Ўзбекистон: Тошкент Исломий молиялаш марказига айланадими?

Форум Фото муаллифлик ҳуқуқи Alisher

Тошкентда 2-4 май кунлари Ислом банкчилиги ва молияси бўйича анжуман бўлиб ўтди. Тадбирда Тошкентни МДҲ давлатлари орасида Исломий молиялаш марказига айлантириш таклифлари янгради. Бироқ Ўзбекистонда Исломий молиянинг ҳуқуқий асосларини яратиш суст кечаётгани айтилмоқда.

Тошкентда ўтган анжуманда Канада, Покистон, БАА, Қувайт, Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондан келган делегатлар иштирок этди. Ўзбекистондан Молия вазирлиги ва Марказий банк масъуллари билан бирга тадбиркорлар ҳамда мутхассислар қатнашди.

Тадбир ташкилотчиларидан Бирлашган Араб Амирлигининг Al Huda ислом банкчилиги ва иқтисодиёти маркази бошқарувчи директори Муҳаммад Зубайр Муғал Ўзбекистонда Исломий молиянинг ривожланиши учун катта салоҳият борлигини айтган.

Унинг анжуманда таъкидлашича, олиб борилган тадқиқотлар натижасида Ўзбекистон аҳолисининг 30 фоизи исломий бўлмаганлиги учун банкка омонат қўйиш хизматларидан фойдаланмайди.

10 миллиард доллардан ортиқ маблағ аҳолида сақланмоқда. Уларни жалб қилиш учун Исломий банк ва молиялаш тизимини йўлга қўйиш ва қонунчилик асослари яратилиши керак.

Форум иштирокчилари Ўзбекистондаги 33 миллиондан ортиқ аҳолининг 80 фоиздан кўпроғи мусулмон эканлиги Тошкентнинг минтақада Исломий молиялаш маркази бўлишига асос бўлишини айтган.

Исломий молиялаш тизимини тўлиқ ишга тушириш, стандартларни жорий қилишга йиллар керак бўлиши айтилган.

Ўзбекистонга қўшни Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган вакиллар ўзларининг давлатларида бу борада қонунчилик қабул қилингани, аммо тизим тўлиқ ишга тушиш учун қонун ости меъёрларни ишлаб чиқиш вақт олаётганини билдирган.

Ўзбекистонда эса бу борада ҳали сезиларли ҳаракатлар қилинмаётгани айтилади.

2018 йилнинг май ойида Молия вазирлиги ташаббуси билан Ўзбекистонда Республикасида ислом банк иши ва молияси инфратузилмасини яратиш бўйича Президент қарори лойиҳаси Ягона интерактив давлат хизматлари порталида муҳокамага қўйилди.

Бироқ кейинчалик ушбу қарор лойиҳасининг тақдири нима бўлганлиги тўғрисида жамоатчиликка ахборот берилмади.

Айни дамда порталда ушбу лойиҳа олиб ташланган.

"Ҳукумат томонидан Исломий молиялаш тизимига ҳуқуқ асосларни яратиш бўйича етарли ҳаракат қилинмаяпти. Форумда иштирок этган Молия вазирлиги ва Марказий Банк ходимлари ҳам бу борада йиғилганларга қониқарли маълумот бермади", дейди форум иштирокчиларидан бири.

Айни дамда Ўзбекистонда Ислом Тараққиёт Банки Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда молиялаш лойиҳаларини олиб бормоқда.

Ислом Тараққиёт Банки гуруҳига кирувчи Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси эса Ўзбекистондаги кичик бизнес вакилларини қўллаб қувватламоқда.

Корпорация шу вақтга қадар Ўзбекистондаги кичик бизнес эгаларига 270 миллион доллардан ортиқ сармоя ётқизганини маълум қилган.

"Ислом тараққиёт банкининг бу корпорацияси Ўзбекистондаги банклар билан ҳамкорликда ишлайди. Масалан мен Хитойдан бизнесим учун ускуна сотиб олмоқчи бўлсам, корпорациянинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси бирорта ўзбек банкига ускунанинг пули ва банк хизматлари учун маблағ ўтказиб беради. Ўзбекистондаги банк Хитойдаги ускунани ўз номига сотиб олади ва устига корпорациянинг фойдасини қўйиб менга бир неча йилда қарзни узадиган қилиб сотади", дейди Ислом тарққиёт банкининг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш корпорациясидан пул олган тошкентлик.

Бундан ташқари яқинда Ўзбекистон ва БАА билан ҳамкорликда ташкил қилинган Sheikh Ahmed Bin Obeid Al Maktoum (SABOAM) халқаро инвестицион компанияси ҳам Ўзбекистонга сармоя киритиш режаларини маълум қилган.

Ширкат энг камида 5 миллион долларлик лойиҳаларни молиялаштириши мумкин.

Шунингдек, Тошкентда ўтган форумда Ўзбекистонда Исломий шарт-шароитлар асосида ишловчи "Ўзаро" суғурта компанияси ташкил қилингани ҳам маълум бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek