Ўзбекистон: "Вақф" учун "Малибу 2" Мусулмонлар идораси пулига олинган

Ўзбекистондаги "Вақф" хайрия жамоат жамғармаси раиси Искандар Халиловнинг Би-би-сига айтишича, фонд учун сотиб олинган "Малибу 2" автомобили ҳар кунлик эҳтиёж учун минилмайди, чекка вилоятларга сафар ва хорижлик меҳмонларга хизмат қилишга мўлжалланган.

Интернет социал тармоқларида "Вақф" раҳбарининг фондга келиб тушган маблағларга ўзининг фойдаланиб юриши учун "Малибу 2" русумли автомобилни сотиб олгани ҳақидаги хабар тарқалди ва ушбу хабар кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

"Малибу 2" Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган энг қиммат автомобиль ҳисобланади, унинг нархи қарийб 276 миллион сўм ёки 32600 АҚШ долларини ташкил этади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбарияти автомобиль хайрия-эҳсонга тушган маблағларга эмас, балки жамғарманинг ўзининг асосий ҳисоб рақамидаги пулга харид қилинганини билдирди.

Жамғарманинг асосий ҳисоб рақамига эса пул Ўзбекистон Мусулмонлари идорасидан келиб тушади.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халиловнинг Би-би-сига айтишича, жамғарма учун автомобиль харид қилишдан кўзланган мақсад, Ўзбекистоннинг чекка жойларида яшаётган инсонларнинг ҳам "Вақф" хизматларидан фойдаланишларига имконият яратиш.

Ва "Малибу"нинг хориждан келган меҳмонларга хизмат кўрсатиши ҳам кўзда тутилган.

"Биз фонднинг садақа, эҳсон-закот ёки камбағал, бева-бечорага бериладиган пулга машина олиб минадиган даражада уқувсизмидик?", дейди Искандар Халилов.

"Вақф" хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов билан суҳбатни тингланг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ