Ўзбекистон: Гулнора Каримова, Мансур Мақсудий ва Coca-Cola можаросига Мирзиёев қарори алоқаси қандай?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 29 апрелда имзолаган қарорига кўра, 30га яқин компания ва банклардаги давлат ҳиссалари инвесторларга сотилади.

Сотувга қўйилган учта банк, цемент заводи, нефть ва газ, кимё, машинасозлик, озиқ-овқат компаниялари рўйхатидан "Coca-Cola Bottlers Uzbekistan" компанияси ҳам ўрин олган. Ўзбекистон ҳукумати ундаги 57% ҳиссасини хорижий сармоядорларга сотмоқчи.

Аммо, компания узоқ йиллардан бери марҳум Президент Ислом Каримовнинг оиласи, хусусан унинг қизи Гулнора Каримова ва Каримованинг собиқ турмуш ўртоғи Мансур Мақсудийнинг оиласи ўртасидаги тортишувларга сабаб бўлиб келади.

Мақсудийлар оиласи, хусусан ака-ука Фарид ва Мансур Мақсудийлар, "Coca-Cola Bottlers Uzbekistan" компаниясида ҳалиям 55% ҳисса уларга тегишли экани, Гулнора Каримова бу компанияни Ўзбекистон судлари ва бошқарув идоралари ёрдамида тортиб олганини даъво қилишмоқда.

Мазкур компания Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров бошчилигидаги гуруҳ томонидан тортиб олинганини Ўзбекистон Бош прокуратураси 2014 йил 8 сентябрда чиқарган баёнотида қайд қилган. Аммо, бу айблов ортидан компания ҳиссалари ўз эгаларига қайтарилиши борасида маълумот берилмаган.

Бу баёнот ҳозирда Бош Прокуратура веб саҳифасида йўқ.

Айни дамда, Мақсудийлар эътирозига кўра, Президент Мирзиёев уларнинг инвестициясини қайтариш ўрнига қайта бозорга қўйиб, потенциал хорижий инвесторларни чўчитмоқда.

"Coca-Cola Bottlers Uzbekistan" Ўзбекистонда 1992 йилда иш бошлаган ва тезда энг йирик компаниялардан бирига айланган.

Мансур Мақсудий ва "Coca-Cola" компанияси тузган қўшма корхонанинг йиллик савдо айланмаси 1997 йилга келиб 118 миллион доллар бўлган.

Қўшма корхонанинг устида қора булутлар Гулнора Каримова ўзининг 10 йиллик турмуш ўртоғидан ажрашиши ва икки фарзандини АҚШдан олиб чиқиб кетиши ортидан юзага келган.

Баъзи таҳлилчилар Ўзбекистонда бу компаниянинг тез муваффақиятга эришишига ва қатор заводлар очишига айнан Президент оиласига дахлдорлиги сабаб бўлган дейишади. Аммо, Мансур Мақсудий Би-би-сининг бу борадаги саволига жавоб берар экан, ўз бизнесини аҳлоқий олиб борганини айтади.

"Собиқ президентга қариндошлигим менга қўл келмади десам соддалик қилган бўлардим. Аммо, бу қариндошлик асосан ноқонуний талаблар илгари суриши ёки кўнгилдагидек бизнес олиб боришимизга қаршилик қилиши мумкин бўлган порахўр амалдорларни йироқ тутишда кўпроқ қўл келди. Шунингдек, бу оилага қариндош бўлиш бизга каттароқ масъулиятни юклади. Агар собиқ ҳамкасбларимиз ва ишчиларимиз билан гаплашсангиз, биз бизнесимизни ахлоқий йўлда олиб борганимизни кўрасиз. Биз кадрлар ва маҳаллий ишчиларни тайёрлаш билан бирга юқори сифатли истеъмолчилик молларига сармоя киритдик," - дейди Мақсудий.

Би-би-си лавҳаси компания ҳиссадорлари Фарид Мақсудийнинг видео мурожаати ва Мансур Мақсудийнинг ёзма жавоблари асосида тайёрланди.

Би-би-си барча томонлар муносабати учун очиқ.

Имон Каримова: Онам Ўзбекистон ҳукумати билан келишилган шартларни бузмади (янгиланди)

Ислом Каримов ҳаётининг сўнгги кунлари, оила инқирози унинг набираси нигоҳида ...

Ўзбекистон: Каримов қизини ўзининг ўрнига тайёрлаган

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02