Россия, Рамазон ва Шерали: Аллоҳ йўлига ҳар куни бир қозон ош тарқатаман

Москвадаги Мемориал масжиди шу кунларда ҳар қачонгидан гавжум.

Рамазон чодири тадбирлари ўтказилаётган бу майдонда юзлаб ўзбекистонликларни учратиш мумкин.

Самарқандлик Шерали Ашуров билан ҳам шу ерда танишиб, суҳбатга тортдик.

У масжид ҳовлисидаги ўнлаб муҳожирларга ифторлик тарқатиш билан банд экан.

Ўша ерда билдикки, Шерали улашаётган ошни уйидан келтираяпти.

- Ўтган йили 10 кун тарқата олгандик. Бу йил ҳар куни уйда бир қозон ош қилиб, ош етмаганларга тарқатаяпмиз. Кўп эмас, 30 порция. Аммо чин кўнгилдан, Аллоҳ йўлига дея ҳаракат қилаяпмиз, - дейди Шерали.

Рўза, Рамазон ва ўзбекистонлик: Масжидга чиқишдан қўрқмаймиз

Дунё ва ўзбеклар: Ҳар Рамазон Тошкент ёпган нонини эслайман

Дунё ва ўзбеклар: Ифтор бозори ҳам жойида, болалар ҳам масжидда

Унинг айтишича, Москвада оиласи билан яшаб ишлайди. Аёли уйда 3 фарзанд тарбияси билан банд, ўзи эса сартарош-стилист. У ҳар йили Рамазон ойида рўза тутиш билан бирга эҳсон оши тарқатишни одат қилган.

Шерали Ашуров 15 йил аввал муҳожирликка келиб, ишини қурилишдан бошлаган.

Ўша пайтларда Самарқандда ўрганиб келган хунари - сартарошлик бор эди.

Аммо Москва муҳитига мослашиш учун бир оз вақт ва тажриба керак бўлди.

Шу боис Шерали ишлаш билан бирга ўз йўналиши бўйича тажрибасини ошира борди.

Шу тариқа универсал уста бўлиб етишди ва пойтахтда ўз ўрнини топа билди.

- Икки ўғлим шу масжидга қатнайди, илм олаяпти. Ўзим ҳам ҳар жума кунини дам олиш куни деб белгилаганман, намозга келаман. Шунинг учун эҳсонни шу ерда тарқатиш бизга қулайроқ бўлди, - дейди Шерали.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek