Ўзбекистон: Қамалишидан олдин Мирзиёевга мурожаат қилган журналист нималар деди?

Журналист Саид-Абдулазиз Юсупов қўлга олинишидан бир неча ой олдин тасвирга олган Мирзиёевга мурожаати чоп қилинди. 2018 йилнинг 25 сентябрида Туркияда суратга олинган мурожаатда журналист "агар бу кўрсатув интернет тармоғига қўйилган бўлса, муҳтамалан, сиз кўраётган онларда мен ё ҳибсда, ё Ватандан ташқарида, ёки Худо кўрсатмасин, бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўламан", дейди.

10 май куни Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсупов фирибгарликда гумонланиб ДХХ томонидан қўлга олинган эди.

12 май куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди Юсуповга эҳтиёт чораси сифатида 10 кун қамоқда ушлаб туриш ҳақида ажрим чиқарди.

Журналистнинг яқинлари унга қўйилаётган айблар туҳматлигини таъкидламоқда.

Бош прокуратура матбуот котиби Сурайё Раҳмонова нинг Би-би-сига айтишича, "Юсупов ўзини ДХХ масъул ходими, деб билдириб, узоқ вақт давомида фирибгарлик йўли билан одамлардан жуда катта миқдорда пул олганлиги фактлари аниқланган. Аниқланишича, бу фирибгарлик ҳолати Юсупов томонидан содир этилган рецидив жиноят ҳисобланади. Аввал ҳам шу модда бўйича жиноий жавобгарликка тортилганлиги аниқланган".

Facebook да Мuxammad Bahouddin Yusupov cаҳифасига қўйилган видеода Саид-Абдулазиз Юсупов 2018 йилнинг феврал ойида Ички ишлар вазирлиги томонидан унга нисбатан туҳматга асосланиб жиноий иш очилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Muxammad Bahouddin Yusupov
Image caption Журналист Саид Абдулазиз Юсупов мурожаатни Туркияда тасвирга олган

Унинг таъкидлашича, жиноий иш сохта аудио ёзув ва қоғозга чиқариб олинган сохта смслар орқали очилган.

Юсупов унга нисбатан очилган жиноий иш унинг журналистик фаолияти билан боғлиқ бўлганлигини иддоа қилади.

"Фарзандимнинг икки соат давомида мактабда йўқолиб қолиши, мени ўзимни ўзим ҳимоя қилишимдан воз кечишга мажбур қилди. Сўзсиз қўйилган айбловларни қабул қилдим, тан олдиришга мажбур қилишди", дейди у.

Журналист шундай бўлса, Ўзбекистон Президенти имиджига зарра келтирадиган бирорта чиқиш қилмаганини айтган.

Саид-Абдулазиз Юсупов Ўзбекистонда ислоҳотларнинг чала бўлишида махсус гуруҳларни айблаган.

У Шавкат Мирзиёевни диндорлардан қўрқмасликка чақирган.

"Сизга энг катта ҳужумлардан биттаси, бу диний соҳа вакилларининг, айнан диний идорани назарда тутаяпман. Диний идора вакилларининг, хавфсизлик хизмати билан бирга тил бириктириб, диндорларни, хусусан, динни сизга хавф сифатида кўрсатиб қайтадан танитгани бўлди", деган у.

У Президентга юзланиб, реалликдан айрилмасликни сўрайди.

"Бир ожизанинг бошидаги рўмол, бир эркакнинг қўйган соқоли ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Магарамки давлат кучли бўлса, соғлом вужуд ҳеч қачон пашша чақишидан қўрқмайди. Демак, биз носоғлом эканмиз, давлатимиз мустаҳкам эмас эканки, тўртта фуқаросини тўғри йўлга бошлай олмасдан уларга қарши жанг очса".

Фото муаллифлик ҳуқуқи Courtesy

1982 йилда туғилган Саид-Абдулазиз Юсупов Туркияда Президент Шавкат Мирзиёев ҳақида "Янги Ўзбекистон: Ривожланиш стратегияси ва либераллашув" номли рус тилида китоб чоп қилаётган бўлган.

"10 май куни эрталаб китобнинг нусхаларини қабул қилиб олганди. Кейин уни юқори лавозимли амалдорлардан бирига кўрсатиш учун олиб кетаётганда, йўлда ДХХ ушлаган", дейди журналистнинг яқинларидан бири.

ДХХ журналистнинг уйида тинтув ўтказган. Тинтув давомида ишга алоқадор далилий ашё топилмагани тўғрисида баённома тузилган.

Юсупов айни дамда Тошкентдаги Гвардейский, деб ном чиқарган ДХХ ҳибсхонасида сақланаётгани айтилмоқда.

Терговни ДХХ тергов бошқармаси бўлинма бошлиғи адлия подполковниги Яхьяев О. Г. олиб бормоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek