Ўзбекистон: ДХХ яна бир таниқли блогер устидан жиноий иш очди

Жаноб Камина Фото муаллифлик ҳуқуқи Twitter
Image caption Жаноб Камина профили остида таниқли бўлган Обид Ҳалимов

Facebook ва Twitterда Жаноб Камина профили остида таниқли бўлган Обид Ҳалимов ДХХ томонидан қўлга олинди. У жиноят содир этишга уриниш ва божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишда айбланмоқда.

Бош прокуратуранинг Би-би-сига маълум қилишича, Обид Ҳалимов жорий йилнинг 3 май куни Қирғизистонга 813 минг 400 АҚШ доллари олиб чиқиб кетишга уринган вақтда қўлга олинган.

"4 май куни ДХХ Бошқармаси тергов бўлими томонидан унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси ҳамда 182-моддаси 2-қисм "а", "в" бандлари билан жиноят иши қўзғатилди", дейилади матбуот хизмати хабарида.

Обид Ҳалимовни яқиндан танийдиганларнинг айтишича, унда бундай катта миқдорда пул бўлиши мумкин эмас.

"Сўнгги вақтларда молиявий жиҳатдан қийналиб қолган эди", дейди Би-би-си манбаси.

Яқинларининг айтишича, Обид Ҳалимовни қўлга олишда ниқобли орган ходимлари қатнашган ва жараённи видео тасвирга олишган.

Ҳалимов 2018 йил Ўзбекистонга қайтишидан олдин 10 йилдан ортиқ Саудия Арабистонида яшаган.

Ўтган йилнинг 4 октябр куни Ўзбекистонга қайтган Ҳалимов уни ҳеч ким безовта қилмаганини сирли сукунат, деб номлаган эди.

"Тошкентга 4 октябрда келган бўлсам, Камина'ни ҳеч ким безовта қилмади, алҳамдулиллаҳ. Аэропортда, йўлда ва уйда "сен кимсан, нима учун ёки қаердан келдинг?" дейишмади".

У Ўзбекистонга қайтганидан 3 ҳафтадан сўнг 2018 йилнинг 20 октябр куни хавфсизлик идорасига суҳбатга бориб келгани ҳақида пост қолдирган.

Ҳаммаси яхши ўтганини ёзган Жаноб Камина Ўзбекистонни дуо қилишдан чарчаманг деб ёзганди.

"Бутун дунё ўзбекларига мурожаатим шуки, хоҳлаганингизча танқид қилинг, ёмонланг ёки истаганингизча мақтанг, мадҳ этинг. Аммо-лекин, Ўзбекистон ва ўзбекларни дуо қилишдан чарчаманг".

Бироқ кейинчалик у постини ўчириб ташлаган.

Обид Ҳалимов Жаноб Камина ники остида Facebook ва Twitter да фаол бўлган. Асосан диний мавзуларда пост қолдирган.

Facebook да диний қарашлари билан фаол бўлган блогерларнинг турли айблар билан қамалиши илк маротаба учрамаяпти.

Олдинроқ Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ўз фикрларини билдириш учун борган блогерлар Рустамбек Каримов ҳамда Тўлқин Астанов идора раиси ўринбосари Абдулазиз Мансур билан суҳбатлашиб ундан совғага китоб олиб чиққач ушланган эди.

Диний идорада тўполон қилди, деган айб билан 10 суткага қамалган блогерларнинг иши ДХХ ўтказиб юборилган.

Кейинчалик ЎзА давлат хабар агентлиги, Рустам Каримов ва Тўлқин Астановга тегишли мобил телефонлар хотираларида тақиқланган экстремистик ташкилотларга тегишли ва ақидапарстликни ғоялари билан йўғрилган ва уни тарғиб этувчи материаллар топилганини ёзди.

Тўлқин Астанов 11 суткадан сўнг очиқликка чиқди. Бироқ унга нисбатан жиноий иш тўхтатилмагани айтилмоқда.

Рустам Каримовнинг тақдири борасида ҳозирча бошқа нарса маълум эмас.

ДХХ томонидан айбловларда катта маблағ кўрсатилиши илк маротаба учраётгани йўқ.

2018 йилнинг сентябр ойида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситалари ДХХ Юнусобод туман ҳокими Бахтиёр Абдусаматовни 400 минг доллар пора олаётганида қўлга олгани ҳақида хабарлар билан тўлиб тошган эди.

ДХХ томонидан ҳокимга нисбатан қўйилган 400 минг доллар пора олиш айби судда ўз исботини топмаган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди Юнусобод туман собиқ ҳокими Бахтиёр Абдусаматов 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) бўйича айбдор деб топди.

Унга нисбатан 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek