Ўзбекистон Тошкент Ислом Ҳижоб: Икки блогерга янги жиноий иш очилган ва улар ДХХга топширилган

Рустамбек Каримов ва Тўлқин Астанов Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook
Image caption Рустамбек Каримов ва Тўлқин Астанов

Ўзбекистонлик блогерлар Тўлқин Астанов ва Рустамбек Каримов (Рустам Карим) ҳозир ДХХ - Давлат Хавфсизлик Хизмати ҳибсхонасига ўтказилган.

Уларнинг иши билан энди бевосита ДХХ шуғулланади.

ЎзА давлат хабар агентлигининг ёзишича, Р. Каримов ва Т.Астановга тегишли мобил телефонлар хотираларида тақиқланган экстремистик ташкилотларга тегишли ва ақидапарстликни ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи материаллар топилган.

Тошкент: Икки блогер нега ҳибсга олинди?

Ўзбек блогерлари қонунга зид қамалганми?

Аммо бу материаллар мазмуни ва айнан қандай ташкилотга тегишли материаллар экани айтилмаган.

Агентлик хабарига мувофиқ, бу икковлонга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244-1 моддаси 1-қисми бўйича жиноят иши очилган.

ББС билан суҳбатда Тўлқин Астановнинг оила аъзолари унинг аҳволи ва қаердалиги ҳақида ҳеч нарса билмасликларини, уларнинг ишига оид янгиликлардан эса фақат интернет орқали хабардор бўлишаётганини, қўйилган айбловга ишонмасликларини айтишди.

"У киши иккита миниинфаркт ўтказган, 10 болали ва бешта қудали оиламиз. Бундай ғояларни тарқатишларига ишонмайман" - деди рафиқаси Муҳайё Астанова.

"Кунора Панельнийга (вақтинчалик тутиб туриш маскани - таҳр.) қатнадим. У ердагилар опа, овора бўлманг, рўйхатда номлари бўлгани билан аслида эрингиз умуман бу ерга олиб келинмаган. Қаердалигини эса билмаймиз, деб айтишди" - урғулайди Муҳайё Астанова.

Блогерлар иши билан энди ДХХ шуғулланиши ҳақидаги хабар уларга тайинланган маъмурий жазо тугаши арафасида билдирилмоқда.

Ўзи нима бўлган?

Асосан диний мавзуларда ёзувчи Тўлқин Астанов ва чет элдан қайтарилган блогер Рустамбек Каримов бундан икки ҳафта олдин - 8 апрель куни Ўзбекистон Диний Идорасида майда безорилик уюштиришга оид айблар билан қўлга олинган.

Ўшанда Тўлқин Астановнинг рафиқаси у аёлларнинг ҳижоб ўраш ҳуқуқи борасида Диний Идора вакиллари билан самимий суҳбат қурганини, аммо кейинроқ телефони узилиб, ўзи бедарак кетганини айтганди.

Кейинроқ пойтахт ИИББ хабар тарқатиб, улар "Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- ("Майда безорилик") ва 194-моддаларида ("Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик") кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор" деб топилганини таъкидлаганди.

Аммо Тўлқин Астанов оиласи 15 кунлик маъмурий жазо ҳақида ушбу муддат тугаши олдидан билдиришнома олишганнини қайд этди.

15 кун асли қаерда бўлган ва ҳозир аҳволи қандай - ҳеч нарса билишмайди.

Блогерлар кимлар?

Рустамбек Каримов. Ижтимоий тармоқларда Рустам Карим тахаллуси билан таниш. У яқинда Европадан Ўзбекистонга қайтарилганди.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси хабарномасида у ҳақида "43 ёшли муқаддам бир неча бор судланган (шулар қаторида фирибгарлик учун ҳам)" деб таърифланган.

Тўлқин Астанов. Диний ҳуқуқлар, хусусан, ҳижоб ўраш эркинлиги хусусида ҳам ёзиб келган.

У ўтган йили август ойида аксар диний мавзуларда ёзувчи бир неча блоггерлар қаторида қўлга олинганди.

Шайхонтоҳур туман суди томонидан уни "майда безорилик" ва "милицияга бўйсунмаслик" айби билан 10 кунга қамоққа ҳукм этган.

Озод этилгач, унга Facebook ижтимоий тармоғига кирмаслик ҳақида айтилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek