Ислом ва дунё: Бир мусулмон тожир ўнлаб йигитни уйлантириб қўйди

Бир мусулмон тожир қирққа яқин йигитни уйлантириб қўйди - иккита оммавий никоҳ тўйи, ёш келин-куёвларга совға-саломлар учун қарийб $50 минг АҚШ доллари пул сарфлади.

Қаҳрамонимиз Ҳашмат Армоннинг ўзи бор-йўғи 34 ёшда, отаси билан бирга бизнес қилади. Уйланган, уч фарзанднинг отаси.

Четдан Афғонистонга ёнилғи маҳсулотлари, кимёвий ўғитлар, ун, шакар - турли озиқ-овқат маҳсулотлари келтириб, сотиш билан шуғулланади.

Афғонистонда яқинда бўлиб ўтган парламент сайловларига Фарёб вилоятидан ўзининг номзодини ҳам қўйган, ютиб чиққан, энди парламент вакили сифатида ҳам фаолият юритишни бошлайди.

Афғонистонда никоҳ тўйлари жуда серхарж маросимлардан бири саналади. Битта никоҳ тўйига $15-$20 минг АҚШ доллари кетади.

Аммо, узоқ йиллик урушлар боис, Афғонистонда ишсизлик ва бунинг ортидан, қашшоқлик ҳам чуқур илдиз отган.

Ейиш, ичиш, яшашдан ортиб, битта никоҳ тўйи учун бунча пул топиш, харжлашни ҳар қандай оила ҳам ўзига эп билмайди.

Афғонистондаги мухбирларимизга кўра, одамлар тўй учун йиллаб йиғинишади, тиним билмай деҳқончилик қилишади, пул топиш учун четга меҳнат муҳожирлигига кетишади.

Аксарият ҳолларда ноқонуний бўлмайдими, Эрон бўладими ёки Покистон, муҳожирликда озмунча азоб-уқубат чекишмайди.

Афғонистон: Тўй базмида 40 қа яқин киши қурбон бўлди

Ўзбекистондаги оммавий тўйларнинг харажатини ким тўлаяпти?

Шимолий Тожикистонда замонавий, анъанавий ва Исломий тўйлар

Тўйларни камхарж қилиш учун бундан бир йилча олдин Афғонистонда махсус қонун ҳам қабул қилинган, маҳаллий миқёсда ҳам турли ташаббусларга қўл урилган.

Аммо йил сайин тўй харажатлари ортса ортганки, камаймаган, бу каби чора-тадбирларнинг амалда деярли самараси бўлмаган.

Бу каби вазият эса, айниқса, серфарзанд, ночор оилаларни жуда мушкул аҳволда қолдирган.

Маълум бўлишича, қаҳрамонимиз ҳам худди шу каби инсонлар аҳволларини енгиллатиш, уларга кўмак бериш мақсадида бу ишга қўл урган.

Бундан ўн кунча бурун вилоятнинг Андхўй тумани, куни-кеча эса, маркази - Маймана шаҳрида оммавий тўй қилиб, ўнлаб ёшларнинг бошларини қовуштириб қўйган.

Тўй базми, элга берган ошидан ортиб, яна ҳар бир жуфтга уч юз доллардан кўпроқ пул ва биттадан гилам ҳам совға қилган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон илова аксарият Марказий Осиё давлатларида ҳам оммавий никоҳ тўйларининг бир қадар одатга кириб бораётгани кузатилади.

Шу тўйлардан бирида бўлган Фарёбдаги маҳаллий журналист Зоҳир Аниқ мана бу лавҳани тайёрлаб юборган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek