Дунё ва ўзбеклар: Ифтор бозори ҳам жойида, болалар ҳам масжидда

Қирғизистоннинг жанубий пойтахти ҳисобланган Ўш вилояти мусулмонлари бу йилги муқаддас Рамазон ойини кўтаринки кайфият билан кутиб олишди.

Шаҳарликлар ушбу муборак ойга қарийб бир ой аввалдан тайёргарлик кўра бошлаган.

Хусусий касб эгалари аввалдан ишларини режалаштириб, Рамазон ойида асосан тоат-ибодатда бўлишни ният қилган бўлса, тадбиркорлар эса ушбу ойда ўз маҳсулотларини янада кўпроқ сотиб, фойда олишни кўзлаганлар.

Водийда ўзига хослиги билан ажралиб турувчи, ҳар Рамазонда иш бошлайдиган Ўшнинг Ифтор бозори бу йил ҳам гавжум.

Аҳоли орасида "Андижон" кўчаси дея номланувчи мавзеъда жойлашган бу бозорда маҳаллий аҳоли, тадбиркорлар ўзлари пишириб, уйда тайёрлаган турли хил озиқ-овқат маҳсулотларини сотадилар.

Унда сабзовотлардан тайёрланган салатлар, гўшт маҳсулотлари, иссиқ нон, қуруқ мева, ширинликлар ва бошқа турли хил пишириқларни ҳарид қилиш мумкин.

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Ўзбекистон, Россия ва Рамазон: Муҳожирлар Исломни ёйишмоқда ёки мусулмонлашаётган Россия

Дунё ва мусулмонлар: Рамазон шукуҳи суратларда

Ислом олами ва Рамазон: Ўзбекистон, Европа ва дунё нигоҳида

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Маҳфуза опа Ғаниева ҳар йили Рамазон ойида Ифтор бозорида савдо қилади. Бугун ҳам у ўзи уйда пиширган гўшт маҳсулотларини бозорга олиб чиққан.

"Рамазон ойига пўстдумба, рулет, ҳасип, ўпка, сигир тили, лиқ-лиқ, қази-қарталар пишириб олиб чиқиб сотаяпман. Бу таомларнинг барчасини кунда янги, тоза мол гўштларидан тайёрлаб, ўзим пишираман", дейди суҳбатдошимиз.

У пиширган қазисининг бир килосини 900 қирғиз сўмига (тақрибан 13$), ўпкаларини 300 сўм (4,29$), пўстдумба, қорин ва сигир тилини эса 600 сўмдан (8,58$) сотмоқда.

Онахон биз билан суҳбатлашар экан, харидорлар у кишини тинч қўймайди. У киши эса, орада эндигина пиширилган иссиқ ўпка ва ҳасибидан ҳам кесиб сотади.

Ифтор бозори

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Шаҳарнинг марказий кўчаси четида жойлашган Ифтор бозори фақат Рамазон ойи мобайнида фаолият кўрсатади.

Қарийб ўн йилдирки амалда, одамларнинг ўз ташаббуслари билан пайдо бўлган.

Бозор ҳар куни ифторлик вақти ёки таъбир жоиз, "оғиз очиш"га 4-5 соат қолганда иш бошлайди.

Бу ердан кунига мингга яқин одам савдо қилади.

Бунга бозорда сотилаётган маҳсулотларнинг чўнтакбоп ва ҳатто уйда пиширилганидан кўра мазалироқ экани сабаб.

Кўпчилик шаҳарликлар шу боис ҳам, ифтор дастурхони учун лозим таомларни худди шу ернинг ўзидан харид қилиб қўя қолишни афзал кўришади. Буни ўзларига эп билишади.

Йўл четидаги пиёдалар йўлагида ёғоч ва темир расталарга маҳсулотларини қўйиб сотаётган савдогарлар харидор чақириб тинмайди.

Иссиқ тандирдан узилган гўштли нон иси бутун мавзеъни қоплайди ва бир зумда қўлма-қўл бўлиб кетади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Тандирда пиширилаётган осма гўштнинг антиқалиги, ёққа қовурилаётган балиқнинг ҳиди эса ҳаридорлар эътиборини тортмай қўймайди.

Ўш шаҳрининг яшовчиси Олимжон Турғунов, Ифтор бозорига набирасини етаклаб, ифторликка егани салат ва нон харид қилгани келган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

"Рўзанинг шарофати билан ҳамма нарса мўл, етарли, ҳаддан зиёд, жуда сероб. Алҳамдулиллоҳ, бу ҳам бўлса Рамазоннинг шарофати. Ҳамманинг юзида ҳурсандчилик, баракат. Мен ҳам набирамни етаклаб, шу ердан у бу нарса харид қилиб, олиб кетай, деб келган жойим. Мана ҳозир салатлардан олиб кетаяпмиз. Ўпка, ҳасип, гўшт дейсизми, ҳамма нарса бор, Алҳамдулиллоҳ", - дея шукрона айтади отахон.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Маҳаллий расмийлар ҳар йили Ифтор бозорини марказий кўчада машиналарнинг ҳаракатланишида тирбандлик пайдо бўлаётгани сабаб, бошқа жойга кўчиришга ҳаракат қилиб келадилар.

Бироқ бозор сотувчилари норозилиги ортидан, улар билан музокалар ўтказилиб, ҳар гал ўз ўрнида қолаверади.

Қирғизистондаги дин эркинлиги

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy

Бу йил Марказий Осиё давлатлари каби, Қирғизистонда ҳам Рамазон ойи ва рўза 6 майда бошланди.

Қирғизистон Мусулмонлар Идораси ҳам бу ҳақда аҳолини расман огоҳлантирган, аммо ойнинг кўринишига қараб, бу сана балки бир кунга фарқ қилиши мумкинлиги ҳақида айтишни ҳам унутмаганди.

Ҳозир мамлакатдаги барча Жомеъ масжидларида таровеҳ намозлари ўқилмоқда.

Ўш шаҳридаги аксарият масжидларда Қуръон кунига бир порадан, баъзиларида эса уч порадан хатм қилинмоқда.

Қўшни давлатлардан фарқли ўлароқ, Қирғизистонда ёш болаларнинг масжидларда жума ва таровеҳ намозларини ўқишлари учун чекловлар йўқ. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда эса ёш болаларнинг масжидларга киришлари назорат остига олинади.

Шунингдек, Ўш шаҳридаги аёллар мадрасаларида ҳам эрталаблари Қуръон хатм қилинмоқда.

Рамазон ойида шаҳарнинг турли мавзеъларида расмийлар ва тадбиркорларнинг хайрия, эҳсон, ифторликлар беришлари бир анъанага айланган.

Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистоннинг қарийб 83 фоизи мусулмон ҳисобланади.

2018 йилнинг сентябридаги расмий маълумотга кўра, республикада 2647та масжид, 107та мадраса ва 2800 имом бор.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek