Ўзбекистон: Андижон воқеаларига 14 йил тўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MAXIM MARMUR
Image caption Гувоҳлар ҳукумат кучлари намойишчиларни ёппасига ўққа тутганини айтишган

Душанба куни Андижондаги қонли воқеаларга 14 йил тўлди.

2005 йилнинг 13 май куни ҳукумат кучлари Андижоннинг марказий Бобур майдонида тўпланган аксари қуролсиз юзлаб намойишчиларни ўққа тутган эди.

Халқаро ташкилотлар Хитойнинг "Тянанмен" майдонидан кейинги энг йирик қирғин, деб тасвирлаган воқеаларда расман 187 киши ҳалок бўлган.

Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Ўзбекистонда кўп нарса ўзгарди, аммо Андижон мавзуси ҳануз табу бўлиб қолмоқда.

11 май куни ҳукумат Андижон воқеалари ортидан блокланган қатор хорижий ва мустақил вебсайтлардан тўсиқларни олиб ташлаган.

Ўтган икки ярим йил мобайнида анча эркинлашган ўзбек матбуоти қонли воқеалар ҳақида ёзмаган.

Ягона истисно шу йилнинг 18 мартида Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматовнинг Qalampir.uz нашрига берган интервьюси бўлди.

Зокиржон Алматов Андижон учун масъулиятни зиммасига олди

Ўзбекистон Олий судида янграган Андижон ҳақиқати

Тошкентда Андижон қирғини қурбонлари хотирланди

Интервьюда Алматов Андижондаги намойишчиларга қарши куч ишлатиш қарорини ҳимоя қилган.

Бунга қўшимча собиқ вазир Андижонда ҳукумат кучлари содир этган амаллар учун шахсан масъул эканини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Qalampir.uz
Image caption Зокиржон Алматов Андижондаги намойишчиларга қарши куч ишлатиш қарорини ҳимоя қилган.

"Ўша пайтда президент топшириғи билан штаб (бошлиғи вазифасини)ни мен бажарганман. Мен ўша ерда ишни ташкил қилганман. Асосий қарорни мен қабул қилганман", - - деган 69 яшар Алматов.

У ҳукумат кучларига ўт очиш ҳақидаги буйруқ ким томонидан берилганини айтмаган.

2005 йилнинг 14 май куни Тошкентдаги матбуот анжуманида президент Ислом Каримов "ҳеч ким отишга буйруқ бермагани"ни айтганди.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Алматовнинг воқеаларда ҳал қилувчи рол ўйнаганини айтишган, ғарб матбуоти уни "Тошкент қассоби" деб атаган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳозирга қадар Андижон воқеалари борасида бирон бир баёнот бермаган.

2017 йил июнида Андижонга сафари чоғида "Андижон воқеаларида мен ичида юрганман, ҳаммасини биламан, ким нима қилганиниям биламан", деган Мирзиёев ҳозирга қадар бу воқеаларга сиёсий баҳо бермаган.

Қонли воқеалар хроникаси

Ҳукумат 2005 йил 13 майида Андижондаги "акромийлар" гуруҳига мансуб террорчилар ҳокимиятни босиб олишга уринганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи DENIS SINYAKOV
Image caption Расман 187 киши ҳалок бўлган

Бир кун аввал "акромийлар" диний оқими мансублари сифатида айбланган андижонлик 23 нафар табдиркор устидан суд ҳукми эълон қилинган, уларни қўллаб-қувватлаган андижонликлар ғазабга келган эди.

13 майга ўтар кечаси шаҳардаги қаттиқ қўриқланадиган қамоқхонага ҳужум уюштирилган ва ораларида 12 нафар тадбиркор ҳам бўлган юзлаб маҳбуслар озод этилган.

Расмийлар маҳкумларнинг бир қисми ҳарбий қисм ва вилоят ички ишлар бошқармасига ҳужум уюштириб, қуролларни қўлга киритганини айтишган.

Кейинроқ қуроллилар вилоят ҳокимияти биносини эгаллаб олади ва ҳокимият олдида стихияли намойиш бошланади.

Намойишда сўзга чиққанлар ижтимоий адолатсизлик ва иқтисодий муаммолар ҳақида гапиришади.

Воқеа жойида бўлган журналистлар куннинг биринчи ярмида ҳокимият вакилларидан бир неча кишининг асир олингани ҳақида хабар беришади.

Тушдан сўнг расмийлар билан музокаралар ҳақида хабарлар кела бошлайди.

Намойишчиларнинг раҳбарлари Россия президенти Владимир Путинга мурожаат қилиб, воситачилик қилишни сўрашади.

Россия томонидан мурожаатга ҳеч қандай жавоб бўлмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images

Намойишчилар орасида президент Каримов келаркан, деган овозалар тарқалади.

Аммо намойишчиларнинг қаршисига расмийлардан ҳеч ким чиқмайди.

Майдон атрофида ҳарбийлар кўринади.

Кечки соат 6 га яқин отишма овозлари эшитилади. Ораларида аёллар ва болалар ҳам бўлган намойишчиларнинг ўққа тутилаётгани ҳақида хабарлар келишни бошлайди.

Ҳокимият биноси ичида бўлган намойишчилар раҳбарларидан бири Би-би-сига ҳукумат қўшинлари ҳеч кимни фарқламай отаётганини айтади. Кейинроқ телефон алоқаси узилади.

14 май куни эрталаб хорижий матбуотга баёнот берган Ислом Каримов намойишчиларни отишга буйруқ бермаганини айтади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи STR
Image caption Андижонликлар Қирғизистон жанубидаги қочқинлар лагерида. Май, 2005

У ҳодисаларда "акромийлар"ни айблайди ва бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлгани ҳақида ғарб ва мустақил оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарларни рад этади.

Президент ғарблик журналистларни воқеаларни олдиндан билганликда айблайди.

Ғарб давлатлари Ўзбекистон ҳукуматининг намойишчиларга қарши ҳаддан ташқари куч ишлатишини қоралашган ва мустақил текширув ўтказишга чақирганлар.

Россия ва Хитой эса Каримовни дастаклаган.

Бунинг ортидан Ўзбекистоннинг Россия билан яқинлашиш жараёни бошланади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SVF2
Image caption Ўнлаб инсонлар воқеаларга алоқадорликда айбланиб, маҳкум этилган

Ўша йилнинг охирида АҚШ ҳарбийлари Қаршидаги Хонобод базасидан чиқариб юборилган.

Ўзбекистон халқаро майдонда яккаланиб қолган.

Европа Иттифоқи Андижон воқеаларига алоқадорлиги айтилган 12 нафар ўзбек ҳукумати мулозимларининг Европага сафар қилишини тақиқлаган, Ўзбекистонга қурол-яроғ эмбаргоси жорий этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи STRINGER
Image caption 2005 йил 14 май кунги матбуот анжуманида Каримов намойишчиларни отишга буйруқ бермаганини айтган

Қирғиндан омон қолган гувоҳлар ҳукумат кучлари олдиндан огоҳлантирмай ва қуролли-қуролсиз, аёл-бола фарқламай отганини айтишган.

Қирғизистонга қочган юзлаб андижонликлар БМТ томонидан учинчи давлатларга кўчирилган.

Андижоннинг ўзида юзлаб одамлар воқеаларга алоқадорликда айбланиб, қамоққа ташланган.

Улардан камида биттасининг қамоқда ўлгани хабар қилинган, яна бир кишининг эса ўтган йили қамоқдан озод этилганини Ҳюман Райтс Уотч тасдиқлаган.

Янада тўлиқроқ хроника учун мана бу ерга босинг

Фото муаллифлик ҳуқуқи MAXIM MARMUR
Image caption Ўзбекистонда Андижон қурбонларини хотирлаш тақиқланган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek