Ўзбекистон, Афғонистон ва ИШИД: Таниқли ўзбек қўмондони ўлдирилди. У ким?

Жангрилар Фото муаллифлик ҳуқуқи NOORULLAH SHIRZADA

Ўзбекистон, Афғонистон ва ИШИД: Ўлдирилган таниқли ўзбек қўмондони ким? Куни-кеча яқин-яқингача икки ўзбек жангари гуруҳи фаол бўлган қўшни Афғонистондан олинган хабарлар худди ана шундай саволларни пайдо қилган. "Ал-Қоида" тармоғига алоқаси борлиги айтилган бу қўмондон Афғонистон шарқида уюштирилган ҳаво ҳужумларида ўлдирилган ўзбекистонлик жангарилардан бири сифатида тилга олинмоқда. У ким?

Аммо Афғонистон томони Ўзбек қўмондони ҳақида бундан ортиқ тафсилот бермаган.

Унинг шахси, ёши, айнан қаердан экани, Афғонистонга қандай бориб қолгани, қай бир жангари гуруҳлар сафида, қаерларда жанг қилгани, оиласи бор-йўқлиги ҳақидаги бирор бир маълумот очиқланмаган.

Қўмондон ўтган дам олиш кунларида Афғонистон шарқида уюштирилган ҳаво ҳужумларида ўлдирилган қирқдан ортиқ жангари орасида бўлган.

Ҳаво ҳужумларида Афғонистоннинг Покистон билан бевосита чегарадош Кўнар вилояти нишонга олинган.

Афғонистондаги ИШИД сафларида жанг қилаётган жангариларга зарба берилган.

Маҳаллий масъулларга кўра, ҳалок этилганлар орасида ўзбекистонликларидан ташқари яна Тожикистон ва покистонлик жангарилар ҳам бўлишган.

Аммо улар ўнлаб ўлдирилган жангарилардан аниқ қанчаси ёки нечтаси Марказий осиёлик эканликларини очиқлашмаган.

Кўнардаги ҳаво ҳужумларида ҳалок этилган Ўзбекистон ва тожикистонлик жангариларнинг шахслари ҳақида ҳам бирор бир маълумот берилмаган.

Уларнинг жасадларига нима бўлгани тафсилотлари ҳам шу пайтга қадар маълум эмас.

Бу янгиликка ҳозирча Ўзбекистон томони ҳам бирор бир муносабат билдирмаган.

Эксклюзив: Мирзиёев махсус вакили Тошкент истаги, Толибон ва Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳақида

Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Исломий Жиҳод Иттифоқига нима бўлади?

'Расмий Тошкент ҳануз Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва иттифоқчиларидан хавотирда'ми?

Ўзбекистон Россия таҳдидини яхши билади, Тошкент Москвадан масофа сақлайди

ИШИД, ўзбекистонлик жангарилар ва Афғонистон

Фото муаллифлик ҳуқуқи Patrick Barth

Афғонистондаги ҳаво ҳужумларида ўзбекистонлик жангариларнинг ҳалок этилишганига оид хабар бу яқин ўртада бўй кўрсатмагани билан ҳам аҳамиятли.

Афғонистонда ИШИД сафларида жанг қилган ўзбекистонлик жангарилар аксарияти Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг собиқ аъзолари бўлишади.

Сўнгги янгилик эса, аксарият ҳарбий таҳлилчиларнинг 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган, орада бутун Афғонистон бўйлаб қайта фаоллашишга улгургани айтилган, сўнгра сафлари парчаланган ҳаракатнинг Афғонистонда деярли таназзулга учраганига оид баҳолари манзарасида бўй кўрсатган.

Ҳаракат афғон ва иттифоқ кучлари баробарида ўтган тўрт йил давомида толибларнинг муттасил ва шиддатли ҳужумлари қаршисида қолган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларга кўра, айнан ана шу жанглар Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг Афғонистондаги фаолиятига деярли якун ясаган.

ИШИДга тўлиғича байъат келтирган Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан 2016 йилда ажралиб чиққан ва ўзининг яна Афғонистон Толибон ҳаракатига мойиллигини баён қилган гуруҳнинг тақдири эса, номаълум.

Яна Ўзбекистон Исломий ҳаракати номи остида фаолият юритишини айтган янги ва мустақил бу гуруҳ аъзоларининг сони ва Афғонистоннинг айнан қайси ҳудудларидан бошпана топганликларига оид маълумотлар кенг матбуотга очиқ бўлган бирор бир ҳарбий ёки ноҳарбий манбада имконли эмас.

Кўнар яқин-яқингача Афғонистоннинг ИШИД жангари гуруҳи Хуросон қаноти энг фаол вилоятларидан бир сифатида кўриб келинган.

ИШИД жангари гуруҳининг ҳозирлиги ва фаоллиги билан боғлиқ аҳвол Афғонистондаги АҚШ Кучларининг сўнгги йилларда айнан шу вилоятда давомий ҳаво ҳужумларини йўлга қўйишларига ҳам сабаб бўлган.

Орада кечган вақт давомида бу ҳужумларда ўнлаб ИШИД жангариларининг ўлдирилганликларига оид хабарлар ҳам матбуотда муттасил равишда бўй кўрсатиб келган.

Кўнар Афғонистоннинг ИШИД Хуросон қаноти 2015 йил охирида расман ўзининг Яқин Шарқдаги исломий халифатининг бир қисми деб эълон қилган ва бутун минтақадаги илк FM радиосига ҳам асос солишга муваффақ бўлган шарқий Нангарҳорга бевосита чегарадош вилояти бўлади.

ИШИД ўзининг минтақадаги тармоғига ҳам худди ўша йилнинг бошида айнан Афғонистоннинг шарқий қўшниси Покистонда асос солган.

Покистон АҚШ Кучлари Афғонистонда Толибон тузуми - Исломий Амирлигини қулатган 2001 йилдан буён минтақадаги энг йирик ўзбек жангари гуруҳи - Ўзбекистон Исломий ҳаракати 2015 йилга қадар бошпана топиб келган давлат бўлади.

ИШИД Хуросон қанотига нима бўлди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Сўнгги янгилик манзарасида Би-би-си Афғон хизмати муҳаррири Довуд Аъзамий хорижийлари дохил ҳозир Афғонистонда омон қолган ИШИД жангариларига оид аниқ маълумотлар йўқ, дейди.

"Афғонистонлик масъуллар у ёки бу ҳужумда ИШИД га алоқаси бўлган бунча сондаги Марказий осиёлик жангари ўлдирилди, яна мунчаси ҳибсга олинди, деб айтишади. Улар яна Сурия ва Ироқда ИШИД сафларида жанг қилган айрим Марказий осиёлик жангариларнинг Афғонистонга қайтишганини ҳам иддао қилишади. Аммо бизга ҳеч аниқ рақамларни айтишмайди", - дейди ўзи ҳам Афғонистондаги жангари гуруҳлар фаолиятини яқиндан ёритиб келувчи бу суҳбатдош.

Аммо, унга кўра, ИШИДнинг Афғонистондаги Хуросон қаноати сафларида хорижлик жангариларнинг борлиги бу - факт. Улардан энг катта қисми покистонликларидан кейин Марказий осиёликлари бўлишади".

Довуд Аъзамийнинг айтишича, бундан икки-уч йилча сонлари бир неча мингга нисбат берилган гуруҳ аъзоларидан ҳозирга келиб фақат ўнлаби ҳаёт ва фаолдир.

Ўтган чорак асрча вақт давомида Ўзбекистон Исломий ҳаракатининг ҳамасосчилари ва лидерлари кетма-кет ўлдирилган, гуруҳ томонидан эълон қилинган билдиришномаларда бундан ортиқ тафсилотлар деярли кўзга ташланмаган.

Яқин Шарқда деярли пароканда бўлиб улгурган ИШИД гуруҳи Марказий Осиё давлатларини кўзлаб, Афғонистон шимолига минглаб жангариларини сиздириш ниятида эканига оид Афғонистон ва Россия томонининг сўнгги йилларда кучайиб бораётган хавотир ҳамда огоҳликлари амалда ўзининг исботини топмаган.

Бундан икки йил бурун Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум ҳамасосчиси ва раҳбари Тоҳир Йўлдошнинг ўғли қатор жангарилари билан Афғонистоннинг айнан Марказий Осиё (Туркманистон)га бевосита чегарадош шимолий Жаузжон вилоятининг Дарзоб туманига ўтгани айтилган.

Дарзоб яқин-яқигача ИШИД Хуросон қанотининг Афғонистон шимолидаги таянч нуқтаси сифатида кўриб келинган.

Ўғлининг ИШИД гуруҳи номи остида Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий вилоятларида фаоллашиш ҳаракатида эканига оид хабарлар отаси - Тоҳир Йўлдош ўлимидан қарийб ўн йилча ўтиб ўртага чиққан.

Шимоллик масъуллар Ўзбекистон Исломий ҳаракати марҳум раҳбарининг ўғли Сарипул ва Жаузжон вилояти ўртасидаги минтақаларда катта молиявий имконият билан фаолият бошлаганидан жиддий ташвишларини изҳор этиш даражасига ҳам боришган.

Амм Довуд Аъзамийнинг айтишича, орада толиблар билан кечган шиддатли устма-уст жанглар ортидан Афғонистон шимоли-шарқида ИШИДнинг тарқоқ ҳолдаги саноқли жангарилари омон қолган, ҳудудни тарк этиб, мамлакат шарқига ўтган, маълум сондагиси афғон ҳукумат кучларига таслим бўлган ёки ҳибсга олинган ва ҳозир ҳибсхоналарда қолишмоқда.

Орада ИШИД сафларида жанг қилган бу Маразий осиёлик жангарилардан айримларининг ортга - ўз Ватанларига экстрадиция этилишганига оид хабарлар ҳам олинган.

Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги Экстрадиция тўғрисидаги битим эса, мамлакат мустақиллиги тарихида илк бор 2016 йилда имзоланган.

Марҳум Тоҳир Йўлдош ўғлининг тақдири ҳам ҳали-ҳануз ноаёнлигича қолмоқда.

ИШИДнинг Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқидаги энг муҳим қўмондони сифатида кўрилган ва эътироф этилган Қори Ҳикмат ҳам ўлдирилган.

Омон қолган ИШИД жангарилари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Anadolu Agency

Довуд Аъзамийнинг айтишча, ҳозир ИШИД Хуросон қанотининг ўнлаб аъзолари омон қолган.

Улар асосан Афғонистоннинг бир қанча шарқий вилоятлари - Кўнар, Нангарҳор, яна Нуристон ва Лағмон вилоятларидан бошпана топишган.

Аммо ҳам афғон ҳукумати, ҳам Толибон ва ҳам америкаликлар ҳужуми остида қолишган, ҳар томондан сиқувда эканликлари боис, қайта уюшиш, бўй кўрсатишга имконсиз бир аҳволда, сўнгги лидерлари борасида ҳам аниқ бир маълумот имконли эмас.

Афғонистоннинг аксарияти Марказий Осиёга бевосита чегарадош шимоли-шарқида эса, бир сиқим ва пароканда аҳволдаги жангарилари қолган, холос, дейди суҳбатдош.

"Улар шимолий Жаузжон ва Фарёбда жон сақлаб юришибди. Очиқча фаолият юритишмайди. Қайта уюшиш учун мақбул пайтни кутаётган бўлишлари ҳам мумкин".

Довуд Аъзамийга кўра, ИШИД масаласи яқинда Афғонистон Толибон ҳаракати ва АҚШ ўртасида бўлиб ўтган кўп босқичли тинчлик музокараларида ҳам муҳокама қилинган йирик мавзулардан бири бўлган.

Толибон Америка томонини ИШИД Афғонистонда илдиз отишига умуман йўл қўймасликларига ишонтиришга ҳаракат қилган.

Лекин, суҳбатдошимизга кўра, Ироқ ва Суриядан қайтиши мумкин бўлган жангарилари ҳисобига бугун ҳам ИШИДнинг қайта куч тўплаб, янгитдан бўй кўрсатишига оид хавотирлар йўқ эмас.

Шундай деяркан, Довуд Аъзамий ИШИДнинг бу яқин ўртада жиддий таҳдидга айланишига ишонмаслигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

"Тўғри, ИШИД бир хавф, гуруҳ ҳали-ҳануз жанг олиб боришга қодир, аммо тез орада минтақага таҳдид солажак куч-қудратга етади, деб ўйламайман. Чунки, биринчидан, минтақадаги барча жангари гуруҳлар ИШИДга қарши. Гуруҳнинг минтақада жангари иттифоқчилари, дўстлари йўқ", - дейди у.

Аммо, таҳлилчи суҳбатдошимизга кўра, жозибадор ғояси ҳануз одамларни жалб этишга қодир экани боис, ИШИД яна муайян муддат фаолият, ҳаракатда бўлади.

Лекин, шунга қарамай, минтақа учун назорат қилиш, жиловлаш мумкин бўлган таҳдид, хавфлигича қолади.

"Ҳеч ким улар билан сулҳ музокараларини олиб бормайди, ИШИДнинг ғояси ҳам бунга изн бермайди. Улар фақат Исломий халифатгагина ишонишади ва ягона Амирларини қонуний, деб тан олишади. Бундан ўзга давлатни ҳам, идорани ҳам, шахсни ҳам эмас", - дейди Довуд Аъзамий.

Кўнарда ИШИД сафларида жанг қилган Марказий осиёлик жангариларнинг ҳам ўлдирилганликларига оид хабар гуруҳ лидери Абу Бакр ал-Бағдодий кутилмаган видеомурожаати билан қайта кўриниш берганидан саноқли кунлар ўтиб ўртага чиққан.

Аммо, суҳбатдошимизга кўра, Бағдодийни қайта бўй кўрсатиши бугун бутун дунё бўйлаб заифлашиб қолган гуруҳининг фаолиятида сезиларли таъсирга эга бўлмайди, ҳеч нарсани ўзгартира олмайди.

"Бағдодий ўзининг бу видеоси билан ИШИД сафларига янги жангарилар ёллаш, борларини ҳаммаси жойида эканига ишонтиришга ҳаракат қилиб кўрган бўлиши мумкин. Аммо аввал ҳам айтганимдек, ИШИДнинг жаҳон бўйлаб жангари дўсти, иттифоқчиси йўқ. Худди шу боис ҳам, йирик бир жангари куч сифатида ўртага чиқиши гуруҳ учун осон бўлмайди".

Ўзбекистон Исломий ҳаракати

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Ўзбекистондаги мавжуд тузумни ағдариш ва шаръий тузум ўрнатиш иддаоси билан ташкил топган Ўзбекистон Исломий ҳаракати ўз фаолиятини 90-йиллар бошларидан бошлаб Тожикистон, сўнгра Афғонистонда

Яқин-яқингача Афғонистон ва минтақадаги энг йирик жанггари гуруҳлар саналувчи Толибон ҳаракати, "ал-Қоида" ва "Ҳаққоний" тармоғининг яқин иттифоқчиси саналган ҳаракат 2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига байъат келтирган.

Сўнгги лидери Усмон Ғозий худди ўша йили ўзларининг тўлиғича Афғонистонга қайтганликларини баён қилганди.

Афғонистонда Толибон тузумининг қулатилиши билан якун топган АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ҳарбий амалиётлари ортидан кечган 14 йил давомида гуруҳ асосан Покистоннинг қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасидан бошпана топиб келган.

ИШИДга байъат келтириб, унинг Афғонистондаги Хуросон қанотига қўшилишидан сўнг Ўзбекистон Исломий ҳаракати Афғонистоннинг, айниқса, жанубий Зобул ва шарқий Ғазний вилоятларида анчайин фаол бўлган.

Ҳаракат шов-шувли одам ўғирлаш ҳолларига қўл урган, улардан бирининг бошини танасидан жуда этгани акс этган видеолавҳасини ошкор қилиши ортидан, шундоққина Марказий Осиёнинг биқинидаги Афғонистонга Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг шафқатсиз жанг олиб бориш усуллари кириб келаётганига оид жиддий хавотирларга ҳам асос берганди.

Бунинг ортидан, афғон ҳукумати уларга қарши кенг кўламли қатор ҳарбий амалиётларга қўл урган, орада Афғонистоннинг айни шу икки шарқий вилоятида Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Толибон ўртасида қақшатқич жанглар кечганига оид хабарлар ҳам олинган.

Бунинг ортидан "The Long War Journal" нашрида лидерининг минтақадаги анъанавий иттифоқчиларидан воз кечиш қарори унинг тарафдорлари учун ҳалокатли бўлгани ҳақида мақола ҳам чоп этилган.

"Айнан толиблар билан жанубий Зобул вилоятида кечган жангларда улар мағлубиятга учраган, Ғозийнинг аксарият издошлари ўлдирилган, ўзининг тақдири эса, номаълум: айрим гап-сўзларга кўра, у жанглар маҳали ўлдирилган ва ёки асирга олинган", деб ёзганди нашр.

Фото муаллифлик ҳуқуқи videograb

Ўшандан буён ҳаракат лидери Усмон Ғозийнинг тақдири номаълумлигича қолган, аммо гуруҳнинг инглиз ва араб тилларида битилган ўтган йилги баёноти тафсилотларидан лидери Усмон Ғозийнинг айнан ИШИДга байъат келтириш қарори ортидан, 2015 йил ҳаракат сафларида парчаланиш юз бергани англашилган.

Ўзбекистон Исломий ҳаракати сафларидан яна Толибон ва "ал-Қоида"га тарафдорлик қилувчи ўзаги ажралиб чиққани, уларнинг ҳануз Афғонистонда фаол эканликлари ҳам маълум бўлганди.

Аммо ўзини қайта бошдан Ўзбекистон Исломий ҳаракати, деб номлаган бу гуруҳ худди шу баёнотида янги лидерининг номини очиқламаган, "хавфсизлик нуқтаи назаридан" бундай иш тутишганини билдириш билан кифояланганди, холос.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek