Ўзбекистон: Маҳкумият хаёлларининг парчаси - Акром Малик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Facebook
Image caption Акром Малик Президент Шавкат Мирзиёевдан "адолат қилиш"ни сўраган.

2016 йил июлидан буён маҳкумликда қолаётган навоийшунос олим ва блогер Акром Маликнинг ҳимоячилари Ўзбекистон Олий Судига назорат тартибидаги шикоят аризаси билан мурожаат қилганлар.

Адвокатлар Фахриддин Мустонов ва Тангриберган Жуманиязовларга кўра, 29 ёшни қаршилаётган Акром Маликни жиноятчи деб аташга асос берувчи бирорта ҳам далил мавжуд эмас ва шу боис у "оқланиши ва реабилитация қилиниши шарт".

Ҳимоячилар шунингдек, Акром Маликка нисбатан жиноят ишини тергов қилишда жиноят-процессуал кодексининг "барча моддалари қўпол тарзда бузилгани" ва маҳкумга нисбатан руҳий ҳамда жисмоний қийноқлар қўлланганини таъкидлашган.

Ўзбекистон қамоқхонасидаги блогер: Акром Малик

Акром Малик: бегуноҳни жиноятчига айлантиришнинг "ўзбекча" усули

Ўзбекистон: Мирзиёевдан навоийшунос олимни озод этиш сўралди

Адвокатларнинг аризаси билан бир вақтда ижтимоий тармоқ ва қатор сайтларда Акром Маликнинг Президент Шавкат Мирзиёевга йўллаган мурожаати ҳам эълон қилинган.

"Менинг ёш умрим, тақдирим ҳукумат аъзоларидан ҳеч кимга қизиқ бўлмаса-да чеккан фарёдларим ва телба ҳайқириқларим ҳукмронларнинг бир тукини ҳам сескантирмаса-да, Сиз, муҳтарам Президент, адолат қиласиз деб ишонаман. Ишонмаганимда бу мактубни ёзмаган бўлардим", деб ёзган Акром Малик 2019 йил, 11 март санаси билан эълон қилинган мурожаатда.

2016 йилнинг 22 июль куни ҳибсга олинган Акром Малик Жиноят Кодексининг 159- ва 244-моддалари билан айбланиб, 6 йилга озодликдан маҳкум этилган.

Ўтган йил 22 августида унинг Навоий вилоятидаги қамоқхонадан Оҳангарондаги 64/9 манзил колониясига ўтказилгани хабар қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати Акром Маликнинг ишини батафсил ёритган.

Акром Малик Алишер Навоий ижодига оид қатор мақола, китоб ва монографиялар муаллифи.

Қуйида унинг шу кунларда қоралаган эссесини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Ҳаёт ва адабиёт

(Маҳкумият хаёлларининг бир парчаси)

"Кўча" қамоқда "озодлик" сўзининг ўрнида ишлатилади. Бошқа қамоқларда қандай - билмайман, аммо ўзбек қамоқларида шунақа. Бунинг изоҳи анча вақтни олгани боис ҳозирча мазкур масалага тўхталмайман.

Хуллас, кўчада юрган вақтларимда кўплаб чаласавод савдойи қаламчилар қатори абсурд оламларда дайдиб юрар эдим. Ҳаётга боғланмаган ҳавойи ва мантиқсиз, стерженсиз гапларни вайсаш одатим ҳам бор эди. Гарчи бу одатни аксар баъзилар каби ҳаёт-мамотимга айлантириб олмаган бўлсам-да, юқтирганимни инкор этмайман.

Қари ва суяги машаққатларда қотган шоирларда ҳаётнинг асл башарасини кўриш ва буни борича тасвирлаш салоҳияти етарли. Лекин ушбу турқ-тароват одамларни чўчитиши, ҳатто, жасоратлантириб, мол ва жонни хатарга солиши мумкинлиги учун улар бу ишни қилишмайди, билъакс, маддоҳлик ва юзаки туйғуларни тутишади. Бу уларнинг оламни, ҳаётни қандай мушоҳада этишлари ҳақидаги ҳақиқатни фош этади.

Ёшларда, фақат уларнинг истеъдодлиларида, бу ҳолдан қониқмаслик ва янги услубларга, қарашларга ташналик сезилади. Лекин аниқ ҳадаф, тиниқ, туйғу ва ёрқин намуна йўқлиги уларни муқаллидга (тақлид қилувчи-таҳр) айланишга мажбурлайди.

Бугун адабиётимизда, бу ҳол наср, назм, драматургия, публицистикага ҳам дахлдор, ғоясизлик ҳукмрон. Муаллифлар шахсий қатъиятга эга бўлмаганлари учун бадиий асарларда нолиш ва заифлик, қобиққа ўралиб олиш нуқсонлари фазилат деб қабул қилиняпти. Тушкунлик изҳори усталик билан ифодаланса, бу санъат ўлароқ кўрилмоқда. Адабиёт маҳорат билан ёзиш чегарасидан бошланади. Бизда эса, адабиёт маҳорат билан ёзиш чегарасида тугаб қолмоқда.

Адабиётимизни эътиқод тарк этгани учун кўтаринки руҳ, идеаллар, шижоат, жасорат тарк этди. Шеърларда мантиқсиз қуюқ ташбеҳлар ёки ўта енгил ва арзон ифодалар беҳад кўпайди; наср эса ғоя, туйғу эмас, услубсиз аҳволга тушди.

Одамларга ҳақиқатни очиб бериб, адолатга чорлаши лозим бўлган адабиёт тирикчилик манбаига айланди. Қудратли Сўз қуролсизлантирилиб, кўча тозалайдиган, полни артадиган фаррош қиёфасига киритилди. Шеър кураш қуроли эмас, деб ҳисоблайдиган заифтабиат шоирларнинг йиғламсираган бақириқлари атрофни эгаллади.

Ҳолбуки, шеър зулм ва ҳақсизликка қарши кўтарилган қилич, қалбларга олов ёқадиган чақмоқдир, ҳаргиз кўзёшни артадиган латта эмас.

Қоронғу зиндонда нурсиз ётаркансан, эшитганинг муттасил ҳақорат, ҳис қилганинг калтакнинг азоби бўлар экан, катта гапирадиган, нолийдиган адабиёт аҳли, то зулм қаршисига ҳақ сўз байроғини кўтариб чиқмагунларича, энсани қотирадиган жавроқи косиб бўлиб кўринаверади.

Акром Малик

2019 йил, 3-май