Ўзбекистон: e-sum.uz асосчиси нега қамалди?

Норқул Раҳматов Фото муаллифлик ҳуқуқи SEVIMLI

Самарқанд шаҳар суди чиқарган ҳукмга кўра, 60 яшар Норқул Раҳматов "Электрон гаштак" ўйини воситасида молиявий пирамида ташкил қилган.

Норқул Раҳматов e-sum.uz ва oltinyul.uz электрон ҳамёнларининг ҳам асосчиси ҳисобланади.

Хабарларда ўта хавфли кибер жиноятчи жазога тортилгани айтилмоқда.

Норқул Раҳматовнинг хорижга чиқиш тартибини бузиб Европага чиққани, Европа мамлакатларида компютерда дастурлашни ўрганиб қайтгани хабар қилинмоқда.

Судга кўра, Норқул Раҳматов "Электрон гаштак" виртуал ўйинини ташкил қилиб, ҳар бир ўйин иштирокчисига 600000 сўм ваъда қилган.

"Электрон гаштакка" дўстини жалб қилган кишига бошқа бонуслар ҳам ваъда қилинган.

Ўйиннинг кейинги босқичига кўтарилиб борган сайин ўйин иштирокчиси янада кўпроқ пул ишлаш имкониятига эга бўлган.

Хабар қилинишича, "Электрон гаштак" виртуал ўйини иштирокчиларининг сони 7000 га етган.

Ўйиннинг 500 иштирокчиси шикоятига асосланиб Норқул Раҳматов ҳибсга олингани, у шунча одамнинг маблағини ўзлаштиргани айтилмоқда.

Самарқанд шаҳар суди Норқул Раҳматовни Ўзбекистондаги 1000 энг кам маош(2400 АҚШ доллари атрофида) миқдорида жаримага тортиш ва 5 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган.

Sevimli телеканали хабар қилишича, Норқул Раҳматов судда "билиб-билмай қилган хатолари учун узр сўраган".

Ўзбекистонда электрон тўлов тизимининг ривожи, қўшни мамлакатларга солиштирганда, анча орқада.

Шу сабабли мамлакатда электрон тижорат ривожланиши ҳам қийин бўляпти.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek

Бу мавзуда батафсилроқ