Ўзбекистон ва атом: Аҳоли орасида ядро технологиялари борасида тушунтириш олиб борилади - Ўзатом

Image caption Росатом давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвга кўра, жамоатчилик фикри муҳим.

Пойтахтдаги Ўзэкспомарказда Oil and Gas Uzbekistan 2019 (Нефть ва Газ Ўзбекистон) 23-халқаро кўргазма ва конференцияси ҳамда Power Uzbekistan 2019 (Энергетика, энергияни тежаш, атом энергияси, муқобил энергия манбалари) 14-халқаро кўргазмаси иш бошлади.

Шу билан бирга, Атом энергиясини ривожлантириш - Ўзатом агентлиги биносида Россиянинг Росатом давлат корпорацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Атом технологиялари бўйича Ахборот марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатлашган Ўзатом агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов мазкур марказнинг аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди.

«Бу марказни ташкил этишдан мақсад, нафақат қуриладиган атом электр станцияси бўйича маълумот бериш, балки, умуман, атом энергетикасига тааллуқли… ёш боладан тортиб мутахассисгача тинчлик маълумотларини етказиш, тушунтириш ҳамда ядровий технологиялар бўйича маълумотларни тақдим қилиш, ўргатиш... яъни бутун аҳолимизга, оммага шу нарсани тўғри етказиш, тўғри тушунтириш мақсадида [ушбу марказ] ташкил этилди,» дейди жаноб Мирзамаҳмудов.

Image caption Ўзатом агентлиги бош директори Жўрабек Мирзамаҳмудов атом ҳақидаги аҳоли билимини ошириш муҳимлигини айтади.

Шунингдек, Ахборот марказининг очилиш маросимида сўз олган Росатом давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёвга кўра, мазкур марказ Ўзбекистонда қурилиши режалаштирилган илк атом электр станциясининг ҳаётга татбиқ қилиш жараёнидаги муҳим қисмдир.

"Ишончимиз комилки, ҳар қандай давлатда атом инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантириш жамиятнинг катта қисми томонидан қўллаб-қувватланиши лозим. Жамият дастагини шакллантиришдаги асосий роль эса тушунтириш-тарғибот ишларига боғлиқ. Атом технологиялари бўйича ахборот маркази айнан шу мақсадда ташкил этилмоқда," изоҳлайди жаноб Лихачёв.

1986 йил 26 апрел, Чернобил: Одамлар ҳалокат асоратларидан ҳамон қўрқадилар

Ўзбекистонда АЭС: "Мамлакатда ядровий чиқиндилар қолиши Орол фожиасидан катта фалокат бўлади"

‘Ўзбекистон атом электростанциясини қуришни режалаётгани йўқ’

Мирзиёев Каримов ва Назарбоевдан ҳам “ўзиб кетдими”?

Бундан ташқари, жаноб Лихачёв Ўзекспомарказда бўлиб ўтган халқаро кўргазмалар очилиш маросимида ҳам сўзга чиқиб, Россия Федерацияси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда барпо этилиши режалаштирилаётган атом электр станциясига тааллуқли фикрларни билдириб ўтди.

"Бу [тадбирлар] ўзбек ҳамкорларни атом электр станцияси қурилишини локализация қилишга жалб этиш, атом блокларини яратиш ишларида ўз ичига хавфсизликнинг энг замонавий тизимлари ва, албатта, ушбу лойиҳанинг ижтимоий ҳамда иқтисодий жиҳатларини қамраб олган Росатомга тегишли илғор технологияларни қўллаш, шунингдек, энергетика хавфсизлиги соҳасида Россиянинг юксак технологияларидан фойдаланиш механизмларининг кенгайтмасидир," сўзлайди Алексей Лихачёв.

Image caption Конференцияда 30дан ошиқ мамлакат компаниялари иштирок этмоқда.

Oil and Gas Uzbekistan 2019 ва Power Uzbekistan 2019 халқаро кўргазмалари 17 майга қадар давом этади.

Расмий маълумотларда айтилишича, халқаро кўргазма ва конференцияларда 31 мамлакатнинг 300 дан зиёд компаниялари иштирок этмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek