Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда

Ўзбекистондан Россияга ҳукумат орқали ишга келган муҳожир Москва шаҳрида ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида иш изламоқда.

Шерали Исроилов Ўзбекистон Меҳнат вазирлигининг миграция масалалари агентлиги томонидан оммавий равишда ишга юборилган ўзбекистонликлардан бири.

Мигрантлар 2018 йилнинг августида қурилиш ташкилотига ишга жойлаштирилганлар.

Бир неча ой ишчиларга иш ҳақи тўланмаганлиги сабабли, ўзбекистонликлар ишдан кетишга мажбур бўлишган.

- "Трудовая Евразия"ни айбими, қурилиш ташкилотиними, билмадик. Сентябрда иш ҳақини олдик, шу билан кейинги ойларда маошимизни ололмадик. Яқинда юрист Валентина Чупик орқали қолиб кетган иш ҳақларимизни ундиришга муваффақ бўлдик, - дейди муҳожир Исроилов.

Шерали Исроилов айни пайтда турли вақтинчалик ёлланма ишлар билан машғуллиги, унга доимий иш зарурлигини айтади.

Шу боис, бўш иш ўринлари ярмаркасига иш излаб борган.

У ерда бир неча ишлар кўргани, аммо олдинги алдов сабаб иш ҳақига алданиб қолишдан чўчишини билдирди.

- Оёқ кийимлари фабрикасидаги иш менга маъқул келди. Ойлиги ҳам 40 минг рубль экан (650 доллар атрофида). Яхши ишласак, бундан ҳам кўпроқ олиш мумкин, дейишди. Аммо энди пухта ўйлаб кўрганим маъқул, - дейди Шерали.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ