Ўзбекистон: ДХХ Президент Мирзиёев ҳақида китоб чиқараётган журналистни қўлга олди

Саид Абдулазиз Юсуповнинг "Оқ ва қора" кўрсатувидан олинган скриншот Фото муаллифлик ҳуқуқи xabar.uz
Image caption Саид Абдулазиз Юсуповнинг "Оқ ва қора" кўрсатувидан олинган скриншот

10 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарликда гумонланиб ДХХ томонидан қўлга олинди. Журналистнинг яқинлари бу туҳмат эканлигини айтмоқда.

Би-би-сига маълум бўлишича, Саид-Абдулазиз Юсупов Туркияда Президент Шавкат Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: Ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли рус тилида китоб чоп қилаётган бўлган.

"10 май куни эрталаб китобнинг нусхаларини қабул қилиб олганди. Кейин уни юқори лавозимли амалдорлардан бирига кўрсатиш учун олиб кетаётганда, йўлда ДХХ ушлаган", дейди журналистнинг яқинларидан бири.

ДХХ журналистнинг уйида тинтув ўтказган. Юсупов айни дамда Тошкентдаги Гвардейский, деб ном чиқарган ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи courtesy
Image caption Туркияда чоп қилинаётган китоб

Терговни ДХХ тергов бошқармаси бўлинма бошлиғи адлия подполковниги Яхьяев О. Г. олиб бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Саид-Абдулазиз Юсуповнинг ушланганини тасдиқлади.

"Саид-Абдулазиз Юсупов ЖКнинг 168-моддасида кўзда тутилган фирибгарлик фактлари юзасидан ушланган. Юсупов томонидан жуда катта миқдордаги зиённи кўзда тутувчи фирибгарлик фактларининг содир этилганлиги аниқланганлиги нуқтаи назаридан ҳозирда унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилиши масаласи кўрилмоқда. Аниқланишича, бу фирибгарлик ҳолати Юсупов томонидан содир этилган рецидив жиноят ҳисобланади. Аввал ҳам шу модда бўйича жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган", дейди Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова.

Раҳмонованинг қўшимча қилишича, "Юсупов ўзини ДХХ масъул ходими, деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олганлиги фактлари аниқланган".

Юсуповнинг яқинлари қўйилаётган айблар туҳматлигини айтишмоқда.

Саид-Абдулазиз Юсуповни яқиндан билган ҳамкасблари бири Би-би-сига уни сиёсий либераллашув, ҳукумат ва мухолифат ўртасида диалог тарафдори эканини яширмаганини айтди.

Юсупов Ўзбекистондаги кун.уз ва хабар.уз сайтларида блог юритган. У "Оқ ва қора" лойиҳаси муаллифи ҳисобланади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek