Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз

Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз. Якка ўзимиз эмас, ҳар йил Рамазон ойида болаларимизни ҳам масжидга, таровеҳ намозига олиб чиқамиз. Йўқ, ташвишда эмасмиз...

Асли ўзбекистонлик, аммо узоқ йиллардан буён Лондонда яшаб, ишлайдиган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз бу йил айнан Рамазон ойида Британияда бўй кўрсатаётган хавфсизлик билан боғлиқ жиддий хавотирлар манзарасида худди шу каби фикрларни изҳор этди.

Маълум бўлишича, яқинда Янги Зеландия ва Шри Ланкада кузатилган қонли ҳужумлар бу ердаги айрим мусулмон жамоаларини қўрқитмай қўймаган.

Кетма-кет юз берган бу икки ҳужум ўнлаб мусулмон ва юзлаб насронийларнинг умрларига зомин бўлган.

Ҳар икки қонли ҳодиса ҳам бу йилги Рамазон ойига яқин бир пайтда амалга оширилган.

Бу эса, Британиядаги мусулмонларни айнан ўзлари учун муқаддас бўлган бир ой сабаб, террорчиларнинг ҳужумлари нишонига айланишлари мумкинлигига оид хавотирларга етакламай қўймаган.

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Дунё ва ўзбеклар: Ифтор бозори ҳам жойида, болалар ҳам масжидда

Дунё ва ўзбеклар: Гўшт нархи бир кунда $5 долларга чиқиб кетди

Уларнинг қўрқувларига жавобан полиция Буюк Британия бўйлаб барча масжидларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга киришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Barcroft Media

Масжидлар эшигига қўшимча кўнгиллилар қўриқчиликка қўйилган, кузатув камераларининг сони кўпайтирилган.

Лондон шарқидаги Би-би-си суҳбатлашган айрим мусулмонларнинг айтишларича, ўзлари қолиб, ҳатто, болалари ҳам масжидга чиқишдан ростакамига қўрқиб қолишган.

Масжид хавфсизми, борсак, бизга ҳеч нарса қилмайдими, дея сўрайдиган бўлиб қолишган.

Маҳаллий масъулларга кўра, масжидлар хавфсизлигини кучлироқ таъминлашга киришишар экан, энг кўп эътибор айнан хотин-қиз ва болалар намоз ўқийдиган бўлимларга берилмоқда.

Масжид имомлари ҳам ҳозир намозхонларнинг тинч-омонликларини таъминлаш - ўзларининг бурчлари эканини айтишмоқда.

Улардан бирига кўра, Янги Зеландиядаги мусулмонларга қарши ҳужумдан кейин қарашлари буткул ўзгарган.

Ўзларини бунга ўхшаш зўравонликлар бемалол Британияда ҳам юз бериши мумкин, шундай экан, бунга тайёр туришимиз керак, деган фикрга етаклаган.

Бунинг ортидан, бутун мамлакат бўйлаб террорчилик ҳужумларидан ҳимояланишга қаратилган махсус ўқув семинарлари йўлга қўйилган.

Бу иш 100 та масжид имомига ўргатиш режаси билан бошланган бўлса, уларнинг сони мингдан ортиб кетган. Яна юзлаб имомлар бу семинарларда иштирок этиш истагини билдиришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rob Stothard

Полиция ва масжид имомларининг бу каби саъй-ҳаракатлари ўзининг самарасини бермай қолмаган.

Би-би-си суҳбатлашган айрим муслималар Рамазон ойининг илк кунларида анчайин позитив фикрларни изҳор этишган.

- Жуда кўп хавфсизлик чоралари кўрилаяпти-ку, масжидларимиз хавфсиз бўлиши керак энди.

- Йўқ, масжидга чиқсам керак.

- Бир бўлсак, ҳеч ким бизга бас келолмайди, масжидимиз ҳам тинч бўлади, дейишган.

Худди шу каби фикрлар манзарасида ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ҳам Британия анчайин хавфсиз, мусулмонларнинг сони кўп, бундан ташқари, қурол-яроғ ҳам осонлик билан одамларнинг қўлларига тушиб қолмайди, шундай экан, нимадан хавотирланай, дейди.

Аммо, масъулларга кўра, шунда ҳам, бутун Рамазон ойи давомида Британиядаги барча мсжидларда қўшимча хавсизлик чоралари кучда қолади. Ҳар қандай ҳужум хавфига қарши ҳушёр туришади.

Британия ва мусулмонлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Rob Stothard

Ислом Буюк Британияда иккинчи йирик дин ҳисобланади.

Британия Германия ва Франциядан кейин Европанинг энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи учинчи давлати бўлади.

Расмий ҳисоб-китобларда ҳозир Британиядаги мусулмонларнинг сони уч миллионга яқин экани айтилади.

Бу мусулмонларнинг энг катта фоизи Англияда яшашса, улардан катта қисми айнан Лондоннинг ҳиссасига тўғри келади.

Британияда мазҳаби ва оқимига қараб фарқланса-да, мусулмонларнинг ўнлаб кенгаш, уюшма, жамият ва форумлари амал қилади.

Мусулмонлар мамлакат сиёсатида ўз ўрнига эга, британ парламентида улар сонининг йил сайин ортиб бораётгани кузатилади.

Дейлик, 2017 йилги сайловларда уларнинг сони рекорд даражага етган, 15 нафар мусулмон британ парламентига киришга муваффақ бўлган ва бу маҳаллий матбуотда анчагина шов-шувга ҳам сабаб бўлганди.

Лондоннинг ҳозир амалда бўлган ҳокими Содиқ Хон бу лавозимни эгаллаган биринчи мусулмон сиёсатчиси сифатида Британия тарихига кирган. Содиқ Хон жорий пайтда Ғарбдаги таниқли мусулмон сиёсатчиларидан бири сифатида ҳам эътироф этилади.

Британияда мусулмонлар учун қатор исломий каналлар фаолият юритса, амалда бўлган масжидларнинг сони қарийб икки мингга етади.

Мусулмонлар учун муқаддас саналувчи Рамазон ойи ҳам Британияда алоҳида эътибор топади, Бош вазирдан тортиб, барча йирик партиялар лидерлари мусулмонларга хосан табрик билан чиқишади.

Биргина пойтахт Лондоннинг ўзида ўнлаб ҳалол ресторанлар, емакхоналар ва дўконлар фаолият юритади.

Аммо Британия ва Франция пойтахтлари ўтган бир неча йил ичида саҳна бўлган қатор террорчилик ҳужумлари бу ерда ҳам Исломдан қўрқиш кайфиятини кучайтирмай қўймаган.

Ҳатто расмий рақамлар ҳам охирги пайтларда Британияда мусулмонларга қарши диний нафрат заминидаги турли жиноятлар сони кескин ортганига далолат қилган.

Ўзаро ишончни қайта тиклаш, эътиқодлараро мулоқотларни мустаҳкам тутиш учун масжидлар озмунча заҳмат чекишмаган, устма-уст "очиқ кунлар" ўтказишганди.

Лондон ва ўзбекистонликлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Dan Kitwood

Жорий пайтда Британия пойтахтида турли иш, юмуш ва таҳсилда банд ўзбекистонликларнинг сони бир неча юз экани айтилади.

Сўнгги йилларда Лондоннинг айрим мавзеъларида ўзбекистонлик ўнлаб оилалар яшовчи ўзбек маҳаллалари ҳам пайдо бўлган.

Бу ердаги ўзбекистонликларнинг аксарияти Британияда доимий яшаш ҳуқуқига эга, молия, банк ва ҳуқуқ соҳасида ишлашади.

Бу тоифа ўзбекистонликлардан кейин Лондонда бўлган энг катта сондаги ўзбекистонликларни талабалар ташкил қилишади.

Лондондаги ўзбекистонликлар орасида талабалик визаси билан келиб, кейин шу ерда қолишга муваффақ бўлган, нисбатан оз сонда эса-да, яна ўзининг бизнесини юритаётган ёки турли бошқа юмушларда бандлари ҳам бор.

Ўзи ҳам молия соҳасида фаолият юритувчи суҳбатдошимизнинг айтишича, Лондондаги ўзбекистонликлар ҳам рўза ва Рамазон ойига бефарқ эмас.

Ораларида рўза тутган, ифтор дастурхонлари ёзиб, бир-бирларини ифторликка чорлайдиганлари ҳар йили каттагина сонда топилади.

Уйда ифторлик дастурхонига шўрва бўладими, палов ёки сомса, асосан ўзбек миллий таомларини пишириб тортишади, гоҳида "оғиз очиш" учун ҳалол емакхоналарга ҳам бориб туришади.

Айниқса, рўза ва Рамазон ойи назарда тутилса, Лондон мусулмонлар учун нисбатан қулай шаҳар. Масжидларнинг сони кўп, бундан ташқари, Рамазон ойида Лондонда ҳеч қачон кўчада оч қолмайсиз, шаҳарнинг барча масжидларида текин ифторликлар ташкил қилинади, дейди у.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Barcroft Media

- Аммо бу ерда бир нарса - у ҳам бўлса, нишолда йўқ. Бу ерда Рамазон ойида энг кўп соғинганим - нишолда бўлади. Чунки ҳали бола эканман, мен учун Рамазонни доимо нишолда рамзлантириб келган, дейди кулганча ўзбекистонлик суҳбатдошимиз ўз сўзининг якунида.

Ҳозир дунёнинг қай бир давлатида бўлманг, рўза ва Рамазонни сиз қандай ўтказаяпсиз? Маъқул деб топсангиз, ўз таассуротларингизни биз билан ўртоқлашинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek