Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман - Туркияда айнан шу ойда новвойхоналарга Рамазон пидеси, деган нон чиқади. Бу нон Тошкентдаги ёпган нонга жудаям ўхшаб кетади. Фақат мазаси эмас. Ҳатто кўриниши ҳам. Мен бир йил мобайнида Рамазон ойини ана шу нон учун ҳам жуда интиқлик билан кутаман. Чунки етти йилдан бери Ватандан узоқдаман. Соғинаман. Негадир, шу нонни еганимда мендаги она юрт соғинчи бироз босилади...

Бу асли ўзбекистонлик, аммо ҳозир Туркиянинг Истанбул шаҳрида докторлик диссертациясини ёқлаш баробарида муаллималик ҳам қилаётган Феруза Шокированинг Рамазон ойида айтаётган дил сўзлари бўлади.

-Рамазон ойида ҳар бир мусулмон мамлакатининг бошқаларига ўхшамайдиган ўз урф-одатлари, анъаналари бор. Лекин она Ватан соғинчи бор. Ҳеч қайси Рамазон ўзининг Ватанида, яқинлари бағрида ўтказилганига тенг келмайди, - дейди у.

Давлатчилиги дунёвий эса-да, аҳолиси қарийб юз миллионга яқинлашиб қолган Туркия Эрон билан бирга Яқин Шарқдаги араб бўлмаган энг катта иккита мусулмон давлатидан биттаси бўлади.

Худди шунинг баробарида Туркия минтақадаги энг ғарблашган мусулмон мамлакати сифатида ҳам кўрилади.

Туркия Ўзбекистон билан икки ўртада виза тизими амал қилмайдиган жаҳоннинг иқтисоди ривожланган саноқли давлатларидан биридир.

Дунё ва ўзбеклар: Ифтор бозори ҳам жойида, болалар ҳам масжидда

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Ўзбекистон, Россия ва Рамазон: Муҳожирлар Исломни ёйишмоқда ёки мусулмонлашаётган Россия

Дунё ва мусулмонлар: Рамазон шукуҳи суратларда

Ислом олами ва Рамазон: Ўзбекистон, Европа ва дунё нигоҳида

Туркия ва ўзбекистонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Бугун Туркия дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар турли юмуш, таҳсил ёки бошқа сабаблар билан муҳожиратга юз тутган тўртта давлатидан биттаси саналади.

Агар, Туркия томонининг ўтган йилги расмий рақамларига таянилса, бу мамлакатда қонуний мақомда яшаб турган ўзбекистонликлар сони ўттиз мингдан ортади. Яна минглабининг меҳнат визаси билан Туркияда эканликлари англашилади.

Аммо, худди шунинг баробарида, Туркияда ноқонуний мавқеъда бўлган катта сондаги ўзбекистонликларнинг борликлари ҳам тахмин қилинади.

Туркиядаги аксарият ўзбекистонликлар ҳам меҳнат муҳожирлари саналишади, улар кўпчилигининг хотин-қизлар эканликлари айтилади.

Суҳбатдошимизга кўра, аввалига Россия, сўнгра АҚШ билан муносабатлардаги совуқликнинг мамлакат иқтисодига бўҳроний таъсири боис, сўнгги йилларда Ўзбекистондан Туркияга меҳнат муҳожирлари оқими камайган.

Аммо, Ферузанинг айтишича, бунинг аксига, президент Шавкат Мирзиёев қудратга келиши ортидан икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг жадаллик билан илиб бориши Ўзбекистондан Туркияга талабалар сонини оширган.

Унга кўра, ҳозир ўзбекистонлик юзлаб талабалар Туркия университетларида таҳсил олишади.

Туркияга турли иш, юмуш илинжида келаётганлари эса, асосан мамлакатнинг уч асосий йирик шаҳри - пойтахт Анқара, Истанбул ва Измирни ўзлари учун афзал билишади.

Туркия, бундан ташқари, дунёнинг энг катта сондаги ўзбекистонликлар ҳам саёҳат ва ҳам тижорат мақсадида йўл солаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.

Жорий пайтда бу икки давлат ўртасидаги авиапарвозлар жаҳоннинг бошқа бирор бир мамлакати билан бўлмаганчалик бир даражада серқатнов экани билан ҳам ажралиб туради.

Рамазон ва ўзбекистонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Туркиянинг ўзида Рамазон ойига бўлган эътибор хос экани боис, у ерда бўлган кўпчилик ўзбекистонликлар ҳам бу ойга бефарқ эмас.

Қай бир юмуш, ишда банд эканликлари, иқтисодий аҳволларининг қандайин эканига қараб, имкон қадар рўза тутишга ҳаракат қилишади.

Бу ойда уй хизматчиси бўлиб ишлаётганларига бироз қийинроқ бўлади, чунки улар кўпроқ хонадон соҳибларининг истак-хоҳишларига қараб иш тутишлари керак бўлади.

Шароитлари кўтарганлари саҳарлик ва ифторликка ош бўладими, сомса ёки мастава, кўпроқ ўзбекча таомлар пиширишга ҳаракат қилишади. Аммо турк овқатларини ҳам назардан қочиришмайди.

Мусофирлик ва муҳожирлик ҳаётига қарамай, чоғроққина бўлса-да, ифторлик дастурхони ёзиш, бир-бирларини чорлашга ҳам ҳаракат қилишади.

Маълум бўлишича, кетма-кет иқтисодий инқирозлар ва турк лирасининг кескин қадрсизланиши боис, сўнгги икки йил ичида Туркияда озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари шундоқ ҳам қарийб икки баробарига қимматлаган.

Худди шу боис ҳам, Рамазон ойида нарх-навода қандайдир ўзгариш бўлгани оддий харидор учун у қадар ҳам сезилмаган.

Ейиш-ичиш анчайин қиммат, аммо тайинли ишингиз бўлса, сизга ҳеч нарса у қадар оғирлик қилмайди, нарх-наволарнинг баландлиги унчалик сезилмайди, бунга шахсан ўзимнинг ҳаётий тажрибам мисол, дейди суҳбатдошимиз.

Фото муаллифлик ҳуқуқи NurPhoto

Унга кўра, бундан ташқари, Туркияда Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархларида турли чегирмалар ҳам қилиб турилади.

- Биргина Истанбул мисолида айтсак, яна маҳаллий ҳокимликлар томонидан катта-катта хайрия ифторлик дастурхонлари ёзилади.

- Бу шаҳарда ифторликкача уйга етиб кела олмасангиз, ҳеч қачон кўчада оч қолмайсиз. Чунки катта бекатларда, майдонларда яна махсус Рамазон контейнерлари ҳам уюштирилади.

- Ифторга улгурмаган одамлар бу контейнерлардан турли таомларни олиб, бемалол таомланиб кетишлари мумкин бўлади, - дейди бизнинг суҳбатдошимиз ҳам.

Маълум бўлишича, Истанбулдаги майдонлар ва одамлар билан гавжум сатҳларда яна Рамазон чодирлари қурилади.

Бу чодирларда Туркиянинг турли хил вилоятларидан келтирилган егуликлар, ашёлар сотилади. Чой, қаҳва ва бошқа турли хил хизматлар бўлади. Истаган киши келиб, бу чодирларда ифторлик қилиши ёки ифторда кейин оила аъзолари билан ҳордиқ чиқариши мумкин бўлади. Бу чодирлар саҳарликкача фаолият юритади, очиқ бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Чодирларнинг ёнида болалар учун турли кўнгилочар дастурлар, катталар учун эса, таровеҳ намозидан кейин ҳатто концертларгача ташкил қилинади.

Маълум бўлишича, Туркияда ҳам худди Қирғизистонда бўлгани каби таровеҳ намозларини ўқишда ёш ва жинс билан боғлиқ ҳеч бир чеклов йўқ.

Рамазон ойида таровеҳ намозлари Туркиядаги барча масжидларда ўқилади ва у ерларга эркак рўзадорлар баробарида аёллар ва болалар ҳам бемалол қўйилади, эмин-эркин тоат-ибодатларини адо этади.

"Имомлар ҳатто болаларнинг масжидларга келишларини ташвиқ ҳам қилишади. Келган болалар эса, рағбатлантирилади. Таровеҳ намозлари жудаям чиройли ўтади", - дейди суҳбатдош.

Туркия ва Рамазон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Унга кўра, турк халқи яна ўзининг хайриясеварлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради.

Туркларнинг бу хислати айнан Рамазон ойида яққол кўзга ташланади, сезилади.

Улар бу ойда фақир ва мискинларга жудаям катта хайриялар қилишади.

Ҳаттоки дўконларга бунинг учун махсус ваучерлар ҳам савдога чиқарилади.

Шаҳар емакхоналарида эса, Рамазон ойида махсус саҳарлик ва ифторлик таомномалари амал қилади. Улар саҳарга қадар рўзадорлар хизматида бўлади.

Худди шу кунларда Туркиянинг Истанбулда жойлашган Гуманитар Ёрдам Жамғармаси ҳам махсус баёнот билан чиққан.

Жамғарма Рамазон ойида Туркия ичкариси ва ташқарисида жаъми 250000 халта озиқ-овқат маҳсулоти тарқатиш режасида эканини айтган.

Бу ҳақда Туркиянинг етакчи "Анадўлу" ахборот агентлиги хабар берган.

Маълум бўлишича, худди шу ой давомида жамғарма ходимлари дунёнинг 120 давлатида иш олиб боришади.

Бу мамлакатлар сирасига Сурия, Яман, Афғонистон, Сомали, Судан, Исроил ишғоли остидаги Ғазо бўлгаси, Мянмар, Шинжон, Бангладеш ва Ироқ ҳам киради.

Жамғарма, бундан ташқари, Рамазон ойида юз минглаб рўзадорни ифторлик таомлари билан таъминламоқчи.

Рамазон Ҳайитида эса, жаҳоннинг қирқдан ортиқ давлатидаги ўн минглаб етим болаларга кийим-кечак ҳам тарқатмоқчи.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek