ортиқроқ вақт давомида асосан Покистон ва Афғонистонда фаолият юритиб, жон сақлаб келган.

Сўнгги йилларда ҳам афғон ҳукумати, ҳам коалиция кучлари ва ҳам Толибон ҳужумлари натижасида ҳар икковлон ҳам жиддий заифлашган.

Ҳозирда омон қолган жангариларининг сонини бир неча ўнга нисбат бериш мумкин, афғон ҳукумат кучларига таслим бўлган муайян сондагиси Афғонистон ҳибсхоналарида, ИШИДнинг Дарзобдаги қароргоҳи яксон этилиши ортидан, гуруҳ байроғи остида Афғонистон шимолида фаолият юритиш истагида бўлгани айтилган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва лидери Тоҳир Йўлдош ўғлининг тақдири ҳам номаълум қолмоқда.

Аммо сўнгги йилларда ўзбек жангарилари Яқин Шарқда "Имом Бухорий" катибаси, "Тавҳид ва Жиҳод" қиёфаси ва ИШИДнинг "Хуросон" қаноти сафларида қайта бўй кўрсатишган.

Ироқ, Сурия, бунга қўшимча, АҚШ ва Россия каби иттифоқчи давлатлар ҳукуматларининг яқинда қилган ғалаба баёнотлари манзарасида эса, айнан ўзбек жангариларининг тақдири халқаро ҳарбий таҳлилчилар эътирофида ҳануз мавҳум қолаётганларидан бири сифатида эътироф топган.

Худди шу манзарада, агар, ортга, Ўзбекистонга қайтгудек бўлишса, Афғонистон ёки Яқин Шарқдагиси, бирор бир ўзбек жангари гуруҳи эмас, айнан ана шу жангарилар потенциал хавф бўлиши мумкинлигига оид башоратлар, баҳолар янграган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Бундан бир неча ой бурун кутилмаганда Ўзбекистонда Мудофаа вазирлиги тревога бўйича кўтарилган.

Бунга шахсан Ўзбекистон президенти ва Қуролли Кучлари Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ўзи фармойиш берган.

Беш кун давомида Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги текширилган.

Ўшанда ҳам бунақаси мустақил Ўзбекистон тарихида шу пайтгача кузатилмагани айтилган.

Бунинг ортидан Ўзбекистонда ҳарбийларнинг жанговар шайлигини текширишга қаратилган турли тадбир-амалиётларнинг кучайгани кузатилган.

Ўзбекистонда кечаётган воқеаларнинг бу каби ривожи ҳам аксарият таҳлилчиларнинг диққат-эътиборларини ўзига жалб этмай қолмаган.

Би-би-си Ўзбек Хизмати "Фориш"даги қўшма ҳарбий машғулотлар манзарасида буларнинг барчаси нимани англатиши саволи билан минтақадан икки етакчи эксперт - Досим Сатпаев ва Раҳимуллоҳ Юсуфзайга мурожаат қилди:

Досим Сатпаев, Қозоғистон

Қўшма ҳарбий машғулотлар ва геосиёсат...

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Досим Сатпаев: Менимча, бунинг асосий сабаби - Ўзбекистон шу йўл билан хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзининг кўп қутбли мавқеъда эканини намойиш қилмоқчи. Бошқа томондан, Ўзбекистон минтақада азал-азалдан ҳарбий-хавфсизлик масаласини ўзи учун устивор, деб билан давлат сифатида кўриб келинган. Марҳум президент Ислом Каримов даврида ҳам шундай бўлган. Шавкат Мирзиёев бошчилиги остидаги Ўзбекистоннинг янги ҳукумати ҳам буни алоҳида урғуламоқда. Минтақавий хавфсизлик, айниқса, афғон фактори ўзлари учун муҳим ўрин тутажагини таъкидлаётир. Мисол учун, қўшма ҳарбий машғулотларда Покистоннинг иштироки бунга мисол. Яъни, бу Ўзбекистон учун Покистон билан яқин сиёсий ва иқтисодий алоқаларни тутиб туришнинг жуда муҳим эканига далолат қилади. Чунки Покистон афғон можароси ечимида муҳим ўрин тутувчи минтақадаги ўйинчи давлатлардан бири бўлади. Қўшма ҳарбий машғулотларда Туркиянинг қатнашаётгани ҳам алоҳида аҳамиятга молик воқеълик. Чунки Ислом Каримов вақтида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги алоқалар энг аввало сиёсий важлар боис анчайин совуқ эди. Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати ижобий томонга кескин ўзгарди. Анқара билан муносабатлар ҳам илиди. Мирзиёев Туркия, Эрдўған Ўзбекистонга сафар қилди. Туркия туркийзабон давлатлар ҳамкорлик Кенгаши доирасида Ўзбекистонни ҳам ўзаро интеграция жараёнига тортишга фаол уринмоқда. Шу боис ҳам, Туркиянинг қўшма ҳарбий машғулотлардаги иштироки бежизга эмас. Ўзбекистон Туркия билан нафақат маданий, гуманитар, иқтисодий, балки-да ҳарбий соҳада ҳам ўзаро алоқаларини яхшиламоқчи. Бу эса, шу йўлда қўйилган қадам бўлади.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг янги ҳукумати, сизнингча, бу билан нималарни кўзламоқда, қолган минтақа давлатлари илова ташқи дунёга нима демоқчи?

Досим Сатпаев: Мавжуд геосиёсий вазият манзарасида дунё аксарият давлатларининг худди шунга ўхшаш ҳаракатда эканликларини кўриш мумкин. Улар ҳам ҳозир бор кучлари билан ўзларининг ҳарбий қудратлари, ўзларини ўзлари ҳимоя қилишга қанчалик қодир эканликларини намойиш этишга уринишмоқда. Форишдагисига ўхшаш қўшма ҳарбий машғулотлар эса, расман ташқи сиёсатининг тинчликсевар эканини баён қилишига қарамай, Ўзбекистоннинг ўз ҳарбий салоҳиятини фаоллик билан ошириш, турли ҳамкорлар билан биргаликда ўз Қуролли кучларини ҳар хил низоларга қарши тайёрлаш ҳаракатида эканини кўрсатади. Шунинг учун ҳам, менимча, Ўзбекистон турли қўшма ҳарбий машғулотлар билан ўз куч-қудратини ҳам намойиш этиб қўймоқчи. Бунга турли халқаро тадқиқот марказларининг ҳисоботлари ҳам мисол бўла олади. Агар, уларнинг хулосаларига таянилса, Ўзбекистон ҳар томонлама олганда, ўзининг жанговарлик салоҳияти бўйича Марказий Осиёда энг пешқадам давлат бўлади.

Би-би-си: Геосиёсат масаласига қайтсак. Геосиёсий нуқтаи назардан бу каби ҳарбий машғулотларни фаоллаштириш, кучайтириш ҳаракатлари Ўзбекистонга нима беради?

Досим Сатпаев: Ўзбекистон шу йўл билан халқаро саҳнада ўзининг сиёсий мавқеини кучайтирмоқчи. Ҳарбий соҳада ҳам ўзлари билан ҳисоблашилиши шарт бўлган давлат эканликларини кўрсатмоқчи. Минтақавий хавфсизлик масаласига келганда эса, бизга ҳужум қила кўрманг яна, деган муждани бермоқчи.

Би-би-си: Таҳлилчи сифатидаги фикрингиз, бу каби сиёсат амалда иш бериши мумкинми? Яъни, айниқса, Афғонистон масаласи ва минтақадаги геосисий танглик назарда тутилса?..Бу каби тактика самарали бўлиши мумкинми?

Досим Сатпаев: Менимча, бу айнан ташқи сиёсатдаги ўзгаришларни назарда тутиб, Ўзбекистон қабул қилган янги ҳарбий доктрина билан ҳам боғлиқ. Бу каби ҳарбий-сиёсий тактика иш берадими-йўқми, ҳозир аниқ бир нарса дейиш қийин. Чунки ҳарбий машғулотлар одатда анча кейин ўз таъсири, самарасини берадиган ҳарактерга эга бўлади. Улар бир томондан, ўша давлатнинг обрўсини кўтариш, куч-қудратини намойиш этишни кўзда тутади. Бошқа тарафдан, бир давлат сиёсатининг кўп қутбли эканига далолат қилади. Агар, Ўзбекистонга бунга ўхшаш қўшма ҳарбий машғулотларни турли давлатлар билан олиб боришни давом этдирадиган бўлса, бунинг бошқа фойдаси ҳам бор. Яъни, Ўзбекистон улардан ўз ҳарбий салоҳиятини ривожлантириш учун яхшигина молиявий кўмакка эга бўлиши, ҳаттоки, ҳарбий жиҳозларни ҳам қўлга киритиши мумкин бўлади. Менимча, бу каби қўшма ҳарбий машғулотларни уюштириш, ўтказиш билан Ўзбекистон айни шу нарсага ҳам кўз тикмоқда.

Би-би-си: Ҳарбий сиёсатдаги кўп қутблилик Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатида ўзининг қанчадик ифодасини топаркин, нима дедингиз?

Досим Сатпаев: Суҳбатимиз аввалида ҳам айтиб ўтганим каби, Ўзбекистон турли давлатлар билан бунга ўхшаш қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш билан ҳамма, шу жумладан, геосиёсий ҳамкорларига ҳам ўзининг алоҳида бир мамлакатга оғиб кетиш нияти йўқлигини кўрсатмоқчи. На-да Россияпараст, на-да Америкапараст ва на-да Хитойпараст бўлиш нияти йўқлиги, ҳарбий-сиёсий соҳада ўзининг мувозанат сақлаш истагида эканини намойиш этмоқчи. Ўзбекистоннинг ҳозир ҳам худди Ислом Каримов даврида бўлгани каби Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига кириш мақсадида эмаслиги ҳам, расмий Тошкентнинг ҳарбий-сиёсий жабҳада ўта Россиянинг таъсир доираси остида бўлиш нияти йўқлигининг яна бир далилидир. Менимча, улар ҳам Россиянинг ишончсиз, империячилик қилиқли ўта амбициоз ҳамкор эканидан ҳали-ҳануз хавотирда. Чунки бунинг оқибатларига Қозоғистондаги ҳозирги аҳволнинг ўзи бир мисол.

Раҳимуллоҳ Юсуфзай, Покистон:

Қўшма ҳарбий машғулотлар ва жангарилик...

Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги борди-келдилар ниҳоятда фаоллашди. Турли ташрифлар амалга оширилди. Ўзбекистон, бундан ташқари, Афғонистондаги тинчлик жараёнида ҳам ўрин тутмоқчи. Роль ўйнамоқчи. Ўзбекистон Толибоннинг афғон ҳукумати билан музокаралар олиб боришини истайди. Улар ҳаракатни бунга ундашди ҳам. Менимча, Ўзбекистон худди шу нуқтаи назардан ҳам Покистон билан алоқада. Чунки Покистон Афғонистон Толибон ҳаракати билан яқин муносабатда, деб кўрилади. Ўзбекистон яна террорчилик хавфига алоҳида эътибор қаратиб келади. Чунки Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва "Исломий Жиҳод Иттифоқи"нинг жангарилари қарийб чорак аср давомида асосан Покистон ва Афғонистондан бошпана топиб келишган. Жанг қилишган. Ўзбекистон ҳукумати Покистон ана шу террорчилик таҳдидини аритишда кўмак беришига ишонади. Менимча, Ўзбекистон яна Покистоннинг террорчиликка қарши кураш тажрибасини ҳам ўрганмоқчи. Чунки Покистон 2003 йилдан буён террорчиликка қарши жанг қилиб келади. Шу боис ҳам, Покистон бу борада жуда катта тажрибага эга. Расмий Исломобод орада кечган вақт давомида "ал-Қоида" тармоғи, Покистон Толибон ҳаракати ва ИШИДни мағлуб этишга муваффақ бўлганини даъво қилади. Ўзбекистон уларнинг бу ишни қандай уддалашгани, лозим бўлиб қолган тақдирда, бу тажрибадан қандай фойдаланишлари мумкинлигини билишни истайди. Бундан ташқари, қўшма ҳарбий машғулотлар учун танланган вақт ҳам диққатга лойиқ. Афғонистондаги тинчлик жараёни қайта жонланган. Афғонистон Толибон ҳаракати Америка томони билан музокаралар олиб бормоқда. Афғон ҳукуматига кўра, толиблар энди Афғонистондаги ўзларига қарши кучлар билан ҳам мулоқотга киришишмоқчи. Аммо тинчлик музокаралари иш бермаса, Афғонистон яна жанглар гирдобига ботиши, турли муаммолар бўй кўрсатиши эҳтимоли ҳам катта. Афғонистоннинг қўшниси эмасми, Ўзбекистоннинг бундан хавотирга тушиши тайин. Шу боис ҳам, менимча, Ўзбекистоннинг нега Покистон ва Туркия билан ҳамкорликда бу каби қўшма ҳарбий машғулотларни ўтказаётгани сабаблари кўп. Устига устак, Туркия ҳозир ҳар икки иштирокчига ҳам дўст давлат бўлади. Айни ўринда тўхталиб ўтиш лозим бўлган яна бир сабаб бор. У ҳам бўлса, Россия сўнгги пайтларда Покистон билан қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказишга зўр бериб қолди. Менимча, Россия билан алоқалари яхши экани боис, Ўзбекистон ҳам Покистон билан қўшма ҳарбий машқлар ўзлари учун фойдадан холи бўлмайди, деган хаёлга борган бўлиши мумкин.

Би-би-си: Айни ўринда сўз учта иштирокчи давлат ҳамкорлигидаги қўшма ҳарбий машғулотлар ҳақида бормоқда. Ҳар учовлон назарда тутилганда-чи, қўшма ҳарбий машғулотларнинг аҳамияти нимада? Уларни "Фориш"да, таъбир жоиз, нима бирлаштирган?

Раҳимуллоҳ Юсуфзай: Бу машғулотлар ҳар уч иштирокчи давлат учун бирдек муҳим. Чунки уларнинг барчаси у ёки бу маънода террорчилик таҳдидига юз тутишган. Шунинг учун ҳам, улар ўз Қуролли кучларининг лозим даражада тажрибага эга бўлишини исташади. Масалан, Россия ва Покистон иштирокидаги қўшма ҳарбий машғулотлар тоғли ҳудудда ўтказилган. Чунки Покистон ўзининг террорчиликка қарши урушини асосан қавмлар яшовчи тоғли Вазиристон минтақасида олиб борган. Бу каби машғулотлар шуниси билан ҳам муҳим. Ўзбекистон учун биринчиси бўлган бу қўшма ҳарбий машғулот расмий Тошкентнинг ҳам ўз Қуролли кучларини тайёргарликдан ўтказиш, бошқа, айниқса, қўшни ва дўст давлатлар тажрибасини ўрганишга мойил эканини кўрсатади. Бу машқлар иштирокчи уч давлат армияси ўртасидаги ҳамкорликни ҳам кучайтиради. Чунки Туркия ҳозир Сурия, Ироқ, Покистон эса, ҳам ичкари ва ҳам қўшниси Афғонистондан террорчилик хавфига рўбарў келиб турибди. Шу боис ҳам, Ўзбекистондаги бу қўшма ҳарбий машғулотлар ҳар уч давлатнинг фойдасигадир. Устига устак, Покистон ва Туркия ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий ва ҳам ҳарбий соҳада бирдек яқин ҳамкор давлатлар бўлишади. Энди Ўзбекистон ҳам бу иттифоққа қўшиладиган бўлса, ўзаро муносабатларини янада яхшилаш ва ўзаро тажриба айирбошлаш истагидаги янги учлик юзага келади.

Энг сўнггида эса, сизга бир савол: Сиз-чи, сиз бу борада қандай фикрдасиз?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek