Россия, мигрантлар: Ўзбеклар иш деб, пул деб ўляпти...

Россияда кунлар исиши билан иш мавсуми бошланди. Айни шу паллада Марказий Осиё, асосан Ўзбекистондан меҳнат муҳожирлари оқими янада орта бошлайди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондан 2,8 миллион киши чет элга кетган. Бу кўрсатгичнинг катта қисми ишлаш учун Россияга йўл олганларни ташкил этади.

Расмий ҳисобларга кўра, Россияда 2 миллионга яқин ўзбекистонликлар меҳнат муҳожирлигида.

Россия, Ўзбекистон, мигрант: Ўзбек ҳукумати ишга юборган мигрантлар ойлик ололмай, Москвада иш излашмоқда

Ўзбекистон миграция агентлиги Россияга келиб, кўчада қолган ўзбекистонликлардан узр сўради

Россия, Ўзбекистон: Путин суратини чизган мигрант ватанга қайтгач қамалди

Ўтган йили мигрантлар Россия бюджетини 57 миллиард рубль билан тўлдирган. Унинг салмоқли улуши ўзбекистонликларга тегишли. Меҳнат муҳожирларининг аксари қийин шароитларда яшашмоқда. Кунига 10-12 соатли оғир ишларда банд бўлган ҳолда, ўз ҳаражатларини қисиб, пул оттириб, ватанда улар юборадиган пулга кўз тикиб ўтирган оилаларини боқишмоқда.

Россиядан Ўзбекистонга ҳар йили 4 млрд АҚШ долларига яқин миқдордаги пул маблағи юборилаяпти.

Россия ва Ўзбекистон орасида миграция бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланганига 2 йил бўлди, аммо бу шартнома ўзбекистонликларнинг Россияда айнан яшаш ёки меҳнат шароитининг яхшиланишига ўз таъсирини кўрсатмади.

"Яхши иш, яхши пул қаерда бор?"

Россияда миграция қонунлари йилдан йилга қаттиқлашиб, қонуний меҳнат қилиш эса ўзбекистонликлар учун тобора қийинлашиб бораяпти. Россияда ишлаш учун бериладиган меҳнат патентини сотиб олиш мажбурий этиб қўйилган ишчиларнинг энг катта қисми ўзбекистонликлар ва тожикистонликлар бўлиб қолмоқда.

Муҳожирлар учун Россияда ишлаш шундай оғир бўлиб турган бир пайтда иш топиш имконияти қандай?

Москва шаҳрида ўтказилган навбатдаги бўш иш ўринлари ярмаркаси омманинг назаридан четда бўлиб турган айрим масалаларни юзага чиқарди. "Мигранто.ру" ахборот портали ташкиллаштирган мазкур тадбирда миграция йўналишига алоқадор расмийлар, ОАВ вакиллари, муҳожирларга иш берувчи бир неча ташкилотларнинг вакиллари ҳамда иш излаган мигрантлар иштирок этди. Айтиш жоизки, муҳожирни ишга, иш берувчиларнинг меҳнат муҳожирларига талаби катта бўлса-да, бундай меҳнат ярмаркалари камдан-кам ўтказилади.

Ярмаркада иш излаётган муҳожирларни саволга тутдик:

- Иш излаб юрибман. Менга келаётганимда ўзимизнинг ҳайдовчилик гувоҳномамиз билан ҳам ишласа бўлади, дейишганди. Йўқ, келсам бу ерда бошқа вазият. Россия гувоҳномаси талаб қилишаяпти. Ҳозир нима иш бўлса, қилишга розиман, - дейди ҳайдовчи Музаффар Бойбобоев.

Бўш иш ўринлари ярмаркасида 10 га яқин йирик иш берувчи ташкилот ва корхоналарнинг вакиллари иштирок этди. Улар ташриф буюрувчиларга қурилиш, тозалаш, хизмат кўрсатиш соҳаларидаги ишларни таклиф қилишмоқда. Ваъда қилинаётган иш ҳақлари 25 000 рублдан 40 000 рублгача (400-600 АҚШ доллари атрофида).

"Талабалар юк ташувчиликка ярамайди"

- Бу ерда ишга қабул қилишда чеклов бор. Кўпчилик иш берувчилар Ўзбекистон фуқароларини ишга олишни исташмайди. Негалигини билмаймиз, ўзбекистонликман десанг бўлди, иш йўқ, дейди ўзбекистонлик талаба Умид Содиқов.

- Ярмаркада таклиф қилинаётган ишлар фақат оғир ишлар экан. Биз талабамиз, ўқиб ишлашни истаймиз. Аммо юк ташувчилик каби ишларда ўқиб ишлаш жуда қийин, чарчаб қолади одам. Талабалар юк ташувчиликка ярамайди. Биз учун курьерлик ёки официантлик каби енгилроқ ишлар бормикин, деб келган эдик, - дейди Комилжон Расулжонов.

Меҳнат ярмаркасини айланиб чиқиб, аксар ҳолларда ташкилотлар вакиллари муҳожирлар билан суҳбатлашиб маълумотнома тўлдиришаётганини кўрдик. Хўш, муҳожирлар тадбирдан иш топиб, кўнгиллари тўлиб кетишаяптими?

- Бир неча ишларни кўрдим, орасида оёқ кийимлари фабрикасидаги иш маъқул келди. Шу ерда ишга киришни тўлиқ гаплашиб кетаманми, деб ўйлагандим. Буклетларини бериб, шу ердаги рақамларга қўнғироқ қилинг, дейишди. Баъзилари эса маълумотнома тўлдиртириб "Ўзимиз қўнғироқ қиламиз" деб айтишаяпти, - дейди муҳожир Шерали Исроилов.

Бекзод Низомов эса айни пайтда ишлаётгани ва шу билан бирга шароити яхшироқ иш излаётганини айтди. Қурилишда ишлайдиган яна бир ўзбекистонлик муҳожир ишнинг ҳавфлилиги ҳусусида сўз очди.

"Россияни қиши узоқ, қурилишларда шароит оғир. Соғлигинг кўтарганда ҳам, томдан йиқилиб ўлиш ҳеч гап бўлмай қолди. Йигитлар кўз ўнгимизда иш деб, пул деб ўлиб кетишаяпти. Шунга ишлаб туриб ҳам, бошқа вариант кўрамиз-да"

Ким кимга муҳтож?

Меҳнат ярмаркасида тожикистонликларни кўпроқ учратдик. Айримлари "яхши ишга кириш учун яхши кўриниш муҳим" қабилида галстук-костюмларда келишган. Улар билан суҳбатлашиб, кайфиятлари яхшимаслигини билдик.

- Бу ердагиларнинг кўпчилиги воситачилар. Иш берувчиларнинг ўзи қаерда? Биз иш берувчилар билан учрашамиз, юзма-юз гаплашиб, ҳаммасини келишамиз, деб келганмиз. Муҳожирларни менсимасликми бу? - жиғибийрон бўлди тожикистонлик муҳожир.

Иш берувчи ва муҳожир орасидаги воситачиларнинг айримлари билан гаплашдик. Айтишларича, уларнинг хизмати икки томон учун ҳам фойдали.

- Мигрантларнинг кўпчилиги тил билмайди, иш берувчи билан тўғридан тўғри гаплашиб, меҳнат шартномаси туза олмайди. Ишда бирон муаммо бўлса, ҳал этишга қийналишади. Биз орқали ишлаш муҳожирлар учун қулай: ишлаб пулини олиб юраверади. Уларга маошни иш берувчидан олаяптими, воситачиданми, муҳиммас, пул олишса бўлди. - дейди воситачи Руслан Бегматов.

Клининг ташкилоти вакили Умарали ўғли Нурсултон эса меҳнат муҳожирларини нафақат ишга расман қабул қилиниши, меҳнат ва касаллик таътили ҳақлари тўланишини ҳам ваъда қилмоқда.

"Ишга олишмаса, патентни нега қилдик?"

Яна иш изловчиларни суҳбатга тортамиз.

- Биз "Карусель"да (савдо маркази) кассир бўлиб ишлардик, штатлар қисқарди, ишсиз қолдик. Ҳозир қаерга иш сўраб борсак, тожикистонликларни олмаймиз дейишаяпти. Патентимиз бор, ҳамма хужжатимиз жойида, аммо иш йўқ. Қирғизистонлик бўлсанг, оламиз, ўзбек-тожикларни ололмаймиз, дейишаяпти. Иш беришмаса, шунча пулга хужжат, патентни нега қилдик? - хафа бўлиб гапирди тожикистонлик муҳожир.

Арзон ишчи кучига талаб катта бўлган Россияда малакали мутахассисларга талаб қандай? Маълум соҳа эгалари бу ердан иш топа оладиларми?

- Мутахассислар бу каби тадбирларсиз ҳам ўз ишини топа олади. Россияда малакали мутахассисларга талаб жуда катта. Мен 10 йилдан бери Москвада дастурчи бўлиб ишлайман, иш борасида ҳеч қийинчиликка учрамадим, - дейди Жасур Мирҳамидов.

Бўш иш ўринлари ярмаркаси ишини кузатган юрист Валентина Чупик эса мигрантларга таклиф этилаётган ишларни меҳнат муҳожирлари учун камситилиш дея ҳисоблашини билдирди.

-"Дам олиш кунисиз 12 соатлаб ишлагани учун 25 000 рубль маош - бу инсонни таҳқирлашдир"

Шунга қарамай, муҳожирга иш (яхши маошли) керак, иш берувчига муҳожир (арзон ишчи кучи). Улар бир-бирини топа олиши учун меҳнат ярмаркалари воситачи вазифасини бажараяпти. Аммо миллионлаб муҳожирлари бўлган Россия учун ўнлаб иш берувчилар билан ўтказиладиган тадбирлар чўлга сепилган томчидек гап.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek