Ўзбекистон: Блокланган сайтлар очилгани айтилди, лекин ҳаммаси ҳам очилдими?

Алламжонов Фото муаллифлик ҳуқуқи Socila Media

Ўзбекистонда шу вақтга очилмаётган кўплаб сайтлардан тўсиқлар олиб ташланди. Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов техник камчиликлар бартараф этилганидан сўнг бу сайтлар очила бошлаганини маълум қилди. Бироқ "техник камчиликлар" тўлиқ бартараф этилмаган кўринади.

"Ўрганиш натижасида кўрсатилган веб-ресурсларнинг Ўзбекистонда тўлақонли ишлашларига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланди ва уларни бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрилди. Бугундан эътиборан «Voice of America», «Amerika ovozi», «BBC Uzbek», «Deutsche Welle», «Amnesty International», «Human Rights Watch», «Reporters sans frontieres», «Eurasianet.org», «AsiaTerra», «Fergana Agency», «Centre1», «Uzmetronom» каби веб-ресурслар ва бошқа хорижий веб-сайтлардан тўлиқ фойдаланиш имкони мавжуд бўлади", деб ёзди Комил Алламжонов.

Президент Мирзиёев маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Алламжонов, шунингдек, хориж матбуотини журналист этикасига амал қилишга чақирди.

"Шу билан бирга, биз хориж оммавий ахборот воситалари, умуман журналистлар жамоасини журналист этикаси тамойилларига риоя этишлари, тасдиқланмаган ва ёлғон ахборотлардан фойдаланмасликни, шунингдек, асосланмаган миш-миш ва гумонларни тарқатмасликларини сўраймиз".

Алламжонов баёнотида айнан қайси сайтлар бу каби асосланмаган хабарларни тарқатгани ҳақида ҳеч нарса дейилмаган.

Сайтларнинг блокдан чиқариш хабарини халқаро ташкилот вакиллари ва журналистлар олқиш билан кутиб олди.

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов блокланган сайтларнинг очилишини олдинга ташланган катта қадам деб таърифлади.

"Бугун Ўзбекистонда фикрни эркин айтиш бўйича ишониб бўлмас даражада ўсиш бўлди. Ҳукумат, ниҳоят, танқидий рухдаги сайтлардаги йиллаб давом этган тўсиқларни тугатишини маълум қилди. Агар амалга ошган бўлса, бу олдинга ташланган катта қадам", дейди Стив Свердлов Twitter да.

Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг Матбуот эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир шу йилнинг 17 апрел куни Ўзбекистон ҳукуматидан хабар сайтларини блокдан чиқаришни сўраганди.

У Ўзбекистон ҳукуматини блокланган сайтларга киришни қайта тиклаш ва мамлакатда ахборот олиш ҳамда фикр билдириш эркинлигига алоқадор қонунлар ва ҳуқуқий ҳужжатларни ислоҳ қилишга чақирган эди.

"Чегара билмас мухбирлар" ташкилоти матбуот эркинлиги бўйича чиқарган 2019 йилги баёнотида Ўзбекистонни 180 та давлат ичидан 160-ўринга жойлади.

Икки йил олдин Ўзбекистон 169 - ўринда бўлган, ўтган йили эса 165-ўринда.

Бошқа сайтлар нега очилмади?

Комил Алламжонов Ўзбекистонда тўлақонли ишлашига тўсиқ бўлган техник камчиликлар аниқланиб, "бартараф этиш борасида тегишли чора-тадбирлар кўрил"ганидан сўнг очиб қўйилган 10 дан ортиқ веб саҳифани санаган.

Уларнинг орасида бир неча ойдан бери тўсиқсиз очилаётган BBC Uzbek ҳам бор.

Бироқ Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжоновнинг Facebook даги саҳифасига изоҳ ёзганлар Ўзбекистонда ҳамон ozodlik.org сайти очилмаётганини ёзишган.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Комил Алламжоновдан ўзининг шахсий интернет сайти nurullohuz.com сайти очилмаётгаи ва бу тўсиқ қачон олиб ташланишини сўраган.

Ҳамон очилмаётган сайтлар қаторида мухолифатнинг uzxalqharakati.com веб саҳифаси ҳам борлиги айтилмоқда.

Ўзбекистон ичидаги айрим блогерлар Ўзбекистон ҳамон цензура мавжудлиги ва айрим сайт ҳамда шахсий блоглардан мансабдорларга ёқмайдиган хабарлар олиб ташланаётганини афсус билан ёзишмоқда.

"Сўнгги пайтлар ОАВга таъсир ўтказиш кучаймоқда. Куни кеча бир қатор ОАВ ва блогерларнинг телеграм каналидан бир умумий мавзудаги мақолалари ўчирилди. Кейин эса уларга босим ўтказиб мажбуран ўчиртирилгани хақида тармоқда маълумотлар пайдо бўлди. Бир нималар бўляпти ишқилиб", деб ёзади блогер Нозимджон Сафаров.

Сафаров сайтларнинг блокдан чиқарилгани ҳақида хабар ҳам татимадимагани айтди.

"Чунки ҳаммаси ҳам блокдан чиқмади. Танлаб-танлаб блокдан чиқаришди", дейди у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek