Ўзбекистон, Россия ва Рамазон: Муҳожирлар Исломни ёйишмоқда ёки мусулмонлашаётган Россия

Россияда нафақат Рамазон, балки Ислом динининг қамрови кенгайиб бораётгани кузатилмоқда.

Оммавийлиги жиҳатидан Ислом Россияда насронийликдан кейинда турган бўлса-да, унга эътиқод қилувчилар сони кескин ортиб бораётгани боис, таҳлилчилар бу мамлакат тобора мусулмонлашаётганини билдирмоқда.

Россияда 2010 йилда ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, мамлакатда Исломга эътиқод қилувчилар сони 15 миллион атрофида бўлган.

Бу аҳолининг 10 фоизи демакдир. Атиги уч йил ичида бу кўрсаткич кескин кўтарилиб, 20 миллионга чиқди.

Бу рақамни Россия Мусулмонлар идораси ҳам тасдиқлади.

Айни пайтда бу мамлакатда аҳолининг 14 фоизидан ортиқроғи, туғилаётган ҳар тўрт инсоннинг бири мусулмондир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Ислом олами ва Рамазон: Ўзбекистон, Европа ва дунё нигоҳида

Рамазон Ҳайитининг энг машҳур таомлари қайси?

Россия: Масжидга сиғмаётган мусулмонлар

Россия: 'Мигрантлар учун Қурбон Ҳайитининг ўзи бўлмайди...'

Аҳоли орасида мусулмонлар сонининг бу қадар шиддат билан ортишига нима сабаб бўлди?

Таҳлилчилар 2000-йиллардан буён Россия мусулмонлари Марказий Осиёдан келиб ишловчилар ҳисобига ортиб бораётганини айтишади ва келажакда яқин ўн йил ичида бу кўрсатгич яна камида икки баробар ортишини тахмин қилишмоқда.

"Агар мамлакат ҳудудида ноқонуний яшаб ва ишлаб юрган муҳожирлар ҳам ҳисобга олинадиган бўлса, Россияда 30 миллионга яқин мусулмон бўлиши мумкин", дейди журналист ва исломшунос олим Руслан Қурбонов.

Шундай қилиб, Россия демографиясини инқироздан тутиб турган муҳожирлар мамлакатда ислом динининг кенг тарқалишига ҳам сабаб бўлмоқда.

Ҳар куни бепул ифторликлар чодири

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Хўш, мусулмонлашаётган Россияда рамазон кайфияти қандай?

Кейинги йилларда мамлакатнинг турли ҳудудларида "Рамазон чодири" ўтказилиши кенг тарқалиб бормоқда.

Бу тадбир 14 йил олдин Москвада Россия Мусулмонлар идораси ва Диний ишлар бошқармаси ташаббуси билан бошланган эди.

Бугунга келиб, Россиянинг 20 дан ортик ҳудудларида 30 кун давомида халққа бепул ифторликлар бериш анъанага айланиб улгурди.

Москвада кўпмиллатли шаҳар бўлганлиги боис, бу ердаги "Рамазон чодири"нинг ҳар бир кунини бир давлат ёки диаспоралар вакиллари банд қилишиб, шу куни тўкин дастурхон ёзадилар, ифторлик чоғида маданий-маърифий тадбирлар ўтказилади. Китоблар ёймаси ташкиллаштирилади, ислом уламолари ҳаёти ҳақида видеолавҳалар намойиш этилади.

-Ўзбекистон куни 4 йилдан буён ўтказилиб келинади. Биринчи иштирок этилган йилдаги маросимни Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ташкиллаштирган эди. Кейинги йил "Ўзбекистон куни" ўтказилмади. Шундан сўнг ўзимиз кўнгилли равишда пул йиғиб, рамазонда ифторлик беришга қарор қилдик. Тўғри, маблағ йиғишда қийинчиликларимиз бўлаяпти, аммо бу савобли ишга ҳисса қўша олаётганимиздан хурсандмиз, - дейди ифторликнинг "Ўзбекистон куни" ташкилотчиси Жамшидбек Саккизов.

Чодир 500 ўринли, меҳмонлар бир эшикдан кириб таомланиб, иккинчисидан чиқиб кетишади. Шу зайлда бир кунда 1000 дан ортиқ киши ифторлик қилади.

Ўтган йили чодирдан ташқарига ҳам қўшимча жойлар ўрнатилди ва бир кунда 1800 дан ортиқ кишининг ифтор қилиши таъминланди.

"Бир ойда 50 000 дан ортиқ инсонлар чодиримизда таомланади. Улар орасида мусулмон бўлмаган меҳмонларни ҳам кўриш мумкин. Бу шунчаки нону овқат эмас, меҳр-оқибат улашиш деганидир", - дейди тадбир ташкилотчиларидан бири Олимжон Қобилов.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

"Қийин, аммо чидаса бўлади"

Россияда ўзбекистонлик мусулмонларнинг мақоми турлича: бу ерда муқим иш ва турар жойга эгалар ҳам, тирикчиликка пул топиш учун вақтинча ишлашга мажбур ўзбеклар ҳам кўп.

Рамазонни ўтказиш ўзига тўқ ўзбекистонликлар учун хайр-саҳоват ишлари билан боғлиқ бўлса, минглаб муҳожирлар бу 30 кунни иймон синови деб қабул қилишади.

Россияда ўртача 20 соатлаб тутиладиган рўза меҳнат муҳожирлари учун қийин бўлса-да, бу ҳақида кўп ҳам гапиришмайди.

- Аллоҳ сабр бераяпти, тутаяпмиз. Кундузи чарчаганда бир оз дам олишимизга тўғри келаяпти, холос, - дейди наманганлик такси ҳайдовчиси.

Кундузи дам олиш имконияти эса ҳаммада ҳам йўқ.

- Эрталаб 8 дан кечқурун 10 гача (12 соат) кун бўйи тик оёқда ишлаймиз. Ҳозир баҳор ҳавоси бўлгани билан ошхона иссиқ, терлатиб ҳам юборади. Шу чанқоқ қийнамаса, бошқасига чидаса бўлади, - дейди ошпаз Шаҳноза.

Мусулмон ишчилари бўлган ташкилотлар рўза тутаётган ходимларига енгиллик бериши россиялик иш берувчилар орасида кўп ҳам учрайдиган ҳолат эмас. Айниқса, давлат ишларида. Марказий Осиёлик меҳнат муҳожирлари кунига 12 соатлаб ишлаб, тунда 3-4 соат ухлашига тўғри келсада, рамазон ойини ғанимат билиб, ислом фарзини бажаришга ошиқадилар.

"Савобли ишлар фақат рамазонда эмас"

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

Айрим ўзбекистонлик тадбиркорлар эса, рўзадор меҳнат муҳожирлари учун эҳсонлар ва хизматларда енгилликлар ташкил қилишади.

Москвадаги тиш шифокори Азизбек Қаҳҳоров ҳар йили Рамазон ойида очиқ эшик кунини эълон қилади.

- Рўза ойининг ҳар жумасида даволанишга моддий имконияти бўлмаган юртдошларимиз учун бепул хизмат қиламан. Ҳар йили ўнлаб муҳтожлар келади, тишларини даволаб кетишади. Буни эшитиб, Рамазондан кейин ҳам ёрдам сўраб келишади, имконим қадар ҳожатларини чиқаришга ҳаракат қиламан, - дейди андижонлик шифокор.

Меҳнат муҳожирлари учун Россиядан Ўзбекистонга юк юбориш хизматини йўлга қўйган "Юмекс" фирмаси эса, Рамазон ойида ўзбекистонликлар учун катта чегирмалар қилганини маълум қилди.

- Ҳозирча бир ой давомида меҳнат муҳожирлари уйлари-оилаларига совға-саломларини арзонлаштирилган нархларда юборишлари мумкин. Бундай чегирмаларни фақат Рамазон пайтида эмас, мунтазам ўтказиб борамиз - дея режаларини билдирди фирма раҳбари Бобурмирзо Абдураҳмонов.

Шунингдек, Рамазон ойида кўплаб ҳалол ошхонаю чойхоналар куну тун ишлашни йўлга қўйишади.

Саҳарлик ва ифторлик учун алоҳида таомномалар тузилади. Айримлари маълум кунларда эҳсон ошлари ташкиллаштиришади.

Масжидга сиғмаган мусулмонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUzbek

"Пойтахт Москвада 4,5-5 миллиондан зиёд мусулмонлар бор", дея маълумот берди диний арбоб Шамиль Аляутдинов.

Уларнинг ибодат қилишлари учун эса, жаъми 4 та масжид фаолият юритади.

Европадаги энг йирик масжидлардан бири ҳисобланган Москва жомеъ масжидига бир пайтнинг ўзида 10 000 киши жойлашади.

4 масжидда кўпи билан бир вақтда 30 000 мусулмон ибодат қилиши мумкин.

Мусулмонлар сонига нисбатан масжидларнинг озлиги бир неча йиллардан буён Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларида талай муаммоларни юзага келтирмоқда.

Масжидларга сиғмаган ўн минглаб мусулмонлар пойтахт кўчаларини тўлдириб, Ҳайит намозларини адо этишмоқда. Ҳар йили йўллар бекилиб, қатновлар тўхтатилади, тартибни сақлаш учун минглаб полиция ходимлари ажратилади, йўл транспортларида тирбандликлар юзага келади.

Россия мусулмонлари масжидларни кўпайтиш борасида бир неча марта ҳукуматга мурожаат билан чиқди, аммо ҳозирча бирор аниқ жавоб берилгани йўқ.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek